Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жорий йил май ойида Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Туркия парламентининг “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, Буюк Миллат Мажлиси депутати Ҳайдар Али Йилдиз Тошкентда ўтган матбуот анжуманида маълум қилган. Туркия етакчисининг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки томонлама ҳамкорликка оид долзарб масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.
Туркия парламентининг “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида учрашувлар ўтказди.
Туркия делегациясининг ташрифи доирасида икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ва кооперацион биржа ҳам ўтказилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Бунда эса икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабати ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркияга ташрифи доирасида Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.
2017 йил май ойида Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро анжумани доирасида икки давлат раҳбарларининг мулоқоти бўлиб ўтди.
2016 йил ноябрь ойида 13 йиллик танаффусдан кейин Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистонга ташриф буюриб, Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб борди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган.
Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо ҳамкори ҳисобланади. 2017 йил якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси 1 234,6 млн долларга етди. Икки давлат раҳбарлари ўзаро сайдо айланмаси яқин муддатда йилига 3-4 миллиард долларга етказилишини маълум қилганлар.
Ўзбекистонда туркиялик инвесторлар иштирокидаги 479 та корхона фаолият юритмоқда. Шунингдек, 53 турк компанияларининг ваколатхоналари рўйхатдан ўтган.