“Синьхуа” – давр билан ҳамқадам агентлик

“Синьхуа” ахборот агентлиги Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳаётига доир воқеа-ҳодисаларни янада кенгроқ ёритишга интилади. Бу ҳақда ахборот агентлиги расмий сайти (Xinhuanet.com) бош муҳаррири ўринбосари Кевин Лиу Пекинда Ўзбекистон журналистлари делегацияси билан учрашувда маълум қилди.

Кевин Лиунинг қайд этишича, бугун Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлиги икки томонлама ривожланмоқда. Расмий Пекин таклиф этаётган “Бир белбоғ, бир йўл” лойиҳаси робиталарни янада кенгайтиришга хизмат қилаётир. Бу жараёнда эса икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

“Биз журналистлар ахборот алмашувини янада кенгайтиришимиз керак. Хитой халқи Ўзбекистон ҳақида, Ўзбекистон халқи Хитой ҳақида кўпроқ билиши лозим. Бунда эса оммавий ахборот воситалари вакилларининг хизмати катта”, – деб таъкидлади “Синьхуа” расмий сайти бош муҳаррири ўринбосари Кевин Лиу.

Ўзбекистонлик журналистлар Хитой оммавий ахборот воситалари билан танишув дастури доирасида “Синьхуа” агентлиги янги медиа марказида ҳам бўлдилар.

Янги давр оммавий ахборот воситалари фаолиятида конвергент журналистика (сonvergence journalism) тушунчаси шаклланди. Бу матбуот, радио, телевидение ҳамда интернет имкониятларининг ягона ахборот ресурсида бирлашувини англатади.

“Синьхуа” ахборот агентлиги замонавий ОАВ сифатида конвергент журналистика ютуқларидан унумли фойдаланиб келмоқда. Кези келганда халқаро миқёсда эътироф этилаётган техник янгиликларга қўл урмоқда.

Ўзбекистонлик журналистларга, хусусан, “Синьхуа” ахборот агентлиги “Sogou” компанияси билан ҳамкорликда яратган виртуал телебошловчи лойиҳаси тақдим этилди. Виртуал бошловчи учун “Cиньхуа” ахборот агентлиги ходими Чжан Чжаонинг ташқи сурати ва овози танланган бўлиб, у хитой ва инглиз тилидаги матнларни ўқийди. 24 соат давомида ишлай оладиган виртуал диктор янгиликларни интернет ва мобил иловалар орқали тезкор етказишда қўл келади.

Умуман, “Cиньхуа” ахборот агентлиги сунъий интеллект борасида жиддий изланишлар олиб бормоқда. “Оммавий ахборот воситалари мияси” деб аталган қурилма ҳам ана шундай изланишлар мевасидир. Мазкур қурилма бирор воқеа ёки тадбирни мустақил равишда кузатиб, ахборотни тезкорлик билан саралаш ва таҳлил қилиш салоҳиятига эга. У тезкорлиги ва ҳозиржавоблиги билан журналистлар оғирини енгил қилиши мумкин. Масалан, журналист муайян ахборотни саралаш ва информацион материал тайёрлаш учун 14-15 дақиқа сарфласа, мазкур қурилма учун бир дақиқа кифоя.

2000 йилда ишга туширилган “Cиньхуа” ахборот агентлиги сайти ўтган муддат давомида замон билан ҳамнафас ҳолда такомиллаштирилди. Дастлаб сайтда фақат матн ва фото шаклидаги материаллар чоп этилган бўлса, бугунги ўқувчи бир пайтнинг ўзида матн, фото, аудио, видео ва инфографика форматидаги ахборот билан танишиши мумкин.

Ахборот агентлиги сайтини такомиллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ўз мевасини бермоқда. Бугун агентлик сайтига уяли алоқа воситалари орқали 300 миллион, компьютер орқали эса 120 миллиондан ошиқ муштарий мунтазам кирмоқда.

Ўқувчи қайси мавзудаги янгиликларни маъқул кўради? Ахборотни қайси шакл, қай кўринишда берган афзал? Бу – дунё ОАВ учун “ҳаёт-мамот” масаласига айланган масалалар, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ОАВ кучли рақобат муҳитида ўз муштарийларини сақлаб қолиши ва аудиториясини кенгайтириши ушбу саволларга қай даражада тўғри жавоб топилишига боғлиқ.

“Синьхуа” ахборот агентлиги ҳам ўқувчилар қизиқиш доирасини тадқиқ этиш учун мунтазам илмий тадқиқот ва ижтимоий сўровлар ўтказиб келмоқда. Бу борада замонавий технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Ахборот агентлиги махсус биосенсорлар билан жиҳозланган лабораторияга эга. Унинг ишлаш тартиби қуйидагича: тадқиқотга жалб этилган муштарийларга биосенсорлар уланади ва экранда бирор лавҳа, дейлик, мамлакат ҳукумати раҳбарининг маърузаси намойиш этилади. Биосенсор муштарий маърузанинг қайси қисмига қизиқаётгани, қайси қисми эса у учун зерикарли бўлаётгани ҳақида хабар беради. Бу, таъкидлаш жоизки, муштарий фикрини ўрганишнинг илғор усуллардан бири саналади.

Ўзбекистонлик журналистлар агентликка ташриф давомида шу каби янги технологик усуллар билан танишдилар.

“Cиньхуа” Хитой Халқ Республикасининг расмий ахборот агентлиги бўлиб қолмай, халқаро мақомга ҳам эга. Агентликка 1931 йилда асос солинган.  “Cиньхуа” айни пайтда дунёнинг тўрт қитъасида 100 дан ошиқ бўлинма ва мухбирлик пунктларига эга. Агентлик хитой, инглиз, француз, рус, испан, португал, араб, япон тилларида информацион ва таҳлилий материаллар тарқатиш билан чекланмай, маркетинг тадқиқотлари ҳам олиб боради.

С.Салим

Муаллиф олган суратлар