TİKA Президенти: “Биз ҳамиша ўзбек қардошларимиз ёнидамиз”

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) Президенти, доктор Сердар Чам бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, бир қатор давлат ташкилотларида учрашувлар ўтказди.

19 декабрь куни туркиялик юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

Президент матбуот хизматига кўра, давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, жорий йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширилган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига олиб чиққанини мамнуният билан таъкидлади.

Ўз навбатида, доктор Сердар Чам Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда Бош вазир Бинали Йилдиримнинг эзгу тилакларини етказди.

Сердар Чам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бу йўлда бор куч-ғайратини сафарбар этган ҳолда, уларни ҳаётга ўз вақтида ва самарали татбиқ этишга Туркия томони тайёр эканини билдирди.

Учрашувда TİKAнинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Хусусан, иқтисодий, маданий, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм ва ижтимоий аҳамиятга молик бошқа қатор соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурлар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш бўйича келишиб олинди.

TİKA Президенти Сердар Чам ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 

TİKA Президенти, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Жамшид Хўжаев, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Актам Ҳаитов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Азим Аҳмадхўжаев билан учрашиб, мазкур соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Доктор Сердар Чам, музокараларда, Ўзбекистонни “ота юрт”, “иккинчи уйим” деб атаб, бутун Туркия халқи, жумладан, ўзи қардош ва биродар ўзбек халқига айрича ҳурмат туйишини таъкидлади. Бой тарихга эга, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган бу ўлка билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигига урғу берди.

“Биз ҳамиша Сизларнинг ёнингиздамиз. Бор имконияту салоҳиятимизни Сизлар билан баҳам кўришдан бошимиз осмонга етади”, – деди  TİKA Президенти.

Туркиялик юқори мартабали меҳмон Ўзбекистонда сўнгги пайтларда амалга оширилаётган  турли соҳалардаги ислоҳот ва янгиланишларни ижобий баҳолаб, иқтисодий, демографик ва интеллектуал салоҳияти ошиб бораётган Ўзбекистон келгусида бундан-да катта ютуқларига эришишига ишонч билдирди.

Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги 1992 йилда ташкил этилган. TİKA Туркиянинг халқаро майдондаги ўзига хос тимсоли сифатида дунё  ҳамжамияти ҳурматини қозонган.

Агентлик Туркия байроғи остида сайёрамизнинг 140га яқин мамлакатида ҳар йили ўртача 2000 та лойиҳани амалга оширади. Агентлик Мўғулистондан Косовога қадар, Сенегалдан Афғонистонга қадар, Украинадан Мадагаскарга қадар – Европа, Осиё ва Африка қитъаларида ҳамкорлик ва техникавий ёрдам фаолиятини амалга ошириб, миллионлаб инсонлар корига ярамоқда.

TİKAнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида 1994 йил 20 майда очилган. Ваколатхона иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларга кўмак бериб келмоқда. Маълумотларга қараганда, TİKA ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда 23,6 миллион доллар миқдоридаги 700га яқин лойиҳани муваффақиятли амалга оширди.

C.Cалим

Шу мавзудаги мақола:

ТИКА раҳбари Сердар Чам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашди. 07.04.2016