Танганинг иккинчи томони

«Демократияни кўрсатма билан эмас, шахсий намуна орқали ташвиқ этган маъқул»

Сўнгги пайтларда дунё майдонида рўй бераётган зиддиятлар ва сиёсий можаролар демократия борасидаги мунозараларни яна ҳам кучайтирмоқда. Бунга эса ихтилофлар даврида демократия даъвосидаги давлатлар томонидан олиб борилаётган икки томонлама сиёсат сабаб бўлмоқда. Буюк Британиянинг «Тҳе Гуардиан» газетасида эълон қилинган қуйидаги мақолада ҳам ана шу мунозарали мавзуда сўз юритилган.

Бугун дунё миқёсида демократиянинг аҳволини ижобий баҳолаш қийин. 2008 йилнинг илк кунлариданоқ Черчил томонидан «энг ёмон бошқарув, лекин инсоният ундан яхшисини ўйлаб топган эмас» деб баҳоланган демократия жиддий синовларга дуч келяпти: «халқ ҳокимияти» Покистонда ўлдириляпти, Кенияда эътиборсиз қолдириляпти, Ироқда портлатиляпти, яна айрим буюк давлатларда бўғиляпти ёки савдога қўйиляпти. Бу ўринда «демократия» деганда сиёсат аҳли айнан нимани назарда тутганини ҳам инобатга олиш керак.

Ўтган ҳафта дунё миқёсида содир бўлган турли ҳодисалар одатдаги каби хавотир билан қабул қилинди. Кенияда президент сайлови ортидан рўй берган тўқнашувлар, Покистон пойтахти Исломободда радиостанция ёпилиши, Москвада журналистнинг ўлдирилиши кескин муҳокама этилди.

Британия ҳукумати, гарчи мантиқсиздек туюлса ҳам, одатдаги каби айбдорларни «бармоқ билан кўрсатиш»дан ўзини тия олмади (Айни пайтда қиролликда қизиқ сиёсий ҳолатни кўриш мумкин. Бир томонда торилар (консерваторлар) Британияни қайта қуриш ҳақида бонг уришяпти. Бош вазир Гордон Брауннинг лейбористлар партияси эса дунё миқёсида ном чиқаришга уриняпти).

Ўтган йилнинг декабрьида Британия ташқи ишлар вазири Девид Милибенд Покистон бош вазири Шавкат Азизга расмий Лондон Исломободдан нималар кутаётганини аниқ-тиниқ тушунтирганди. Кейинроқ бош вазир Гордон Брауннинг ўзи президент Парвез Мушаррафга қўнғироқ қилиб, «демократик ислоҳотларни давом эттириш ва белгиланган сайловни ўз вақтида ўтказиш» зарурлиги ҳақида гапирди.

Сўнгра инглиз ҳукумати раҳбари демократия асосини ўрганишга муҳтож бўлиб турган Кения бошлиқлари билан боғланди. Уларни масъулият билан иш тутишга чақирди. Гап орасида, гўё бир замонлар каби Кения ҳали ҳам инглиз мустамлакасидек, дунё ҳамжамияти номидан мамлакатдаги турли сиёсий етакчилар билан музокаралар олиб боришини ҳам қистириб ўтди.

Агар Кения раҳбари ёки Парвез Мушаррафнинг ўрнида бошқа арбоб бўлганида борми, бу каби валинеъматона маслаҳатларни тинглагандан кейин, зудлик билан керакли жавобни берган, «оғиздан чиққанни ёқага ёпиштирган» бўларди. Айни пайтда инглиз бош вазирининг нуфузи кўнгилдагидек деб бўлмайди. Бунинг тасдиғи шуки, ўтган йилнинг октябрида Гордон Браун демократик сайловда ўз мандатини йўқотишдан қўрқаётганини билдириб қўйди. Бундан ташқари, Браун томонидан хориж фуқароларини текшириш бўйича таклиф этилаётган биометрик тизим ҳам айбсизлик презумп­циясига зид деб баҳоланмоқда.

Таҳлилчилар Гордон Брауннинг наркотикага қарши кураш сиёсатини ҳам қораламоқдалар. Уларнинг таъкидлашларича, бош вазирнинг бу борадаги хотиржам сиё­сати сабабли дунё миқёсида героин нархи кескин ошиб кетяпти, бу эса Беназир Бхуттога қарши суи­қасд каби терактларнинг куча­йишига сабаб бўляпти.

Халқ томонидан сайланган арбобларни муҳофаза қилиш масаласига келганда, Ироқнинг инглизлар назоратида бўлган жанубий ҳудудидаги аҳволни эслаш кифоя. Дарвоқе, Британия аскарлари томонидан Афғонистон ёки Ироқда олиб борилаётган урушнинг демократия билан умумийлиги йўқ. Агар умумийлик бор бўлса, уни Писарра қўшини томонидан Перу мамлакатининг босиб олинишидан зиёд деб бўлмайди.

Демократия ҳамма давр­да ҳам мукаммал бўлган эмас. «Ўз-ўзини идора этиш» тушунчаси Афина агораларидан чиқиб, дунёга ёйилган пайтдан бошлаб, турфа халқ ва мамлакатлар ҳаётига мослашиб борди. Демократик институтлар Медисон, Милл ва де Токвилнинг ғояларидан ҳам кўра маълум мамлакатнинг тарихи, маданияти ва анъаналарига боғлиқ. Масалан, Покистон халқ партиясининг раҳбари ким бўлиши демократик жараёнларда эмас, ворислик анъанаси асосида ҳал этилди.

Осиё ва Африканинг аксарият демократик давлатларида сайлов тамойили сиёсий қотилликлар, коррупция ва ҳокимиятнинг меросхўрга ўтиши туфайли чекланади. Қизиқ томони, шундай ҳолатда ҳам улар демократик давлатлар деб тан олинаверади.

Сиёсатшунослик бўйича таҳсил олаётган талабаларга семинарларда давлатни демократик деб эътироф этиш учун зарур бўлган талаблар ўргатилади. Бу ўринда мамлакатда ошкора ва адолатли сайловлар ўтказилиши, бу жараёнда фуқароларнинг ҳокимиятни ўзи истаган шахсга топшира олиши, қонун устуворлиги, сўз ва матбуот эркинлиги мавжудлиги, демократик институтларнинг нечоғли фаолият юритиши инобатга олинади. Лекин ҳокимият тепасида бўлган сиёсий гуруҳлар ўз манфаатидан келиб чиқиб, у ёки бу тамойилга устувор ўрин берадиган шароитда мазкур талаблар ҳам демократиянинг мавжудлигини англатмайди.

Покистон ва Кенияда содир бўлган сўнгги ҳодисалардан кейин ҳам Ғарб томонидан бутун дунё халқ ҳокимияти тамойилига риоя этмоғининг талаб этилиши мантиқсизлик бўлар эди. Либерал демократияни ягона тўғри йўл деб эълон қилиш билан Россия ва Хитой ўртасидаги яхлит иттифоқни парчалаб бўлмайди. Бошқа мамлакатлар каби улар ҳам хавфсизлик ва фаровонликни биринчи ўринга қўйишади.

Давлат учун энг маъқул бошқарув йўли қайси деган масалада Ғарб томонидан демократия сабоғи берилиши ҳам мунозарали. Нега деганда, мазкур давлатлардаги сиёсий муҳитни Ғарбнинг ўзи турли молиявий ёрдамлар, қарзлар, савдо чекловлари ва чегара можаролари билан «лойқалаштирган».

Балки бугунги кунда Покистон ва Кенияда демократия азият чекаётгандир. Лекин Ғарб давлатларининг ўзида ҳам у коррупция туфайли тўсиққа учраяпти. Сайлов пайтида партияларнинг олдиндан тузилган рўйхати ғалаба қозониши, сайловчилар ҳайъати деб аталган тизимнинг амал қилиши, ижроия ҳокимияти ваколатининг чегаралангани… Шу боис, айни пайтда Британия ёки АҚШнинг маълум сонли фуқаролари ўз конституциялари демократия идеалига тўғри келмаслиги важидан танқидий фикрдалар. Масалан, Америкада ўтган 2000 йилги президент сайлови пайтида умумий натижани сайловчилар овози эмас, танланган олигархлардан ташкил топган ҳайъатнинг қарори ҳал этди.

Демократия – жамият барқарорлиги ва гуллаб-яшнаши йўлида самарали йўл. Вақт ва тажриба синовидан ўтган демократик тамойиллар эса инсоннинг ҳурликка интилиши билан бевосита боғлиқ. Покистон аҳолиси сони бўйича дунё­да олтинчи ўринда туради. Бу ерда демократиянинг мўртлиги яқин ўтмиш фожиалари ва қашшоқлик оқибати дейиш мумкин. Мамлакатни диктатурадан демократия сари етаклаш учун турли йўллар мавжуд. Айтиш керакки, бу йўлни Британия икки асрлик муддат ичида кичик қадамлар билан босиб ўтган. Барибир бир кунмас-бир кун Покистон ва Кения ҳам қудратга эга бўлади. Муҳими шундаки, мамлакатлар шу йўлдаги бос­қичларни мустақил босиб ўтишлари керак, деган хулосани бутун дунё сиёсатдонлари илгари суришмоқда.

С. Камол,
www.hurriyat.uz