15 декабрь куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Малайзия куни” тадбири ташкил этилди. Малайзия маданияти, анъаналари ва тилига бағишланган тадбирда мазкур мамлакатнинг юртимиздаги элчиси Ҳенди Ассан меҳмон сифатида иштирок этди. Дипломат Тошкент давлат шарқшунослик университети раҳбарияти билан ҳамкорлик бўйича музокара ҳам ўтказди.
Кейинги пайтларда икки давлат ўртасида таълим жабҳасида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
2019 йил октябрь ойида Тошкент молия институти базасида Малайзия менежмент ва тадбиркорлик “Binary” университети билан Ўзбекистон–Малайзия қўшма факультети очилган.
2020 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва “Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети ўртасида Урганчда университетнинг халқаро филиалини ташкил этиш тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланган.
Малайзия ислом илмий университети (Universiti Sains Islam Malaysia – USIM) эса мамлакатимиздаги кўплаб илмий-академик муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва USIM ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Бундан ташқари, USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабалар алмашуви бўйича ҳамкорлик битими имзоланган. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ва Урганч давлат университетида Малайзия ислом илмий университети етакчи профессорларининг ислом ҳуқуқи ва банкинги, туризм, менежмент, АКТ ва бошқа йўналишлар бўйича маърузалари ташкил этилган. 1998 йилда асос солинган мазкур олий таълим муассасаси Малайзияда катта нуфузли эга бўлиб, бу даргоҳда қарийб 15 минг талаба таҳсил олади.
Таълим соҳасидаги робиталар аллақачон ўз меваларини бермоқда. Бунга исбот сифатида биргина фактни келтириш мумкин: жорий йил ноябрь ойида Малайзияда малай тилида нотиқлик санъати бўйича ташкил этилган “Бош вазир кубоги” учун халқаро танловида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Наргиза Ортиқова биринчи ўринни эгаллади. Ғолибга кубок ва Малайзия бош вазири номидан сертификат топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МTCP) доирасида ташкил этилаётган қисқа муддатли ўқув курсларида ҳам мамлакатимиз вазирлик ва ташкилотлари вакиллари доимий тарзда иштирок этиб келмоқда. 2020 йил сентябрь ойига қадар Ўзбекистондан 630дан зиёд вакил МTCP семинарларида таълим олган.