Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Озарбайжон халқ ёзувчиси Анорнинг “Албатта учрашамиз” номли янги китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Туркий дунёнинг таниқли адиби асарлари ўзбек тилига аслиятдан атоқли журналист ва таржимон, “Гулистон” журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов томонидан ўгирилган. Таржимон китобга катта сўзбоши ҳам ёзган.
Тошкентдаги “Тамаддун” нашриётида чоп этилган 350 бетли салмоқли тўпламга Анорнинг “Дантенинг юбилейи” ва “Оқ қўчқор, қора қўчқор” романларидан парча, “Грузин фамилияси”, “Эски йилнинг сўнгги кечаси”, “Ишонч”, “Занжир”, “Қўл қўлни ювар”, “Бир стакан сув” каби ҳикоялари жамланган.
Тақдимотда Ўзбекистон фан, маданият ва санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ва Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик жамияти раҳбарияти, адабиётшунослар, талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид тадбирни очар экан, озарбайжон–ўзбек адабий алоқалари, замонавий Озарбайжон адабиётининг машҳур вакили Анорнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирди, мазкур адибнинг асарлари собиқ СССР даврида ҳам,мустақиллик йилларида ҳам Ўзбекистон китобхонлари томонидан меҳр билан ўқилгани ва Тошкентда қайта-қайта нашр этилганини таъкидлади. С.Саййид Озарбайжон адабиёти Ўзбекистонда доимо катта қизиқиш уйғотгани, буюк шоирлар Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий ва Алишер Навоий, Ғафур Ғулом ва Самад Вурғун, шунингдек, бир қанча шоир ва ёзувчиларимиз ўртасида доимий дўстона ва адабий алоқалар бўлганини таъкидлади.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов, аввало, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига Озарбайжон адабиётига бўлган эътибор, таниқли адиб асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш лойиҳаси учун миннатдорлик билдирди.
Дипломатнинг таъкидлашича, Анор адабиётга кириб келган дастлабки вақтлардан бошлаб ўз асарлари билан китобхонлар қалбидан жой олган ва адабиёт тарихида алоҳида мавқега эга. С.Аббосов Анорнинг Озарбайжон адабиёти тараққиётидаги алоҳида хизмати, турли адабий услубларда яратган асарлари, жумладан, драматургия ва кино соҳасидаги фаолиятини таъкидлаб, унинг асарлари нафақат Озарбайжонда, балки дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам қадрланишини таъкидлади. Нотиқ ёзувчининг Ўзбекистонга сафари, ўзбек адабиётига таъсири ҳақида ҳам фикрлари билан ўртоқлашди.
Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жаббор, Ўзбекистон–Озарбойжон дўстлик жамияти аъзоси, доцент Гулбаҳор Ашурова, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Ахмаджон Мелибоев, филология фанлари доктори Олимжон Давлатов ва бошқалар ҳам Анор ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида сўзладилар.
Таржимон Маматқул Ҳазратқулов келажакда бой адабий анъаналарга эга Озарбайжон адабиёти намуналарини таржима қилишда давом этишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ташаббуси ва кўмагида Анорнинг “Мен, сен, у ва телефон” китоби ўзбек тилида чоп этилган эди.
Анор Расул ўғли Ризоев (Anar Rəsul oğlu Rzayev) 1938 йили Боку шаҳрида машҳур шоирлар Расул Ризо ва Нигор Рафибейли хонадонида таваллуд топган. 1960 йили Озарбойжон давлат университетини, 1964 йили Москвадаги Олий сценарийнавислик курсини тамомлаган. Узоқ йиллар матбуот ва телевидение тизимида фаолият юритган. 1987 йилдан Озарбойжон ёзувчилар бирлиги (AYB) раиси вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
Адибнинг “Байрам ҳасратида” (1963), “Мулла Насриддин-66” (1970), “Одамнинг одами” (1977), “Мажол” (1973), “Ичаришаҳар” (1978), “Сизни деб келганман” (1984), “Дунё бир деразадир” (1986), “Сизсиз” (1992), “Шаҳарнинг ёз кунлари” (1992), “Шаҳидлар доғи” (1995), “Минг беш юз йиллик Ўғуз шеърияти” (1999), “Оқ қўчқор, қора қўчқор” (2003) каби китоблари нашр этилган ва дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Ижодкор “Ҳар оқшом ўн бирда”, “Кун келди”, “Тахмина” каби фильмлар учун сценарий ҳам ёзган.
Эслатиб ўтамиз, “Ziyouz” порталида ҳам таниқли ёзувчининг “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” романи, “Оқ кўрфаз” қиссаси ва бир қатор ҳикоялари чоп этилган.