Бухоро вилояти Ғиждувон туманида оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги нишонланди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Республика адабий анжуманида сўзга чиққан атоқли шоир ва адабиётшунослар Усмон Носирнинг қайноқ ижоди ва фожиали тақдири ҳақида сўзлаб бердилар.
Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёрлари ижросида намойиш этилган “Усмон Носир” драмасидан парча меҳмонлар ва иштирокчиларга манзур бўлди.
Истеъдодли шоир Усмон Носир 1912 йил 13 ноябрда Наманган шаҳрида дунёга келган. Унинг илк шеърлари мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ матбуотда кўрина бошлаган эди. Шоирнинг “Қуёш билан суҳбат” (1932), “Сафарбар сатрлар” (1932), “Тракторобод” (1934), “Юрак” (1935), “Меҳрим” (1936) каби шеърий тўпламлари, “Норбўта” ва “Нахшон” достонлари нашр қилинган.
Усмон Носир шеърияти ҳаётийлиги, жозибадорлиги ва исёнкорлиги, айни чоқда, содда ва равонлиги билан китобхон қалбидан чуқур ўрин олган. Ижодкорнинг таржима соҳасидаги хизмати ҳам бебаҳодир. Унинг таржимасида Пушкиннинг “Боқчасарой фонтани”, Лермонтовнинг “Демон” (“Иблис”) достонлари ўзбек китобхонларининг қалбига етиб борган.
Қатағон даврининг қурбонларидан бири Усмон Носир ёш умрини шўро лагерларида азоб-уқубатда ўтказиб, тутқунликда 1944 йили вафот этган.