Туркия Жанубий Европа мамлакатларининг Кипр бўйича қарорини рад этди

Туркия Жанубий Европа мамлакатлари – ЕИ аъзоларининг VI cаммитида Эгей, Шарқий ўртаер денгизлари ҳамда Кипрдаги вазият бўйича қабул қилинган ҳужжатни рад этади. Бу борада Туркия ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот берган.  

Қайд этилишича, саммит якунида қабул қилинган декларацияда илгари сурилган ёндашувлар реал воқеликка ҳам, халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳам зиддир.  Шу боис декларация расмий Анқара учун ҳеч қандай юридик аҳамият касб этмайди.

Таъкидланишича, мазкур декларация Греция ҳамда Кипрнинг грек қисми Европа Иттифоқига аъзолигидан ўз мақсади йўлида фойдаланаётганини кўрсатмоқда.

“Ушбу ҳолат – ЕИ мамлакатлари Кипр муаммосини мувофиқлаштиришда холис ва ишончли иштирокчи бўла олмаслигининг яна бир ёрқин исботидир. Декларациянинг Кипрдаги вазиятга дахлдор бандларига розилик билдирган мамлакатлар оролда нафақат кипрлик греклар, айни чоқда, кипрлик турклар ҳам истиқомат қилиши, Кипр муаммоси фақат кипрлик турклар ҳамда кипрлик греклар сиёсий тенгликка эришиб, хавфсизлик масалаларида ягона тўхтамга келсагина ҳал этилишини унутмасликлари лозим. Ушбу мамлакатлар оролда истиқомат қилувчи грек жамоасининг ҳокимият ва бойликларни тақсимлашни истамагани сабаб Кипр масаласи 56 йилдан буён ҳал этилмай келаётганини тушуниб етмоқлари даркор. Қолаверса, улар кипрлик турклар оролнинг табиий бойликларига нисбатан тенг ҳуқуққа эга эканини қабул қилмоқлари шарт”, – дейилади Туркия ТИВ баёнотида.

Қайд этилишича, Кипрдаги грек жамоасининг денгиз чегаралари бўйича ҳаёт ҳақиқатидан йироқ даъволарини қўллаб-қувватлаш халқаро ҳуқуқнинг бузилиши саналади.

Расмий Анқарага кўра, ЕИ ёки Евроиттифоқнинг муайян мамлакати бирор бир давлатнинг денгиз юрисдикцияси чегараси бўйича даъволарини тасдиқлаш ёки оқлаш ваколатига эга эмас.

Баёнотда Туркия Шарқий ўртаер денгизидаги конлардан фойдаланиш борасида кипрлик турклар ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришда давом этиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Эгей, Шарқий ўртаер денгизлари ҳамда Кипрдаги вазият бўйича мунозарали ҳужжат қабул қилинган MED 7 саммити 14 июнь куни Мальтада бўлиб ўтди. Унда Франция, Италия, Испания, Мальта, Португалии, Греция ва Кипрнинг грек жамоаси вакиллари қатнашди.

С.Салим тайёрлади