Туркия дунёнинг етакчи атроф-муҳит ва барқарорлик платформаси – Глобал барқарор туризм кенгаши билан ҳамкорлик шартномаси имзолади. Ушбу келишув доирасида Туркия ва Кенгаш биринчи марта Миллий барқарор туризм дастурини тайёрлайди. Янги дастур билан турк туризм саноати глобал барқарорлик амалиётларини тезлаштиради.
Шу тариқа Глобал барқарор туризм кенгаши билан имзоланган уч йиллик протокол қайта тузилади. Шартноманинг биринчи босқичида миллий дастур мезонлари аниқланади ва аудиторлик фирмалари таълим жараёнига жалб этилади. Февраль ойининг биринчи ҳафтасидан бошлаб Туркия туризм саноати манфаатдор томонлари ҳам жараёнга киритилади. 2030 йилгача якунланиши режалаштирилган дастурнинг биринчи босқичи 2023 йилда; иккинчи босқич 2025 йилда босқичма-босқич амалга оширилади. 2030 йилда барча халқаро стандартларга жавоб берилади.
Туркияни барқарор туризмда олдинга олиб чиқадиган битим ўтган йил охирида имзоланган Париж келишувидан келиб чиқадиган мажбуриятларга ҳам мос келади. 2022 йилгача туризм соҳасида барқарор ўзгаришларни бошлаб, Туркияни халқаро майдонда рақобатбардош қиладиган мазкур ҳамкорлик, шунингдек, халқаро туризм тенденцияларини кузатиш имконини ҳам беради.
Глобал барқарор туризм кенгаши барқарорлик стандартлари бўйича энг яхши аккредитация муассасаси саналади.
Туркия ўтган йили пандемия шароитларига қарамай, хавфсиз туризм сертификати билан рекорд даражадаги ташриф буюрувчилар сонига эришди. 2020 йилда дунёда биринчи марта татбиқ этила бошлаган хавфсиз туризм сертификати билан Туркияда транспорт, турар жой, муассаса ходимлари ва шаҳар меҳмонларининг соғлиқни сақлаш шароитлари, ресторанлар ва конгресс марказлари каби бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди ва бугунги кунга қадар тахминан 12 минг муассаса хавфсиз туризм сертификатига эга. Шу нуқтаи назардан туризм секторига, айниқса, тураржой биноларига ҳам хавфсиз, ҳам барқарор стандартлар киритилади. Шундай қилиб, 2022 йил апрель ойидан бошлаб тураржой бинолари барқарор амалиётга босқичма-босқич ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой куни кеча “А Haber” теледастури орқали суҳбатда 2022 йилда мамлакат туризмдан 35 миллиард доллар даромад олишни мақсад қилганини билдирган эди.