Тошкентда япон маданиятига бағишланган навбатдаги кўргазма очилди

Тошкентдаги Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройида япон маданиятининг ўзига хос йўналишига бағишланган “Сушини севаман” кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори қатнашди ва Кунчиқар ўлка пазандалигининг ўзига хос жиҳатлари ва фалсафаси ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Япония жамғармаси ва Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройи ҳамкорлигида ташкил этилди.

2013 йилда васёку – япон анъанавий пазандалиги ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган.

Мутахассислар фикрича, Кунчиқар ўлканинг ошхонаси жуда оддий, аммо латиф, мазали ва бениҳоя ранг-барангдир. Бутун дунё япон ошхонасини соғлом овқатланишнинг эталони деб ҳисоблаши ҳам бежиз эмас.

Жорий йилнинг 5 март кунига қадар давом этадиган кўргазма орқали япон пазандалиги сирлари, хусусан, суши турлари, уларнинг келиб чиқиш тарихи билан танишиш мумкин.

Аввал хабар берганимиздек, Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройида “Япон таомлари макет намуналари” кўргазмаси ҳам ташкил этилган эди.