Тошкентда Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланди

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси 16 декабрь – мамлакат мустақиллиги куни муносабати билан тантанали маросим ташкил этди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, элчихоналар вакиллари, санъат ҳамда маданият намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маросимда нутқ сўзлаган Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархон Сатибалди икки мамлакат муносабатларига тўхталди.

“Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатларини стратегик ҳамкорлик ва қардош-қўшничиликнинг юқори даражаси деб баҳолаш мумкин. Мустақилликка эришилган йиллардан буён мамлакатларимиз яқин алоқаларни сақлаб, муштарак ҳаракатлар борасида салмоқли механизмларни яратибгина қолмай, муносабатларни янада чуқурлаштириш борасида мустаҳкам пойдевор қўя олди”, – деди элчи.

Қайд этилишича, 2016 йилдан буён икки давлат савдо айланмаси 2 бараварга ортди. Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида эса бу кўрсаткич 3,2 миллиард долларни ташкил этди. Сармоя бўйича ўзаро кўмак ҳам кенгаймоқда. Қозоғистонлик сармоядорлар асосан қурилиш материаллари, металл конструкциялар, ун ишлаб чиқариш, шунингдек, савдо мажмуаларини ривожлантириш, объектлар барпо этишга, ўзбекистонлик инвесторлар эса қўшни мамлакатда автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва маиший техника ишлаб чиқаришга маблағ тикмоқда.

Хабарингиз бор, жорий йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан борди. Ушбу ташриф ўзаро стратегик муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтаргани билан аҳамиятлидир.

“Ташриф якунлари мамлакатларимизнинг янада фаол иқтисодий алоқалар ва сиёсий яқинлашув борасида муштарак нуқтаи назарда эканини тасдиқлади, айни чоқда, стратегик ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш имконини берди. Икки томонлама салмоқли ҳужжатлар тўплами (22 ҳужжат) имзоланди. Улар орасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияни алоҳида қайд этиш жоиз. Бу ҳужжат Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ишончга асосланган муносабатларнинг янги босқичига шаҳодат беради”, – деди Қозоғистон элчиси.

Элчи Д.Сатибалди Қозоғистон мустақиллик йилларида эришган асосий ютуқларга тўхталар экан, мамлакат режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига муваффақиятли тарзда ўтганини қайд этди.

1991 йилнинг 16 декабрида Қозоғистон Олий кенгаши давлат мустақиллиги ва суверенитети ҳақидаги қонунни қабул қилган. Ўшандан буён 16 декабрь Мустақиллик куни сифатида нишонланади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ушбу сана муносабати билан бир гуруҳ фуқароларни давлат мукофотлари билан тақдирлаган эди. У ўз нутқида Қозоғистон тарихан қисқа вақтда кучли ва нуфузли давлатга айланганини таъкидлаган.

 

Шу мавзудаги мақолалар:

Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатлари: кеча, бугун ва эртага”. 06.12.2017

Ерик Утембаев: “Ўзбекистон Қозоғистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллайди”. 10.12.2016

Борибай Жексембин: “Қозоғистон ва Ўзбекистон долзарб халқаро масалаларда ҳамфикр”. 14.12.2015