Туркиянинг 2022 йилда туризм бўйича режалари ошкор қилинди

Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой “А Haber” теледастури жонли эфирида соҳадаги бугунги ҳолат ва яқин истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди.

Қайд этилишича, 2019 йилда Туркия тахминан 51,7 миллион сайёҳни қабул қилди. Пандемия сабабли сайёҳлар сони 16 миллион нафарга қисқарди.

“Туристлар сони дунёда бўйича ўртача 80 фоизга қисқарган бўлса, биз 68 фоиз қисқаришга дуч келдик. 2020 йилда 29 миллион сайёҳ келиб, 24 миллиард даромад келтирди. 2022 йил учун туризмдан 35 миллиард доллар даромад олишни мақсад қилганмиз”, – дейди Меҳмет Нури Эрсой.

Пандемия даврида санъатнинг бошқа йўналишлари қаторида кино саноати ҳам ёрдамга муҳтож ҳолга келди.

“2021 йилда биз 95 миллион лирали ёрдам кўрсатдик. Янги кино лойиҳалари ва суратга олиш ишларига тахминан 49-50 миллион лира ҳисса қўшдик. Кинотеатр залларига 16 миллион лира атрофида нақд ёрдам бердик. Кино билан боғлиқ маданий тадбирларга тахминан 29 миллион лирали ҳисса қўшдик. Биз 2021 йилда кино саноатига жами 95 миллион лира ёрдам кўрсатдик. Биз 2022 йилда ҳам қўллаб-қувватлашимизни давом эттирамиз”, – дейди Туркия вазири.

Вазир М.Н.Эрсой тарихий қазималар ҳамда чет элга олиб кетилган экспонатлар масаласига ҳам тўхталган. Маълум қилинишича,  чет элга ноқонуний олиб кетилган 8 мингдан ортиқ экспонатнинг Туркияга олиб келинишини таъминланди. Бу кўрсаткич яна ортиши кутилмоқда.

Туризм бўйича ҳали фойдаланилмаган имкониятлар талайгина, жумладан, соғломлаштириш истиқболли ва кўп даромадли соҳа саналади.

“Биз соғломлаштириш туризмидан 10% улуш олишни мақсад қилганмиз. Касалликлар сони кўп эди, лекин биз ҳеч кимни йўлакда қолдирмадик, барчани даволашни ўз зиммамизга олдик. Туркия инқирозсиз ўтган давлатлардан бири. Бу ҳам биз учун ижобий тажриба бўлди. Туркиянинг ҳам сармоявий “иштаҳа”си, ҳам салоҳияти бор”, – дейди маданият ва туризм вазири.

М.Н.Эрсой соҳани ривожлантиришда ўзгариш ва янгиликлардан қўрқмаслик кераклигини ҳам урғулаган.

“Туризмни ривожлантириш агентлиги брендингда муҳим роль ўйнайди. Туркиянинг туризм салоҳияти жуда юқори. Тарихда илк марта у аниқ мақсадга мувофиқ дастурлаштирилади ва стратегиялар аниқланади. Президентимиз туризмни стратегик соҳа деб эълон қилган эди. Мақсадга эришиш учун қўлимиздан нима келса, босқичма-босқич амалга ошириб келяпмиз. Қоидалар катта омилдек туюлади, лекин ундай эмас. Биз ҳам аҳоли жон бошига даромадимизни оширмоқчимиз, лекин таниқли “марка” бўлиб, муносиб ўринга эришишга ҳаракат қиляпмиз”, – деб хулоса қилади Туркия вазири.

Шу мавзудаги мақолалар:

“Турк дунёси маданият пойтахти” 2022 йилда қандай тадбирларга мезбонлик қилади? 04.01.2022

Меҳмет Нури Эрсой: “Инсониятнинг энг ҳайратомуз драма ва фожиалари турк дунёсида яширин”. 15.11.2021

Пандемияга қарамай, Туркия туризмни ривожлантира олди. Муваффақият сири нимада? 23.11.2021