Туркия сайёҳлик бўйича дунёнинг учинчи давлати бўлади…ми?

Туркия жаҳон туризм бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда. Мамлакат Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига қараганда, 2016 йилнинг 11 ойида Туркияга 24 миллиондан ошиқ сайёҳ келган. Демак, бу кўрсаткич 2015 йилдагидан 30,8 фоизга ошган. Жаҳонда эса Туркия сайёҳларни жалб этиш бўйича Франция, АҚШ, Испания, Хитой ва Италиядан кейин олтинчи ўринда бормоқда. Аммо мазкур кўрсаткич мамлакат раҳбариятини қониқтирмаяпти. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон режасига кўра, Туркия яқин муддатда бу борада сайёрамизнинг учинчи давлати бўлиши лозим.

 Ражаб Тоййиб Эрдўғон: “Туризмга оид янги стратегия лозим”

Яқинда мамлакат туризм соҳаси вакиллари билан учрашган Ражаб Тоййиб Эрдўғон сўнгги 14 йилда Туркияга келаётган сайёҳлар сони 12-13 миллиондан 40 миллионга, ушбу соҳадан олинаётган даромад 12,5 миллиард доллардан 31,5 миллиард долларга етганини қайд этган. Туркия етакчисига кўра, ҳозирги натижа билан чекланиб қолиш мумкин эмас, балки сайёҳлар сонини яна 8 миллионга кўпайтириш лозим.

“Мамлакатда сайёҳлик маданият ривожланмоқда. Фуқаролар туризм соҳасида фаоллик кўрсатаётгани қувонарли, албатта. Буларнинг бари Туркиянинг туризм бўйича келажаги порлоқ эканидан далолатдир. Мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш учун янги стратегия, услуб, восита ва чора-тадбирлардан фойдаланиш керак”, – деб таъкидлаган Туркия етакчиси.

Бугун глобал иқтисодий буҳрон, хавфсизлик муаммолари, сиёсий ва гуманитар инқирозлар каби ташқи омиллар туризм ривожига тўсиқ бўлмоқда.  Туркия Президенти мавжуд муаммоларни ҳал этиб, туризм даромадини яқин муддатда 50 миллиардга, 2023 йилда эса 86 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган.

 Наби Авжи: “Ҳали фойдаланмаган имкониятларимиз бор”

Туркия Маданият ва туризм вазири Наби Авжи ўтган 2016 йил хийла машаққатли кечгани, мамлакатда амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатлари сайёҳлар оқимига таъсир кўрсатганини қайд этган. Вазирга кўра, мавжуд қийинчиликларга қарамай, бу борадаги натижаларни яхшилашга эришилган.

“Туркиянинг дам олиш ва кўнгилочар марказларига асосий сайёҳлар Россия, Германия ва Буюк Британиядан келган даврда ҳам мамлакатимиз дунёда олтинчи, Европада эса тўртинчи ўринни эгаллади”,  – дейди Наби Авжи.

Туркия вазири туризм бўйича мамлакатнинг ҳали фойдаланилмаган имкониятлари кўплигини таъкидлайди. Қайд этилишича, эндиликда мавжуд бозорни янада кенгайтириш, хусусан, мамлакатга Яқин Шарқ давлатлари сайёҳларини кўпроқ жалб этиш чоралари кўрилади.

Қолаверса, туризм соҳаси вакилларига кўмак дастури давом эттирилади. Айни пайтда ҳукумат “А” тоифадаги туристик фирмаларга ҳар бир чартер рейс учун 6000 доллардан субсидия ажратмоқда. Бундан ташқари, туристик фирмаларга кредит бериш жараёни ҳам соддалаштирилган. Буларнинг бари салкам 2 миллион киши иш билан банд бўлган соҳани тараққий эттиришга қаратилган.

 Талеб Рифаи: “Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди”

Таҳлилчилар терроризм таҳдиди боис Туркияга сайёҳлар оқими камайиши мумкинлигини тахмин қилади. БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Бош котиби Талеб Рифаи эса қўпорувчилик ҳаракати ушбу соҳа тараққиётига тўсиқ бўла олмайди, деб ҳисоблайди.

Бош котибга кўра, сайёҳлар Туркиядаги вазият бошқа юртлардагидан асло фарқ қилмаслигини тушуниши керак.

“Дунёнинг исталган давлатида теракт содир этилиши мумкин. Терроризм бутун дунёнинг тинчини бузмоқда, қўпорувчилик нафақат Туркия, балки Франция, Бельгия, Тунис ёки Таиландда ҳам рўй бериши мумкин. Туркияда дам олишни кўнглига туккан сайёҳлар хавотирланмаслиги керак”, – деган Талеб Рифаи жорий йил январь ойида Онадўли ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Хўш, Туркия туризм бўйича дунёнинг учинчи давлати бўла оладими? Бизнингча, мамлакат бунинг учун етарли салоҳиятга эга. Аввало, Туркия қадимги Рим, Юнон, Византия империялари, Усмонлилар давлати ва ислом тамаддунига дахлдор беназир осори атиқалар, бебаҳо меъморий обидалар ва бетакрор тарихий меросга эга. Мамлакатдаги 70 объект ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Соҳилларини Ўртаер, Эгей, Мармар ва Қора денгизлари ювиб турган маъмур кентлар, табиати гўзал қасабалар ва инфраструктураси тараққий этган шаҳарлар ҳам жаҳон сайёҳларига манзур бўлса ажаб эмас.

Собир Салим