Туркиялик таниқли пианиночи Тулуйхон Уғурлу Тошкентда концерт берди

Туркиялик таниқли бастакор ва пианиночи Тулуйхон Уғурлу 30 октябрь куни Тошкентда концерт берди.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг катта залида ўтказилган маърифий кечада халқаро ташкилотлар вакиллари, дипломатлар, санъат ва мусиқа муҳиблари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулода ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр бастакор ва пианино устаси Тулуйхон Уғурлу яратган асарлари орқали Туркиянинг беқиёс санъатини дунёга танитаётганини таъкидлади.

“Тулуйхон Уғурлу Туркия Республикасининг 100 йиллиги арафасида яратган “Қуёшли ўлка Онадўли” композициясини ота юртимиз бўлмиш Ўзбекистонда ижро этаётгани биз учун ҳам, санъаткор учун ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга”, – деди турк дипломати.

Тулуйхон Уғурлу ҳам ўзбекистонлик санъати ихлосмандлари билан учрашиб турганидан мамнун эканини изҳор қилди.

Санъаткор концерт давомида “Онадўлидан таралган нур”, “Онадўли тамаддунининг тамал тоши”, “Усмонийлар: адолат, шафқат ва қудрат”, “Мустафо Камол Отатурк ва Туркия Республикаси” каби асарларини ижро этди.

Дунёга машҳур пианиночининг куйлари ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари томонидан юксак баҳоланди.

Атоқли санъаткорнинг концерти Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм бўлими томонидан ташкил этилди.

Тулуйхон Уғурлу юртимизга ташрифи давомида Cамарқандни ҳам зиёрат қилди. 

Тулуйхон Уғурлу 4 ёшида фортепиано чалишни ўрганган. 7 ёшида “Даҳо болалар” танловида ғолиб чиққан.  Истанбул консерваторияси ва Вена мусиқа академиясини тамомлаган. Дунёнинг турли мамлакатларида концерт берган. “Муқаддас китобдан оятлар”, “Дунё пойтахти Истанбул”, “Оқденгиз” каби ўнлаб альбомлари билан мусиқа шинавандалари қалбидан ўрин олган.

С.Салим