Олимлар Ерга «қўшни» бўлган «Тонг юлдузи»нинг қай тарзда сувсиз шўр саҳрога айланиши сабабини аниқлашди. Зуҳро сайёрасининг шаклланиш жараёнидаги шароитлар Ерникига нисбатан ўхшаш бўлса-да, ўзининг ташқи кўриниши билан кескин фарқланади ҳам. Яъни «Тонг юлдузи» атмосфераси 462 даражагача қизиб кетади. Унда сув йўқ, атмосфера эса карбонат ангидрид гази ва олтингугурт кислотасидан иборат. Ҳозирча олимлар Зуҳро юлдузининг қай тарзда бундай улкан иссиқхонага айлангани хусусида ягона тўхтамга келишмаган. Ҳолбуки, Ер билан Қуёш орасидаги масофа 149,6 миллион километр бўлса, Зуҳро билан Қуёш ораси — 108 миллион километрни ташкил этади. Яъни «Тонг юлдузи» биздан кўра осмон ёритқичига яқинроқ жойлашган. Бундай фарқ Ернинг бизга қўшни сайёрадан кўра тезроқ совуши учун тўла етарли эди. Нега бундай бўлмагани сабабини Токио университетининг Кейко Хамано раҳбарлигидаги сайёрашунослари аниқлашди. Улар Зуҳро ва Ерда юз берган бир-биридан тамоман фарқланувчи трансформация жараёнлари моҳиятини англаш учун компьютерда моделлаштириш тадқиқотини амалга оширдилар. Бунда янгидан ҳосил бўлган сайёраларнинг ўз ёритқичидан турли миқдорда иссиқлик олганига эътибор қаратилди. Маълум бўлишича, Ер ва Зуҳронинг Қуёшдан турли миқдорда иссиқлик олгани уларнинг совуш жараёнларига кескин таъсир кўрсатган. Яъни Ерга нисбатан Зуҳро сайёрасининг Қуёшдан олган «ортиқча» энергияси қизиб ётган, сув буғлари билан тўлиб-тошган мазкур сайёра сатҳидаги иссиқликнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаган. Шунинг учун ҳам Зуҳро сайёраси атмосферасидаги буғнинг муайян қисми фазога учиб ёйилиб кетмагунга қадар, унинг юзаси совумасдан қизиб бораверган. Натижада Зуҳро Ерга қараганда ўнлаб миллион йиллардан ортиқ даврда совуган, унинг юзасидаги юксак ҳарорат сувнинг конденсацияланишига тўсқинлиқ қилган. Шу боисдан Зуҳро сатҳидаги қадимги уммонлар Ердагига қараганда бирмунча кичикдир. Улар “парникли эффект” ҳодисаси тез рўй беришига халақит қила олмаган.
— Демак, ҳаётнинг шаклланиши учун сайёра билан унинг мавжудлигини таъминловчи асосий ёритқич орасидаги масофа бош омил ҳисобланса-да, бироқ у ягона омил эмас, — деб таъкидлайди Кейко Хамано. — Сайёра юзасидаги ҳарорат ва сувнинг суюқ ҳолда сақланиши учун зарур шароит, айни чоғда, тектоник фаоллик ва сайёрани зарарли фазовий нурланишлардан муҳофазаловчи магнит майдони мавжудлиги ҳам жуда муҳим экан.