Нурали Қобул. Нурота камалаги (Мармар воҳа) (1984)

Санъаткорнинг мармар ёрдамида безак бериб бунёд этган биноларини ёзувчининг халҳқа манзур бўлган романи билан таққослаш мумкин.

Гюго

Районим Нурота тоғлар ораси,
Отим Эргаш Жуманбулбул боласи…

Чўл бағридаги чаман — Навоий шаҳрини тарк этиб, бепоён яйловлар ва тоғлар оша эртакларда мадҳ этилган турнакўз булоқлар маскани Нуротага кириб борар экансиз, ўзбек совет адабиётида илк бор доҳий Ленин образини яратган ўзбек совет фольклорининг асосчиларидан бири, халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбулнинг юқоридаги сатрлари ёдга тушади. Бу сатрларни ўқий бошлаганимда ҳамроҳимиз Шукур Нурбоевнинг кўзи ёшланди. Юраклари тўлқинланиб кетди. Ҳозир область телевидение ва радиоэшиттириш давлат комитетининг раиси бўлиб ишлаётган бу камсуқум йигит машҳур халқ оқинининг невараси. Бобоси ҳақидаги ҳеч бир сўзни ҳаяжонсиз тинглай олмайди.

— Халқ бахшисининг шу сўзлари район чегарасига ёзиб қўйилса яхши бўлар экан-а, — учрашганда фикр билдирдик Нурота район партия комитетининг биринчи секретарига.

— Кишилар қалбига бориб етмайдиган, энсани қотирадиган анча-мунча шоирлардан воз кечишимиз керак. Одамларни бир зум бўлса-да ўйлантирадиган, юрагини тўлқинлантирадиган сўзлар ва шиорларгина тарғибот-ташвиқот ишларимизда асқотади, — бизни қўллаб-қувватлайди секретари.

Шу тариқа жаҳонга ўзининг бебаҳо мармари ва қоракўли (Бухоро қоракўлининг асосий қисми ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам Нуротада етиштирилади) билан машҳур Нуротага сафаримиз бошланади. Қўйчилик ва мармар ҳақида гап кетаркан беихтиёр ёдга шу район партия комитетининг собиқ биринчи секретари, ҳозирда Навоий область партия комитетининг иккинчи секретари бўлиб ишлаётган, чўпон фарзанди Ҳожиқул Худойқуловнинг сўзлари ёдга тушади.

— Дунёда иккита мутлақо чиқитсиз ишлаб чиқариш соҳаси бор. Бу қўйчилик билан мармар. Қўйнинг жунидан тортиб қийигача фойдаланганимиздек, мармарнинг ушоғигача ишлатилади. Шунинг учун ҳам Шарқда чўпон касбидан бахт топганда ва фарзанди қўлидан олганда таёғини ўпади. Биз эса халқимиз фаровонлиги, юртимиз равнағига хизмат қилаётган бу мармар тоғлар ва сахий табиатга қанчалик яхшилик қилсак ҳам оз.

Иттифоқимизнинг қаерида мармар ҳақида гап кетмасин беихтиёр камалакранг Ғозғон мармари тилга олинади. Дарвоқе, бугунги кунда муҳташам Кремль Съездлар саройидан тортиб Прага метросигача (Московская станцияси) сайқал топаётган Ғозғон мармарига талаб кун сайин ортиб бормоқда. Мутахассислар фикрича бундай ранг-баранг мармар дунёнинг ҳеч бир бурчагида йўқ. Запаси бўйича ҳам Ғозғон мармари дунёда биринчи ўринда туради.

…Минг тўққиз юз ўттиз тўртинчи йилда инженер Я. Лук томонидан ишга туширилиб, илк бор Москва метроси учун маҳсулот берган Ғозғон мармарининг тарихи ўтмиш халқ сангтарошлиги ва меъморчилигига бориб туташади. Негадир бу сеҳрли воҳада илк бор ёки биринчи деган сўзга тез-тез дуч келасиз. Биринчи ўзбек совет ҳайкалтароши ғозғонлик уста Абдураҳим Турдиев шогирди Абдулла Ҳайитов билан илк бор доҳий Ленин образини яратиб Туркистон ҳукуматига совға қилди. Ўрта Осиёда сангтарошликни олий санъат даражасига кўтара олган бу тенгсиз халқ устаси инқилобдан бурун ҳам диний хурофот ва ақидаларга қарши ўлароқ тоштарошлик санъатининг бетакрор намуналарини яратди. Уста ўзини амир ва беклардан олиб қочиб, оддий халққа керакли бўлган буюмлар ясашни ҳаётнинг мазмуни деб билди.

Босмачилар биринчилар қаторида Шўролар тарафига ўтиб кетган халқ орасида машҳур устани кечира олмадилар. Ярим тунда Абдураҳим ота уйига бостириб келган жаллодлар унинг қўл-оёғини боғлаб ҳушидан кетгунга қадар дўппослашди. Бироқ, улар шу билан кифояланишмади. Ярим йўлдан қайтиб келиб, милтиқ қўндоғи билан унинг ҳамма тишини уриб синдиришди. Уста неча кун ҳушсиз ётганини билмайди. Воқеадан хабар топган қўшниси келиб унинг юзига сув сепиб, ўзига келтиради ва қўл-оёқларини ечади.

Эндиликда халқ фахри ва ифтихорига айланган, уста Абдураҳим Турдиев қўлидан сайқал топган Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса меъморлик ансамбли ва Алишер Навоий номидаги Ўзбек Давлат Катта опера ва балет театрининг муҳташам бинолари ўлмас санъат ва эзгуликнинг рамзи бўлиб қад кўтариб турибди.

Ғозғон қишлоғидаги қадимий ҳовузга сув мармардан ишланган шер бошидан кириб, балиқ оғзидан чиқиб кетади. Ленинград сафаридан сўнг уста яратган бу асарлар ўзининг бетакрорлиги билан кишини мафтун этади. Асарда шердек меҳнат қилиб, балиқдек дам оламан деган ибратли халқ ибораси ўз аксини топган.

Ўтмишда ва ҳозирда ҳам Кашкан тоғидан нафис буюмлар ясашга қулай юпқа мармар олинган. Бу ноёб мармардан ҳар хил товоқлар, болалар ўйинчоқлари ва хотин-қизлар учун безаклар ясалган. Бу анъанани эндиликда тиклаш ва муваффақиятли давом эттириш учун барча имкониятлар бор. Фақат мутасадди ўртоқларда истак ва жонбозлик етишмай турибди.

Ҳозирги кунда Бухоро тарихи музейининг фондида сақланаётган беш юздан ортиқ антиқа мармар лаганлар, сандал устига қўйиладиган махсус мослама, қувур ва ғаройиб тарновлар сангтарош, наққош, машҳур халқ устаси Абдураҳим Турдиев ижодини чуқур ўрганиш, унинг хотирасини абадийлаштиришимиз кераклигини тақозо этади.

Ғозғон қишлоғида ўнинчи аср архитектурасининг ажойиб намунаси Шоҳимардон ота мақбара — мачитини кўрганда авлодлар ақл-заковати ва меҳнатига таҳсин ўқийсан киши. Бу Ўрта Осиёда Мавритания усулида қурилган илк меъморчилик обидасидир. Жуда йирик мармар устунларга мутаносиб равоқ ва пештоқлар… Ўрта Осиёда бу усулда қурилган яна бир обида Самарқанд областининг Советобод районидаги Араб ота ансамблидир. Мармар бўлакларини бириктириш учун ўтмиш халқ усталари жинчкон дея аталгувчи алебастрнинг антиқа бир турини қўллашган. Тошкентдаги қатор биноларга қопланган мармар бўлаклари икки-уч йил ўтмай кўчиб тушяпти ёки мармар бўлакларининг туташтирилган жойидан оқиб чиққан суюқликдан оппоқ мармар хира тортиб қоляпти. Мутахассисларимиз жинчконнинг таркибини ўрганиб чиқиб, Бухоро ва Самарқанд обидаларини таъмирлаш ишида ва янги қурилишларда қўлласалар фойдадан холи бўлмас…

Уста Абдураҳим Турдиев Шоҳимардон ота обидасини бир неча бор реставрация қилиб, қўшимча каптарлар уя қурадиган пештоқлар ясайди. Бироқ бу бебаҳо ёдгорликнинг бугунги аҳволи ачинарлидир. Нурота район партия комитетининг ташаббуси билан Шоҳимардон ота ансамбли базасида Ғозғон мармари тарихи музейини ташкил этиш масаласи кўтарилиб, дастлабки ишлар амалга оширилганди. «Навоиймармар» ташкилоти бўйсунадиган Ўзбекистон ССР саноат қурилиши материаллари министрлигида бу ибратли мақсад учун 175 минг сўм маблағ ажратилиб, республика Маданият министрлигига тақдим этилганди. Сен солар, мен солар, отга емни ким солар, деганларидек икки министрлик ўртасидаги иш ўлда-жўлда қолиб кетди. Меъморлик обидаси эса усталаримизнинг ҳаётбахш қўлини кутиб ярим вайрона ҳолида ётибди.

— Буюк ипак йўлининг Карманадан кейинги манзилгоҳи бўлган Ғозғон қишлоғининг ўзи ўрта аср қишлоқларининг бугунги кунгача етиб келган ғаройиб намўнасидир. Бундай музеш-қишлоқлар Шарқда борган сари камайиб боряпти. Қизиғи шундаки, бу атрофда мармардан бошқа тош йўқ. Шунинг учун қишлоқ кишилари азал-азалдан қурилишда мармар чиқиндиларини ёки бошқа жинслар аралашган ярим мармар тошларни ишлатишган. Шу тариқа узоқ аср мобайнида бу ерда оппоқ мармар қишлоқ бунёдга келган. Бу антиқа қишлоқни бемалол туристик маршрутга киритиш мумкин. Бу масала ҳам бир кўтарилган эди. Бироқ, Шоҳимардон ансамблини таъминлаш муаммоси муаммолигича қолиб кетганлиги туфайли бу иш ҳам сувга чўккан тошдек ўз-ўзидан тинчиб кетди.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоиздир. Аллақачон Ғозғон қишлоғида ранг-баранг мармардан ёдгорлик совғалари ишлаб чиқарадиган цех ташкил этиш керак. Бу иш билан фақат қишлоқ мактабининг ўқитувчиси Эркин Абдуллаев бошлиқ ўқувчи-сангтарошлар шуғулланишади. Мактаб қошида ташкил этилган мўъжазгина музей бу соҳада кенг миқёсда иш олиб бориш мумкинлигини, ёш сангтарошлар фаолиятини халқ учун ғоят зарур бўлган мақсадларга йўналтириш кераклигини тақозо этади. Лекин бу иш билан на республика, на область ва на район ташкилоти жиддий шуғулланяпти.

Эрамизнинг бошларидаёқ Ўрта Осиёда — илк бор Нуротада коризлар қазила бошланган. Бу ерда жами 363 та кориз бўлиб, ҳар бир коризда 100—250 тагача қудуқ бўлган. Бир-бирига туташган бу қудуқлардан ўша пайтда халқ деҳқончилигига етгулик даражада сув оққан. (Ҳозир Нуротада сув йўқлиги учун бутун бошли районда деҳқончилик қилинмайди). 1960 йилга қадар бу коризларнинг энг сўнггилари тозаланиб, уларнинг сувидан фойдаланиларди. Эндиги кунга келиб эса ўша 363 кориздан фақат биттаси — ташландиқ ҳолдаги Калтакориздангина жилдираб сув оқиб турибди. Қурилганига қарийб минг йилдан ошган, Шарқда суғориш санъати, деҳқончилик маданиятининг ноёб намунаси бўлган бу обидани муҳофазага олиш, асраб-авайлаш, уни авлодлар учун сақлашни ҳеч ким ўйлаб кўрмаётир. Район Совети ижроия комитети областнинг «Навоийдренаж» трестига 810 метр узунликдаги Калтакоризни реконструкция қилиб, ундан фойдаланишга кўмак беришни сўраб хат ёзди. Бироқ, ҳали «Навоийдренаж»дан ҳеч қандай садо бўлмаётир. Уни реконструкция қилиб фойдаланиш масаланинг бир томони. Энг муҳими — Калтакориз суғориш санъатининг ноёб иншооти. Унинг теварак-атрофини махсус девор билан ўраб, ибратли меҳнат ва санъат кошонасига айлантириш ҳақида ўйлаш керак. Тезда бу ишга киришилмас экан, Калтакоризнинг суви қуриб, кўмилиб кетиши ҳеч гап эмас.

Искандар Зулқарнайн босқинчиларининг изи қолган Нур қалъаси Мовароуннаҳр тарихининг зарҳал саҳифаларини ташкил этади. Ғоят бой ва серунум Зарафшон воҳаси, яъни Сўғд ҳамда Бухоро ерларининг теварак-атрофи тоғлар билан қуршалган. Бу афсонавий диёрга ўтмишда икки томондан — Жиззах шаҳри яқинидаги Темурланг дарвозаси (халқда Илонўтти ҳам дейилади) ва Нурота орқали кирилган. Искандар ҳам Сўғдга Нурота тизма тоғлари орқали кириб келган ва коризлар қурилишида халққа кўмак берган. Шунинг учун ҳам бу ердаги бир неча кориз Искандар лашкарбошилари — Мери, Алпухори, Кўнчи номлари билан юритилади. Зулқарнайн коризини бевосита унинг ўзи бош бўлиб қурдирган дейишади.

Ўтрордан сўнг Нур қалъасига ҳужум қилган Чингизхон ҳам бу жаннатмакон ерда дам олиб, ўзига келгандан сўнг Самарқанд ва Бухорога ҳужум бошлаган.

Нур қалъаси ўртасида ҳукмдор яшайдиган Арк бўлган. Қалъа атрофи пишиқ лойдан қилинган қалин ғиштин девор билан ўралган. Бу қалъани забт этиш доимо душман қўшинлари учун қимматга тушган. Қалъа этагидаги ғоят серсув чашма Нуротани обиҳаёт билан таъминловчи асосий манба бўлган.

Ўзбекистон Маданият министрлигининг маданий ёдгорликларни консервациялаш ва реставрация қилиш, лойиҳа-қидирув илмий-текшириш институти ходимлари олиб борган илмий тадқиҳот ишларидан сўнг «Чашма ва арк» тарихий меъморчилик қўриқхонасини ташкил этиш масаласини кўтариб чиқдилар ва лойиҳа ҳужжатларини тайёрладилар. Меъморчилик қўриҳхонаси фақат сайёҳлар ташриф буюрадиган жой бўлмайди. Унинг территорияси ободонлаштирилиб, шарқона бозор ва ҳунармандчилик расталари, доривор ўтлар билан харид қилувчи дўконлар, чойхона ҳамда шарқона ресторан қурилади. Беш минг томошабинга мўлжалланган «Наврўз» амфитеатрида халқ сайиллари ва турли спорт мусобақалари ўтказилади. (Бундай амфитеатр Зулқарнайн даврида ҳам бўлган.) Чашма бўйидаги Чилустун ва Гумбаз мачитларида ўлкашунос ҳамда хадқ амалий санъати музейлари фаолият кўрсатади. Меҳмонлар истасалар шинам меҳмонхонада ёки ўтовларда яшашлари, ҳордиқ чиқаришлари мумкин. Бироқ, бу хайрли тадбир ҳамон қоғозда қолиб кетаётир… Бунинг учун жон куйдирадиган кишилар етишмаяпти шекилли.

Бироқ Нуротанинг шон-шарафи бўлган Ғозғон мармари проблемаси бугунги куннинг бош масаласи бўлиб турибди. Бугунги кунда «Навоиймармар» номи билан юритилувчи бу йирик корхонага қарашли Ғозғон, Нурота ва Оқтов карьерлари ҳар йили истеъмолчиларга 20 минг кубометр тайёр мармар блокларини етказиб бераётир. Совет Иттифоқининг ўнлаб марказий шаҳарларидаги қурилнш объектлари йилига 60 минг тонна мармар ушоқларини олмоқда.

Корхона бошлиғи Нуриддин Эгамов ташкилот маъмурий биносидаги мўъжазгина музейда ярқираб турган тўққиз хил мармар плитасини кўрсатар экан, «Италия ва Германия Федератив республикасидан келган мутахассислар бизнинг мармарни кўриб ҳайратдан ёқа ушладилар», дейди. Эътибор бериб кузатилса, Ғозғон мармарида учрамайдиган рангнинг ўзи йўқ. Нурота карьеридан эса Италиянинг машҳур оқ мармари билан беллаша оладиган оппоқ мармар олинаётир. Ғозғон ва Нурота мармарига эҳтиёж борган сари кучайиб боряпти. Эгамовнинг иш столи устидаги телеграммаларни ўқигунча чарчаб кетасиз.

«Москва. 143/902 Ғозғон. Шартномадаги блокларни тезда жўнатинг. Ишга тушириладиган станцияда нш тўхтаб қолди.

Метромрамор. Цюпка.»

«Витебск. 15/4972 наряд бўйича келишилган мармар ушоқларини жўнатинг. Озиқ-овқат программаси объектларида иш тўхтаб қолади.

Унинчи қурилиш трести».

«Тошкент. «Наваимрамор»га, «Олтойпромстройматериалов»га 15/4985 наряд бўйича икки вагон мармар ушоғи юборинг.

Узминстройматериалов. Воробьёв».

«Тўқмоқ. Қирғизистон ССР. Ғозғон. Эгамовга. Мармар блокларини кутяпмиз. Иш тўхтаб қолиш хавфи бор.

«Тўқмоқстройматериал». Бабаков».

Бундай телеграммаларнинг кети узилмайди. Мармарчиларнинг эса қўли қўлига тегмайди. Йилига 20 минг кубометр мармар блоклари ва 60 минг тонна мармар ушоғини автотранспортда Навоий шаҳрига етказиб, ундан вагонларга ортиб тегишли адресларга жўнатишнинг ўзи бўлмайди.

Хўш, бу ерда меҳнат қандай ташкил этилган? Ишлаб чиқариш жараёни қай йўсинда? Меҳнатни ташкил этиш партия қўяётган далаблар даражасидами? Ишчиларнинг унумли меҳнат қилиши учун қандай шароитлар яратилган? Фан ва техника ютуқларидан ўринли ва самарали фойдаланиляптими? Корхонани замонавий асбоб-ускуналар билан реконструкция қилиш масаласи қалай?

Булар ҳақида корхона бош инженери, ўз ишининг билимдони Абдумажид Абдурашидовнинг ҳикоясини тинглаш мароқли.

— Дунёда энг катта мармар кони ҳисобланган Ғозғонда мармар қатламлари ер текислигига нисбатан 35 градус қияликда жойлашган. Шунинг учун бу ерда тош кесиш машиналаридан фойдаланишнинг иложи йўқ. Мен Италиянинг Каррара тоғларидаги мармар конларида бўлгандим. Улар шахта усулида мармарни ёғдек қилиб сим арқонлар билан кесиб олишяпти. Сим арқонларни биз ҳам синаб кўрдик. Бўлмади. Бизда мармар қатламлари орасида тупроқ ва бошқа тоғ жинслари кўп учрайди. Олимларимиз етказиб бераётган техникалар хорижлик ҳамкасбларимизники билан беллаша олади.

Мармарни асосий массадан ажратиб олишда ишлатиладиган суюқлик қозиғи (НРС), КМ—26 қурилмаси ва 25 тоннагача юк кўтарадиган ўзиюрар кранлар меҳнатимизни енгил қилаётир. Москвадаги Бутуниттифоқ қурилиш материаллари ва хом ашё илмий-тадқиқот институти олимлари тавсия этган портламайдиган, кенгаядиган қоришма — НРС бизга жуда қўл келаётир. Бу суюқлик маълум нормада сув билан аралаштирилиб, пармаланган чуқурчаларга қуйилади. Беш соат чамаси вақт ўтгач, унинг таъсир кучи бошланади. Жараён 48 соат давом этади. Бу моддадан ҳаво температураси 25 градусгача бўлганда фойдаланиш мумкин. Иссиқ пайтда қўлланилса, модда ён томонга кенгаймай портлаб, отилиб чиқиб кетади. Ҳозиргача тажриба яхши натижа беряпти. Шу кунгача беш тонна шу моддадан олдик, яна 1200 килограмм жўнатишди. Лекин бизга кўпроқ керак. Акс ҳолда эффект айтарли бўлмайди. Бизнингча, шу ихтиро ўзини оқлади. Эндиликда уни фақат лабораторияларда тайёрламай, заводини қуриш керак. Бу моддадан нафақат кон саноатида, жуда кўп соҳаларда самарали фойдаланиш мумкин.

Шу институт бизга жадал қазиш дастгоҳини ҳам етказиб бериши керак (конструктор В. М. Струнин). Сифатли пармалаш, мармар бўлагини асосий массадан ажратишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки яхши пармаланган массада майда, кўзга кўринмас ёриқлар пайдо бўлмайди. Бизда ҳозир пармаловчилар кечаси ишлай олмайди. Бу аппаратга программа бериб, қўйилса бўлди, кечаю кундуз ишлайверади. Фақат техника назорати яхши йўлга қўйилиши керак. Италиялик ҳамкасбларимиздан харид қилган Бенетти ва Пеллигрини кранлари ҳам жуда бизбоп.

Костромада ишлаб чиқарилган СМР—014 станоги (олмос диски Бельгияники) яхши фойдаланилса бир кунда минг квадрат метр тош кесади. Бизга ана шундай замонавий станоклар керак. Заводимизда Тошкент тажриба механика заводида ишлаб чиқарилган КРС—5 тош кесиш станоги ҳамон ишлаб турибди. Фан ва техника тараққиёти шу даражага етган бугунги кунда бундай ибтидоий станоклардан фойдаланишга уяласан киши. Заводга ташриф буюрган меҳмонларга бу станокларни кўрсатиш ҳам ноқулай. Лекин бизга ҳамон худди шу станокдан олишга мажбур қиладиган ўртоқлар министрлигимизда йўқ эмас. Агар яна шу ҳол юз берадиган бўлса меҳнат унумдорлиги ҳақида оғиз очмаса ҳам бўлади.

Дарвоқе, Ғозғон мармарчиларининг дарди кўп. 1977 йилдаёқ Ғозғонда карьерлар ишини яхшилаш ва кенгайтириш учун қарийб уч миллион сўмлик проект-смета ҳужжатлари тайёрланганди. Ленинграддаги тегишли институтлар томонидан батафсил ўрганилиб тайёрланган бу ҳужжатда Ғозғон мармарининг порлоқ истиқболи белгилаб берилган. Шундан сўнг институт Нурота карьеридан ҳам илмий-амалий фойдаланишнинг ҳужжатларини тайёрлаш СССР ва Ўзбекистон ССР саноат қурилиши материаллари министрликлари томонидан маблағ ажратилмаётганлиги туфайли бу истиқболли режа амалга ошмай турибди. Корхона ҳар йили 1.125 минг сўм соф фойда беради. Яқинда ажратилган 220 минг сўм маблағга қурилиш ишларини бажарадиган, ишни сифатли уддалайднган қурилиш ташкилотини топиш ҳам бир муаммо бўлиб турибди.

Беш минг киши истиқомат қиладиган мармарчилар шаҳарчаси, мана, неча йилдирки, табиий газ келишини кутади. Агар Ғозғонга газ олиб келинса, бу ерда Ўрта Осиёда энг сифатли оҳак берувчи завод қуриш имкони туғилади.

1970 йилдан бошлаб Нурота карьери ғоят танқис оқ мармар бера бошлади. Сутдек оппоқ бу мармар жаҳон бозорида қиммат туради. Ғозғон мактаби анъаналари асосида очилган Нурота карьерида дастлаб мармар ушоқлари ишлаб чиқарадиган тегирмон қурилди. 1972 йилдан бошлаб эса блоклар бера бошлади. Нурота мармарининг яроқли плита чиқариш коэффициенти юксак. Бошқа мармарларга қараганда қаттиқ бўлганлиги туфайли ҳар қандай таъсирларга чидамли. Таркибида темир моддаси кам бўлганлиги учун у «зангламайди», яъни ёриқлар пайдо бўлмайди. Бу мармарнинг ўзига хос яна бир томони шундаки, у ўзидан қуёш нурини ўтказади, шу билан биргаликда қуёш нурини тўсади. Лекин қоронғилик ҳосил қилмайди. Карьерда йилига 3200 метр куб аъло сифатли оқ мармар блоки ишлаб чиқарилмоқда. 42 минг тонна мармар ушоқлари тайёрланаётир. 1979 йили Нурота мармарига Давлат сифат белгиси берилди. Шу карьернинг филиали ҳисобланган Қорамўла карьерида икки миллион кубометр мармар разведка қилинди. Перспективада 7800 кубометрли Оқтов карьери бор. Бу ҳам жуда сифатли оқ мармар. Оқтов карьерини фойдаланишга топшириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб турибди. Нурота карьерида ниҳоятда оғир иш — мармар бўлакларини асосий массадан ажратиб олиш қўлда бажарилади. Техника кучидан фойдаланишни йўлга қўйиш, карьерни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашга ажратилган катта миқдордаги пул министрлик ҳисобидан банкка келиб тушмаётганлиги туфайли бу борада ҳеч бир силжиш рўй бермаётир.

— Корхонани аллақачон ўз ҳисоб-китобига эга хўжалик ҳисобидаги ташкилотга айлантириш керак эди, — дейди Нурота карьерининг бошлиғи коммунист Шоди Фозилов. — Ғозғон карьерининг соясида қолиб кетяпмиз. Ҳар томонлама ёрдамга муҳтожмиз. Пулимиз йўқ. Бизга қурилиш участкаси керак. Қорамўлада ушоқ ишлаб чиқарувчи тегирмон қуришимиз керак. Ишлаб чиқариш жараёнини кўрдингиз. Эски усулда ишлаяпмиз. Министрликдан эса фақат «Фалон адресга фалон тонна мармар юборинг» деган кўрсатма келади.

— Ҳозир биз ишлаётган тегирмонни зудлик билан бошқа жойга кўчириш керак. Сабаби — тегирмон район марказининг шундоққина биқинида. Одамлар соғлигини ўйлашимиз керак, — суҳбатга қўшилади цех партия ташкилотининг секретари Раҳмат Остонов.

— Яна бир ёқа ушлайдиган воқеа, — куйиб-пишиб сўзлайди Шоди Фозилов. — Илгари Ғозғонда корхонамизнинг ўз қурилиш участкаси бўлиб, бизнинг карьерда ҳам унинг филиали бор эди. Эҳтиёжлар ҳисобга олиниб, энг зарур ишлар бажарилар ва шунга яраша ҳақ тўланарди. Биз ишнинг қай йўсинда боришидан кўз-қулоқ эдик. Сифатсизлик ва сусткашликка йўл қўйилмасди. Кимнингдир «доно» фикри билан бу қурилиш участкаси Самарқанддаги 11-механизациялашган кўчма колонна ҳисобига ўтказилди. Бу кўчма колоннанинг вакили илгари бу ерга ҳафтада бир келса, ҳозир ойда бир келади. Шунда ҳам ишни жонлантириш, муаммоларни ҳал қилиш учун эмас, қўйнинг қатиғини ичиб, дам олиб кетиш учун келишади. Бошқа область марказидаги ташкилот ўз участкасини назорат қилиш имкониятига эга эмас. Участка корхонага бўйсунганда жуда кўп иш қилинган бўларди. Ҳозир эса ишнинг на боши, на охири бор. Ана шу қурилиш участкаси қайтиб «Навоиймармар» корхонасига олиб берилса бизнинг қурилиш ва ободончилик ишларимизда силжиш бўларди.

— Бу воҳанинг келажаги, биз орзиқиб кутаётган эзгу ишлардан бири — Нуротага темир йўл келтирилишидир. Бу масала билан деярли барча бўғиндаги область, республика ва Иттифоқ ташкилотлари шуғулланаётир. Бироқ, бу шуғулланиш жуда чўзилиб кетяпти, — дейди «Навоиймармар» корхонаси партия ташкилотининг секретари Шоди Назаров. — Биласизми, агар Нуротага темир йўл келса нафақат мармарнинг таннархи арзонлашади, ваҳоланки бутун воҳанинг халқ хўжалигида катта ўзгаришлар юз беради. Бир тонна юкни ортиш, тушириш ва ташишга 4 сўм 19 тийин тўлаймиз. Бир йилда транспорт харажати учун жами 800 минг сўм тўланади. Агар шу юк темир йўлда ташилса бор-йўғи 167 минг сўм сарфланади. Кимга фойдаю кимга зиён. Ўттиз беш километрли бу йўлнинг қурилиши Томди ва Нурота районлари экономикасининг ривожига ижобий туртки бўларди. Томди районининг айрим хўжаликларига 300 километр йўл босиб, автомобилда юк ташилади. Агар темир йўл қурилса бу масофа жуда қисқарарди.

— Мен қирқ йилдан буён шу корханада ишлайман, — дейди Республикада хизмат кўрсатган бинокор Саттор Қаҳҳоров. — Маҳсулотимизнинг 53 процентини Тошкент областидаги Ғазалкент заводига жўнатамиз. Ўзимиздаги заводни кенгайтириб, Ғазалкентда амалга ошириладиган ишни сарф-харажатни камайтирган ҳолда шу ерда бажариш мумкин-ку. Шундай қилинса давлатимизга қанча фойдали бўларди. Бунинг учун фақат сув масаласини ҳал қилиш керак. Навоий шаҳридан сув келтиришнинг ҳисоб-китобини қилиб кетишганди. Лекин ҳамон натижа бўлмаётир. Кончиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Бизда ёз кунлари қуёш ҳарорати эллик градусгача кўтарилади. Шунда мармартошлар саксон градусгача қизиб кетади. Лекин барибир ишлаш, графикни бажариш керак. Бизга қўшимча ҳақ тўлашади. Бироқ бу озлик қилади.

Юқорида қайд этилган проблемалар Иттифоқимиздаги ўнлаб чинни заводларини маҳсулот билан таъминлайдиган Нурота тоғидаги Лангар кон бошқармасига ҳам тааллуқлидир. Бу корхона эзилган дала шпатидан чинни тайёрлашда ишлатиладиган хом ашё етказиб беради. Йилига корхона 2.720 минг сўмлик маҳсулот беради. Москва, Ленинград, Украина, Белоруссия ва Қозоғистоннинг йирик саноат корхоналари лангарлик кончилардан маҳсулот олишади.

— 1982 йилда СССР Госпланининг таклифига мувофиқ министрлигимиз саноат объектлари учун 13,5 минг сўм, уй-жой қурилиши учун 2,5 минг сўм ажратган эди. Бу ишни бажариш «Самарқандхимстрой» трести зиммасига юкланган эди. Эндиликда биз Навоий областига қараймиз. Навоийда эса бу профилдаги қурилиш ташкилоти йўқ. 3,5 минг сўмлик заводдан ифлосланиб чиққан сувни тозалайдиган объект қурилиши мудом кечиктирилаётир. Заводдан оқиб чиқаётган оҳакли сув табиатга зиён етказмоқда. Фойдаланишга мутлақо яроқсиз бўлиб қолган станок ва асбоб-ускуналарни ишлатишга мажбур бўляпмиз. Бу гранит дегани мармардан ҳам қаттиқ бўлади. Транспорт етишмайди. Иттифоқ министрлигимизга бориб арз-додимизни айтганимизда министр ўринбосаридан «овозингни пасайтир!» деган жавоб олдик, — дейди ўкиниб кон бошқармаси директори Қўзибой Ирисқулов.

Қўзибой ака билан суҳбатда яна бир нарса маълум бўлдики, Лангар маҳсулоти СССР территориясидаги йигирма тўрт саноат корхонасига жўнатилар экан-у, коннинг шундоққина биқинидаги Самарқанд чинни заводи шу хом ашёдан ололмас экан. Мутахассислар фикрича бу хом ашё Самарқанд чиннисининг сифатини бузар эмиш. Бу хулосага ишонмаган чиннисозлар 60 тонна хом ашёни олиб бориб, синаб кўришибди. Натижа кутилгандан ҳам зиёда бўлиб чиқибди… Дарҳақиқат, бир пайтлар ёзилган қоғозларни асос қилиб олмасдан изланиш, завод ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш учун асқатадиган қулай имкониятлардан фойдаланмаслик кимга керак?..

Бу камалакранг диёрда ўз ҳалол меҳнати билан Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшаётган, эл орасида чин обрўга сазовар бўлган Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Норбой Эргашев, Муҳадомад Ботиров, Эргаш Сафаров, область Советининг депутати Шариф Саломов, Ҳасан Муҳаммадиев, Раҳим Субхонов, Шариф Жўраев, Жалол Халилов ва Шамсиддин Кенжаевлар ҳақли равишда Нуротанинг фахридир. Касби оддий бу кишиларнинг қалби мармар жилосидек гўзал.

Бу саҳоватли воҳа нечун бу қадар бебаҳо мармарга бой? Ўрта Осиё территорияси бундан миллион йиллар бурун Тетис океани бўлган. Бу мармартошлар эса ўша сув остидаги ётқизиқлардир. Бу ётқизиқлар чўкиш ва катта босим натижасида мармарга айланган. Сўнгра магма (Вулқон ҳаракати) ҳаракати натижасида мармар қатламлари ёрилиб турли қалинликда гранит ва диаритга ўхшаган инструктив (ички) жинслар ер юзасига чиқиб қолган.

Яна шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, мармар кўчада ётган оддий тош эмас. Бу қимматбаҳо маҳсулот чиқитидан кишилар меъёридан ортиқча фойдаланяптилар. Бу ўринда «Навоиймармар» раҳбарлари тегишли чора-тадбирларни кўришлари, мармарнинг талон-торож бўлишига йўл қўймасликлари керак. Блокларнинг сифатига ҳам эътиборни кучайтириш керак. Тошкент қурилишларида ишлатиладиган мармарлар икки-уч йилда ёрилиб, бинолар ремонтталаб бўлмоқда. Бу яна юқоридаги масала — замонавий станокларда мармар кесишни йўлга қўйишга бориб тақалади.

Халқимизда оққан ариқ оқади, деган нақл бор. Ўтмишда ҳам ўзининг меъморчилиги, суғориш маданияти ва бетакрор қоракўли билан юрт равнақини таъминлаган Нурота меҳнаткашлари Партия XXVI съезди ва кейинги Пленумлар қарорларини ҳаётга тадбиқ этиш борасида ғайрат кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар.

Одатда тоғ кишилари кўтарилган чўққилари ҳақида сўзлаб ўтирмайдилар. Олдиндаги чўққилар сари бориш керак.

— Районимизда деҳқон йўқ, деҳқончилик йўқ, — дейди афсус билан Мунаввара Қурбонова, — сабаб — сув йўқ. Дуч келган ердан артезиан қудуғи қазийвериш эса табиатнинг энидан олиб бўйига ямагандек гап. Шундай қилсак булоқларимиз қуриб қолади. Нуротада жами еттита катта булоқ ва элликдан ортиқ майда булоқлар бор. Биз бу обиҳаёт манбаларини кўз қорачиғидек асрашимиз керак. Бутун бошли районнинг ҳаёт манбаи шу булоқларга бориб туташган. Яйловларни бойитиш масаласида ҳам кўп ишлар қилишимиз керак. Қоракўлчиликни ривожлантиришнинг муҳим омили бўлган ёвшан ва изензорларни асраб-авайлашимиз керак. Халқнинг турмуш даражасини, кишиларимизнинг маънавий дунёсини, КПСС Марказий Комитети июнь Пленуми алоҳида таъкидлаганидек, янги инсонни тарбиялаш борасида жуда кўп ишлар қилишимиз керак. Шифохоналаримиз, мактабларимиз ва мактабгача тарбия муассасаларимизнинг моддий базаси камбағал. Республика соғлиқни сақлаш ва маориф министрликлари бизга етарли ёрдам беришмаётир…

Ҳал қилиниши кердк бўлган проблемалар бошида Аградаги Бобурийлар қурган Тож-Маҳал ансамблидан тортиб, Ленин Марказий музейининг Тошкент филиали, қардош Вьетнам халқининг улуғ фарзанди Хо Ши Мин мавзолейи, Москва ва Тошкент метролари сайқал топган, топаётган камалакранг Ғозғон мармарини ишлаб чиқаришни ҳозирги кун талаби даражасига кўтариш муаммоси турибди. Шундай қилинганда бугунги авлодлар меҳнати ва санъатининг рамзи бўлган мармарнусха бинолар янада кўркам ва сержило бўлиб, ҳақиқий санъат даражасига кўтарилади.