Туркия бу йил илк маротаба Глобал барқарор туризм анжуманига (Global Sustainable Tourism Conference) мезбонлик қилади. Тадбир 9–12 май кунлари мамлакатнинг туризм пойтахти – Анталия шаҳрида бўлиб ўтади.
Анжуманда 350 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий иштирокчилар, жумладан, давлат сектори, меҳмонхоналар, туроператорлар, компаниялар, академик доиралар, ривожланиш агентликлари, онлайн саёҳат агентликлари ва нодавлат ташкилотлар вакиллари қатнашади.
Тўрт кунлик конференция дастури тренинг, интерактив панель, семинар, учрашув ва ижтимоий тадбирларни ўз ичига олади.
Глобал барқарор туризм кенгаши атроф-муҳит ва барқарорликни таъминлаш бўйича дунёдаги энг йирик ташкилот бўлиб, саёҳат ва туризмда барқарорликни таъминлаш учун ишлаб чиқилган глобал стандартларни тартибга солади, такомиллаштиради ва бошқаради.
GSTC барқарор туризмнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун халқаро миқёсда конференциялар ҳам ташкил қилади. Жумладан, ҳар йили дунёнинг турли шаҳарларида уюштириладиган Барқарор туризм анжумани ўзаро фикр алмашиш, халқаро стандартларни қўллаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилгандир.
Пандемия сабабли икки йил онлайн тарзда ўтказилган анжуман ўтган йили Испаниянинг Севиля шаҳрида бўлиб ўтди. Туркия туризмни ривожлантириш ва татбиқ этиш агентлиги (ТGА) томонидан олиб борилган номзодлик жараёнидан сўнг нуфузли тадбир бу йил Анталияда ўтказилиши эълон қилинди.
2022 йил бошида GSTC билан имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ Туркия барқарор туризмда амал қилиниши керак бўлган йўл харитасини аниқлади ва глобал барқарорлик амалиётини тезлаштирди. Туризм саноатида инқилоб қилиш учун Туркия миллий барқарор туризм дастури ишлаб чиқилди. Тадрижий равишда амалга оширилаётган дастурнинг биринчи босқичи жорий йилда, иккинчи босқич 2025 йилда, учинчи босқич эса 2030 йилда барча халқаро стандартларга жавоб берган ҳолда якунланади.
Туркия жанубида, Ўртаер денгизи ва Турк Ривиерасининг қоқ марказида жойлашган Анталия гўзал табиати, денгизи, тарихий ва маданий ўзига хослигига кўра “туризм пойтахти” деб эътироф этилган. Ҳар йили минглаб сайёҳларни қабул қиладиган минтақа “денгиз–қум–қуёш” трилогиясидан ташқари саргузашт, маданият-санъат ва кўнгилочар туризм турлари билан ажралиб туради.
Мавзуга доир мақола:
Туркия Глобал барқарор туризм кенгаши билан ҳамкорлик шартномаси имзолади. 17.01.2022