Тошкентдаги Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройида Япон маданияти кунлари бўлиб ўтди, деб хабар берди Япония элчихонаси матбуот хизмати. Ушбу тадбир Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан, Ўзбекистон Бадиий академияси, Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройи, Ўзбек–Япон маркази, Ўзбекистон–Япония дўстлик жамияти каби ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.
Маданият кунларининг очилишида Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма қатнашди ва икки мамлакат ҳамкорлиги хусусида гапирди.
Маросимда Ўзбек–Япон маркази дутор курси қатнашчиларининг чиқиши ва кимоно кийиш усуллари намойиш этилди.
Маданият кунлари лойиҳаси доирасида халқаро карвонсарой залларида япон маданияти, халқ амалий санъати ва пазандалигига доир кўргазмалар ташкил қилинди. Жумладан, япон хаттотлик ва қоғозга ишлов бериш санъати, суши-ролл тайёрлаш машғулотлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Япония элчиси Ёшинори Фужияманинг жорий йил январь ойидаги учрашувида икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши маълум қилинган эди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Япония Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 28 декабрда тан олган. 1992 йил 26 январда ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Икки томонлама робиталар дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида қурилган. 2002 йилдан ташқи ишлар вазирликлари ўртасида доимий равишда сиёсий маслаҳатлашув ўтказиб келинмоқда.
Япония юртимиздаги ислоҳотларга хайрихоҳ ва кўмакчи давлат сифатида эътироф этилади. Кунчиқар ўлка мамлакатимизга кўрсатган молиявий-техникавий кўмак 4,1 миллиард доллардан ошади. Мазкур маблағ соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, коммуникация ва бошқа соҳаларда ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган.
Шу мавзудаги мақолалар:
Тошкентда Япония элчихонаси билан ҳамкорликда онлайн семинар ва маҳорат дарси ўтказилди. 04.03.2022
Тошкентда Ўзбекистон–Япония дипломатик муносабатларининг 30 йиллиги доирасида кўргазма очилди. 25.02.2022