АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси биринчи ўринбосари, элчи Элис Уэллс 25-28 февраль кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек ва Ўзбекистон пойтахти Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.
Элчи Э.Уэллс Бишкекда Қирғизистон ҳукуматининг юқори лавозимли мулозимлари билан музокаралар ўтказади ҳамда Марказий Осиёдаги Америка университетида талабалар ва ўқитувчилар билан учрашади. Шунингдек, у собиқ президент Қурманбек Бакиев оиласи ўмарган 4,6 миллион доллар маблағни қирғиз халқига қайтариш бўйича олиб борилаётган муваффақиятли қўшма саъй-ҳаракатларни нишонлаш учун Қирғизистон Республикаси Молия вазири Бактигул Жеенбаева билан бўладиган оммавий тадбирда қатнашади.
Давлат котиби ёрдамчиси биринчи ўринбосари Уэллс Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан биргаликда икки мамлакат ўртасидаги йиллик маслаҳатлашувларни ўтказади.
Дипломат ташриф давомида глобал ва минтақавий хавфсизлик, Афғонистондаги тинчлик жараёни, иқтисодий ва савдо келишувлари, инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар ҳамда суд ислоҳоти, халқ таълими ва хотин-қизлар ҳуқуқи бўйича Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги қўшма дастурларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати юқори лавозимли вакиллари билан учрашади.
Қайд этилишича, бу – Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик соҳасида янги даврни очиб берган Президент Шавкат Мирзиёвнинг 2018 йил май ойида Вашингтонга қилган тарихий ташрифидан сўнг ўтказилаётган биринчи йиллик маслаҳатлашувдир.
“Қўшма Штатлар Президент Мирзиёевнинг ислоҳот дастурлари ҳамда икки халқларимиз ўртасидаги кучли икки томонлама алоқаларнинг ривожини қўллаб-қувватлар экан, Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб боради, деб умид қилади” дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.
Суратда: Абдулазиз Комилов ҳамда Элис Уэллс. Женева, 2018 йил 27 ноябрь