Борибай Жексембин: “Қозоғистон ва Ўзбекистон долзарб халқаро масалаларда ҳамфикр”

11 декабрь куни Тошкентда Қозоғистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Борибай Жексембин маъруза қилиб, икки давлат ўртасида яқин қўшничилик ва ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

“Қозоғистон ва Ўзбекистон минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кўплаб долзарб масалаларда умумий позицияга эга экани, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида изчил ҳамкорлик қилиб келаётганини мамнуният ила қайд этишни истардим. Жорий йил ноябрь ойида Қозоғистон Республикаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 23 йил тўлганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Икки қўшни ва биродар давлат робиталари Абадий дўстлик ва стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ҳолда, кенг кўламли алоқаларнинг барча йўналишлари бўйича янада мустаҳкамланишига ишонаман”, – деди Қозоғистон элчиси Борибай Жексембин.  

Қайд этилишича, жаҳон молиявий инқирозига қарамай, савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, икки мамлакат ўзаро савдо айланмаси 2,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу тариқа, Қозоғистон Ўзбекистоннинг уч асосий савдо ҳамкоридан бири бўлиб қолмоқда.

“Ўрта асрларнинг буюк мутафаккири ва файласуфи Абу Наср ал-Форобий “Давлат донишмандлик ила идора этилса, раият хавфу хатарсиз ҳаёт кечиради”, деган эди. Ушбу нақлни доно сиёсати билан минтақада тинчлик ва барқарорликни таъмин этаётган икки давлат етакчилари фаолиятига ҳам татбиқ этиш мумкин”, – деди Қозоғистон элчиси.

Расмий Остона минтақада хавфсизликни таъминлаш йўлида бир қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди. Масалан, БМТ Бош Ассамблеяси шафелигида “Ислом терроризмга қарши” халқаро форуми ўтказишни таклиф қилди.

Қозоғистоннинг ядро қуроли тарқалишига қарши “ATOM” лойиҳаси ҳам диққат сазовордир. Лойиҳа номи инглизча “Abolish Testing. Our Mission” қисқартмасидан олинган бўлиб, “Бизнинг мақсадимиз – синовларга барҳам бериш” деган маънони англатади.

Лойиҳадан кўзланган мақсад – дунёни ядро қуролидан холи этишдир. Ядросиз дунё бунёд этиш борасида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг позицияси тўла уйғун экани қувонарли, айни чоқда, табиийдир. Ушбу ва бошқа ташаббусларни рўёбга чиқариш тегишли шарт-шароитларни яратиш, энг асосийси, Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашига муваққат аъзо бўлишини тақозо этади. Маълумки, бу борада Қозоғистон изчил сайлов кампанияси олиб бориб, халқаро ҳамжамиятнинг қўлловига умид қилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистоннинг номзодини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистонга самимий миннатдорлик билдираман”, – деди Борибай Жексембин.

Жорий йил ноябрь ойи охирида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев халққа мурожаатида инқирозга қарши беш йўналишдаги вазифаларни белгилаб берди. Бунга кўра, Қозоғистонда молия секторини барқарорлаштириш, бюджет сиёсатини оптималлаштириш, хусусийлаштириш ва иқтисодий рақобатни рағбатлантириш, янги сармоявий ҳамда ижтимоий сиёсатни амалга татбиқ этиш кўзда тутилган.

Элчи Борибай Жексембиннинг таъкидлашича, Қозоғистон етакчиси эълон қилган янги “Нұрлы жол” (Нурли йўл) cиёсати мамлакатни янада юксалтиришга хизмат қилади.

Собир Салим