Тошкентда Япония олий таълим муассасаларида таҳсил олган ўзбекистонлик мутахассисларнинг еттинчи учрашуви бўлиб ўтди. Анъанавий анжуманда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори нутқ сўзлади.
Дипломат ўз нутқида Япония олий таълим муассасаларида ўқиган ўзбекистонлик ёшлар ўз ватани тараққиёти ҳамда икки дўст халқ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади. Элчи битирувчилар ўртасида робиталар янада мустаҳкам бўлиши лозимлигини ҳам қайд этди.
Тадбирда қатнашган Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Япония билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этиши, бу борада битирувчилар ҳам муҳим ўрин тутишини айтди. Маълумот ўрнида, А.Абдуҳакимов ҳам Кунчиқар ўлкада таҳсил олган.
Япония ОТМ битирувчилари клуби (UJUAC — Uzbekistan Japan Universities Alumni Club) раиси Дамира Тинчурина клуб фаолияти ҳақида тақдимот ўтказди.
Тадбир давомида айкидо жанговар санъатининг фалсафасига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Иштирокчилар Япония ОТМ битирувчилари клуби фаолиятини янада кучайтириш юзасидан фикр алмашди.
Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида юзлаб юртдошимиз Кунчиқар юртнинг нуфузли университетларида таҳсил олиш имконига эга бўлди.
Японияда таҳсил олиб қайтган юртдошларимиз парламент ва ҳукумат, таълим, ишлаб чиқариш, хусусий бизнес, халқаро ташкилотлар тизимида масъул лавозимларда фаолият юритиб келмоқда.