Туркманистоннинг Тошкентдаги элчихонасида тантанали қабул маросими бўлиб ўтди. Туркманистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан уюштирилган тадбирда юртимиздаги хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, дипломатлар, санъат ва маданият намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Қабул маросимида Ўзбекистон ҳукумати номидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов иштирок этди.
Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгул Маммедов йиғилишда сўз олиб, қардош ва биродар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният ила қайд этди.
Икки давлат раҳбари ўртасидаги мулоқот мунтазамлик касб этгани Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур учрашувлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги суръат бағишлади, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган шерикликнинг барча йўналишларига мустаҳкам пойдевор қўйди. Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзолангани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Қайд этилишича, икки томонлама муносабатларимизда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Шу ўринда мамлакатларимизнинг мазкур масалага доир ёндашувлари ўзгармас ва изчилдир. Туркманистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тинч ва барқарор тараққиётини таъминлайдиган мустаҳкам ва самарали механизмларни яратиш, яхши қўшничилик муносабатларига риоя этиш ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олишнинг қатъий тарафдори.
Тинчлик ва хавфсизлик масалалари билан бир қаторда мамлакатларимиз барқарор тараққиётнинг муҳим таркибий қисмлари – энергетик хавфсизлик, халқаро транспорт-транзит алоқасини ривожлантириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида биргаликда ҳаракат қилмоқда.
Туркманистон элчисига кўра, икки давлат ўртасидаги муносабатлар асрлар мобайнида шаклланган яхши қўшничилик, умумий тарих, тил, маданият, анъана ва урф-одатлар ўхшашлигига асосланган. Бугун давлатлараро ҳамкорлик ана шундай мустаҳкам пойдеворга таянган ҳолда изчил тараққий этиб бормоқда.
Мустақиллик куни Туркманистон Республикасининг бош байрами саналади. 1991 йил 26 октябрь кунги референдумда республика аҳолисининг 93 фоизи собиқ Иттифоқ таркибидан мустақил давлат сифатда ажралиб чиқишни ёқлаб овоз берган. 1991 йил 27 октябрда Туркманистон Мустақиллиги декларацияси қабул қилинган.
Туркманистон давлати ташқи сиёсатда бетарафлик тамойилига таянади. 1995 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 185 аъзоси бир овоздан мамлакатни доимий бетараф дея тан олган.
Эслатиб ўтамиз, Язгул Маммедов жорий йил 6 сентябрда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширган.
“Туркманистоннинг энг тажрибали дипломатларидан бири Язгул Маммедовнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳар томонлама самарали бўлади, давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади, деб ишонамиз”, деган Президент Ш.Мирзиёев дипломатдан ишонч ёрлиғини қабул қилар экан.
Бунга қадар Язгул Маммедов Туркманистонни Малайзия, Бруней, Индонезия, Таиланд каби мамлакатларда тамсил этган.
С.Салим