Ўзбекистон давлат хореография академиясида Япония элчихонаси билан ҳамкорликда япон замонавий рақс санъатига бағишланган онлайн семинар ва маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Тадбирни академия ректори Шуҳрат Тўхтасимов кириш сўзи билан очиб, ўзаро ҳамкорликнинг бугуни ва истиқболлари ҳақида тўхталди.
Япония элчи Ёшинори Фужияма япон–ўзбек дўстона муносабатлари, икки халқ санъатидаги ўзига хосликлар, маданий алоқалар хусусида сўзлади, ҳамкорлик учун академия раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Япония элчихонаси масъул котиби Зикрулло Назиров ўзаро маданий алоқаларда рақс санъатининг ўрни ва аҳамияти ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Япония элчиси Ёшинори Фужияма тадбирга фахрий меҳмон сифатида ташриф буюрди.
Хореография кафедраси катта ўқитувчиси Гуласал Усмонова ташаббуси билан ташкил этилган тадбирнинг амалий қисмида раққоса, хореограф ва режиссёр, профессор Акико Китамура япон замонавий рақсининг шаклланиш тарихи ва унинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тақдимот ўтказди. Онлайн маҳорат дарслари олиб борилиб, япон замонавий рақсларидаги ҳаракат ва ҳолатлар назарий ва амалий жиҳатдан ўрганилди.
Бундан ташқари, академия ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўзбек рақс мактабларига (Фарғона, Бухоро, Хоразм) оид амалий машғулотлар ўтказилди.
Тадбир сўнггида профессор Акико Китамура хоним академиянинг махсус сертификати билан тақдирланди. Томонлар келгусида ҳам ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга келишиб олди. Қайд этилишича, жорий йил апрель ойида Акико Китамуранинг Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.