Жорий йил 22 декабрь куни Ўзбекистон давлат консерваториясида тошкентлик иқтидорли созанда Артём Пак иштирокида фортепиано мусиқа концерти бўлиб ўтади. Маданий тадбир АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида уюштирилмоқда. Мусиқий кеча давомида Ўзбекистонда илк бор Фредерик Ржевскийнинг “Бирлашган миллат енгилмас” композицияси ижро этилади. Мазкур композиция замонавий американча фортепиано мусиқасининг энг яхши намуналаридан бири дея эътироф этилган.
Ёш созанда Артём Пак, шунингдек, Франц Шуберт, Клод Дебюсси сингари мумтоз композиторлар асарларини ҳам ижро этади.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, концертга кириш бепул, аммо таклифнома талаб этилади. Таклифнома олиш учун элчихона электрон манзилига ([email protected]) хабар йўллаш лозим.
Тошкентдаги Успенский номли мусиқа академик лицейи битирувчиси Артём Пак қатор республика ва халқаро миқёсдаги танловлар ғолиби бўлган. Жумладан, созанда 10 ёшида “Щелкунчик” ёш ижрочилар халқаро танловида ғолиб чиққан. 13 ёшида эса Чехияда ўтган “Virtuosi per musica di pianoforte” XLII халқаро пианиночилар танловида биринчи ўринни олган. Артём Пак Россия, Чехия, Арманистон, Франция, Швейцария, АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатларда ўз маҳоратини намойиш этган.