Террорнинг миллати ёки дини бўлмайди – Мавлуд Човушўғли

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу 15 июль – Демократия ва миллий бирлик куни муносабати билан “Террорнинг миллати, этник дахлдорлиги ёки дини бўлмайди. FETÖ бутун инсониятга таҳдид солмоқда” деб номланган мақола ёзди. Унда 6 йил аввал Туркияда рўй берган давлат тўнтаришига уриниш ва унинг оқибатлари таҳлил этилган. Қуйида мазкур мақола эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

 

2016 йил 15 июль куни кечқурун “Фетҳуллаҳчи террор ташкилоти” (FETÖ) мамлакатим халқи ва ҳукуматига қарши қонли тўнтарув амалга оширишга уринди. Мақсадлари тўдабошлари бўлмиш Фетҳуллаҳ Гюленга содиқ бўлган радикал режимни ўрнатиш эди.

FETÖга боғлиқ армия бўлинмалари Истанбулдаги Босфор кўприги сингари муҳим нуқталарни ишғол этиш учун казармаларидан чиқаётганларида, жанговар самолёт ва ҳужум вертолётлари парламент, президент девони, бош штаб қароргоҳи ҳамда хавфсизлик департаменти сингари стратегик мўлжалларни нишонга олиб портлатаётганида, мингларча ноҳарбий фуқаролар мисли кўрилмаган ушбу хоинларча тўнтарув уринишини тўхтатиш учун кўчаларга чиқдилар. Тўнтарувчилар 251 нафар бегуноҳ оддий фуқаро ҳаётига зомин бўлди, мингларча кишиларни яралади. Ўша тунда турк халқи ўз жонини фидо қилиб демократияни ҳимоялади. Бундай қаҳрамонларча ҳаракатни тўнтарувчилар кутмаган эди.

Ҳодисаларни англаш учун FETÖнинг асл башарасини танимоқ зарур. FETÖ 1960-йилларнинг охирларида гўёки диний ҳаракат сифатида ташкил бўлган. Таълимни ва динлараро мулоқотни тарғиб этиш ниқоби остида ўз ёвуз ниятларини яширишга муваффақ бўлган.

FETÖ аъзоларининг ўнлаб йиллар давомида пухта ҳисоблаб, армия сафларига, ҳуқуқ-тартибот, судлов тизимига, жумладан, вазирлигимизга ҳамда кўплаб давлат идораларига хуфиёна равишда кенг қамровда ўрнашиб боришлари, 2016 йилнинг 15 июлида якуний босқични амалга оширган бош режа учун қилинган эди.

Башарти давлат тўнтаришига уриниш муваффақиятли амалга ошганда эди, бугунги Туркия ўта бошқача бўларди. Демократия якун топарди, асосий ҳуқуқ ва эркинликлар номаълум муддатга тўхтатиларди. Менинг юртим экстремизмга мойил ҳукумат қўлига ўтарди.

FETÖ таълим муассасаларининг муҳим қисмини назорат қилиш билангина кифояланмай, бир пайтнинг ўзида кўп сонли молия идораларига ҳам эгалик қилган. Банк ҳисоблари, саноат ва тижоратда таниқли FETÖ аъзолари билан бирга давлат идоралари ходимлари ва халқ томонидан боқиб борилган. Диний туйғулар манипуляция қилингани боис кўплаб бегуноҳ ноҳарбий фуқаролар ҳам FETÖнинг молиявий манбаларига ҳисса қўшишга кўндирилган. Дунёнинг тўрт бурчагида ишлаб турган мактаблардан келиб тушаётган мўмайгина даромад мана шу ҳисобварақларга ўтказилган ва хуфиёна равишда якуний ҳамла кутилган.

2016 йил 15 июлдаги қонли тўнтарув уриниши ортидан давлат идораларига қўшиб хусусий сектор ва жумладан армия FETÖга боғлиқ барча шахс ва корхоналардан қатъий равишда тозалашга ўтилди. Тўнтарувни режалаштирган баъзи етакчилар қўлга олинди, қолганлари адолатдан беркиндилар, хориж давлатлардан паноҳ топдилар. FETÖ террор ташкилотининг тўдабошиси Фетҳуллаҳ Гюлен ҳозиргача АҚШда яшайди. Ҳукуматимиз кўп йиллардан буён АҚШдан Ф.Гюленнинг Туркияга қайтарилишини, Европа мамлакатларидан эса FETÖ аъзоларининг берилишини сўрайди. Афсуски, бу сўровлар ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Шу билан бирга дунёнинг бошқа жойларида ҳам сони тобора ортиб бораётган ҳукуматлар ушбу террор ташкилотининг ўзлари учун таҳдид манбаи эканини тушуниб бормоқда ва зарур чораларни кўрмоқдалар. FETÖ ташкилоти шунингдек, виза масалаларида муттаҳамлик, пул ювиш, қурол контрабандаси сингари ноқонуний фаолиятларни ҳам бажариб келади. Натижада кўпгина ўлкаларда давлат ва хусусий сектор FETÖ аъзоларидан тозаланмоқда. Хорижда ушбу ташкилотга боғлиқ кўплаб мактаблар  2016 йилдан кейин Туркиянинг “Маориф” фондига ўтказилди. Ҳозирги кунда “Маориф”нинг мактаблари кўплаб мамлакатларда фаолият юритиб, дунё миқёсида мукаммал даражада таълим бермоқда.

Туркиянинг FETÖга қарши олиб борган курашининг хусусияти ва қамрови, бошқа мамлакатларнинг масъуллари ва ноҳарбий фуқароларига террор зуғуми ўтказган, демократик қадриятларни, асосий ҳуқуқ ва эркинликларни таҳдидга солган ташкилотларга қарши олиб борган курашдан фарқи йўқ. Туркия террорга қарши курашда тегишли мамлакатларнинг ўтмишда бажарганларини қиляпти. Барча жараёнлар қонунийдир.

Террорнинг миллати, этник дахлдорлиги ва дини бўлмайди. Ушбу таҳдид бутун инсониятга қарши таҳдиддир. Шу сабабли, бу таҳдидга чора ҳам бирликда кўрилиши ва қатъий бўлмоғи лозим. Ҳеч қайси давлат террорчини ажратиш имкониятига эга эмас ва ҳеч қайси террор ташкилотини ўз афзалликларидан келиб чиққан ҳолда “фойдали” деб таснифлаб бўлмайди. FETÖ юзлаб ўлимлар ва турк халқига қарши содир этилган бошқа оғир жиноятлар учун жавобгардир.  2016 йил 15 июлдан кейин ўтган 6 йилдан сўнг ҳам Туркия  FETÖга қарши ўз қатъий курашини, PKK, PYD/YPG, DHKP-C, DEAŞ сингари бошқа террор ташкилотларига қарши кураши сингари ҳамон олиб бормоқда.

Халқаро ҳамжамиятнинг террорга қарши курашда Туркия билан бирдамлик ичра бўлишини кутиб қоламиз.