21-27 май кунлари дунё бўйлаб “Турк ошхонаси ҳафталиги” ўтказилди. 27 май куни мазкур ҳафталик доирасида Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасида ҳам тадбир ташкил этилди.
Туркиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар турк пазандалиги асрлар давомида турли тамаддунларнинг илғор усулларини уйғунлаштирган ҳолда шакллангани ҳақида сўзлаб берди.
“Онадўлининг бир неча минг йиллик бой тарихи давомида шаклланган турк пазандалиги мазали, креатив ва саломатлик учун фойдали экани билан ажралиб туради. Ушбу анъаналарнинг шаклланишида 600 йил ҳукм сурган Усмонийлар давлатининг ўрни катта. Турли тамаддунлардан озиқланган анъаналар ҳозиргача яшаб келмоқда”, – деди элчи Олган Бекар.
Дипломат турк ва ўзбек қардошлигига тўхталиб, миллий пазандалик қадриятлари ҳам бу борада муҳим ўрин тутишини урғулади.
“Ўзбекистонда турк ресторанларига талаб ва эҳтиёж ошиб бораётганидан мамнунмиз. Турк ва ўзбек халқи тили, маданияти, дини ва анъаналари муштарак бўлган қардош халқлардир. Пазандалик анъаналари ҳам икки халқ маданиятини ўзаро тўлдирувчи жиҳатлар саналади”, – деди элчи.
Тадбир доирасида турк миллий пазандалиги анъаналари амалий мисоллар билан кўрсатиб берилди.
“Турк ошхонаси ҳафталиги” мамлакатнинг ошпазлик меросини дунё аҳлига кенгроқ танитиш мақсадида Туркия президенти девони шафелигида, Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида ташкил этилди.
Ҳафталик президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг рафиқаси Эмине Эрдўғон ҳамда Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой иштирокидаги Баликесир гастрономия фестивалидан бошланди. Ҳафталик давомида Эмине Эрдўғон бошчилигида тайёрланган, турк пазандалигининг кўп асрлик анъаналаридан ҳикоя қилувчи махсус тўплам ҳам тақдим этилди.
Ҳафталик доирасида Туркия ошпазлик меросига бағишланган turkishcuisinweek.com онлайн қўлланмаси ҳам ишга туширилди. Онлайн қўлланма оригинал рецептлар, турли мукофотларга сазовор бўлган моҳир ошпазларнинг таом тайёрлаши акс этган видеолавҳалар, соҳа мутахассисларининг қимматли илмий тавсияларини ўз ичига олади.
Турк пазандалиги турли иқлимларда яшовчи, турфа хил таъб соҳибларига бирдек маъқул келувчи таомларга эга. Мамлакатнинг бетакрор иқлими, бой флора ва фаунаси пазандалик анъаналарининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Серҳосил ва унумдор ерларда, сифатли уруғлардан етиштирилган маҳаллий маҳсулотлар, анвойи сабзавот ва мевалардан тайёрланган таомлар асрлар синовидан ўтгани билан қадрлидир.