Туркиянинг Шонлиурфа вилоятидаги ўзбеклар ифторлик уюштирмоқдалар

Туркиянинг Шонлиурфа вилояти Жейланпинар ноҳиясида яшовчи ўзбеклар ҳар куни ифторлик дастурхонида йиғилмоқдалар. Шонлиурфалик ўзбек Муҳаммад Амин Қаҳрамоннинг айтишича, Эврен паша қишлоғида ҳар куни 200 кишилик ифторлик дастурхони уюштирилмоқда. Бир кун ош, бир кун шўрва ва бошқа ўзбекона таомлар ифторлик дастурхонини безамоқда. Ифторликдан сўнг хуфтон ва таровиҳ намозлари адо этилмоқда.

Ҳозирда Туркиянинг Шонлиурфа вилоятида 2000, Хатай вилоятида 10000, Анқарада 3000 нафар ўзбеклар истиқомат қилади. Улар 20-30-йилларда Ўзбекистондан Афғонистонга кўчиб кетган ватандошларимизнинг авлодларидир. Ўтган асрнинг 80-йилларида Афғонистондаги ўзбекларнинг баъзилари Туркияга кўчишган эди. Улар ана шу ҳудудларда ерлашишган.

Муҳаммад Амин Қаҳрамон Туркияда туғилган бўлишига қарамай, ўзбек тилида равон гапиради. Унинг аждодлари Сурхондарёнинг Шўрчисидан бўлиб, авлодлар ҳалигача эски ўзбек лаҳжасида гаплашишади. Муҳаммад Амин Қаҳрамоннинг айтишича, Туркиядаги ёш ўзбекларнинг аксарияти замонавий ўзбекча ўқиш ва ёзишни билмайди, лекин қарийб 70 фоизи ўзбек тилида гаплашади. Қишлоқдаги барча ватандошларимиз каби унинг энг катта орзуларидан бири — Ватанни кўриб келиш.