Синдириш санъати. Америкадаги президентлик сайлови тарғибот кампаниясида Интернетнинг аҳамияти ошиб боряпти

Сайлов арафасида барча сиёсий кучлар ҳам ҳар қандай усулларни қўллаб оммани ўз ортидан эргаштиришга, тарафдорларини орттиришга ҳаракат қилади. Электорат эътиборини қозониш учун пиарменлар қандай усуллардан фойдаланмайди дейсиз. 2008 йилда ўтадиган президентлик сайловига ҳозирлик кўраётган АҚШда ҳам сиёсий технологлар янги-янги таъсир усулларини кашф этишга киришиб кетишган.

Америкада хоҳ парламент, хоҳ ижроия ҳокимияти учун бўлсин, овоз бериш жараёнлари жўшқин ва шиддатли руҳда ўтишидан хабарингиз бор. Ҳали сайловгача икки йилга яқин фурсат бўлишига қарамасдан номзодлар ўртасидаги кураш анчайин қизғин паллага киргани бу йил ҳам президентлик «пойгаси» кескин ўтишдан далолат бераётгандек. Эътиборли томони, бу сафар номзодлар ўртасидаги рақобатда анъанавий оммавий ахборот воситалари эмас, Интернетнинг ўрни кескин ошгани кўзга ташланяпти.

Сайловда иштирок этаётган ҳар бир номзод ўз Интернет сайтига эга экани табиий. Оқ уй соҳиблиги учун курашаётган сиёсатдонлар бу билан чекланмай эндиликда миллионлаб ўқувчилар ўртасида машҳур бўлган оммавий сайтларда ҳам ўз саҳифаларини очишмоқда. Ҳозирга қадар демократлар ҳам, республикачи номзодлар ҳам АҚШда кенг танилган ЁуТубе, МйСпаcэ каби ахборот порталларига ўзлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштиришди.

Давлат раҳбарлиги учун рақобатлашаётган номзодларнинг Интернетга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Халқаро компютер тармоғи бир томондан арзон сиёсий тарғибот воситаси бўлса, иккинчи томондан оммага тез ва кучли таъсир кўрсатиш усули ҳам саналади.

Яқинда Қўшма Штатларда оммабоп бўлган ЁуТубе видеосервис сайти орқали демократик партиядан номзод сифатида кўрсатилган Барак Обаманинг реклама рольиги намойиш этилди. Аслида мазкур рольик 1984 йили Аппле компанияси суратга олган рекламанинг янгиланган шакли, холос. Бироқ унда тескари таъсир усули орқали омма фикрини керакли мақсадга йўналтиришга эришилган. Хуллас, мазкур реклама рольигида қуйидаги ҳолат тасвирланган: Хиллари Клинтоннинг сайловолди чиқишини нафас ютиб тинглаётган оломоннинг ҳаяжонли ҳолати. Бирданига онгни забт этиш «сеанс»ини бузиб саҳнада спортчи қиз пайдо бўлади ва катта экранни синдириб ташлайди. Чил-чил цинган экраннинг қора фонида эса Аппле компанияси логотипи ва Барак Обаманинг шахсий веб-саҳифаси манзили ёзуви чиқади.

Қизиқ томони, Барак Обама сиёсий портретини жуда чиройли усулда тарғиб қилган реклама рольигидан номзоднинг ўзи бехабар эканини айтган. Бироқ ушбу рольикни тайёрлаган ҳожатбарор ким бўлсаям жуда узоқни кўзлаб иш тутгани кўриниб турибди…

Кўпни кўрган Америка сиёсий технологлари мазкур контрреклама усулидан олдин ҳам фойдаланишган. Масалан, 1964 йили Линдон Жонсон тарафдорлари томонидан тайёрланган «Маргаритка» деб номланган рольикда гул ушлаб турган қизалоқ ва унинг ортида учишга ҳозирлик кўраётган баллистик ракета тасвирланганди. Бу билан Линдон Жонсон гуруҳи агар рақиб Барри Голдуотерга овоз берсангиз, Совет Иттифоқи билан ядро уруши бошланиб кетиши мумкин деган фикрни оммага сингдиришга ҳаракат қилишганди. Тескари таъсир усули ўшанда ҳам ўз самарасини берди: Линдон Жонсон сайловда ғалаба қозонди.

2006 йилнинг ноябрьида ўтган Конгресс сайловларида ҳам республикачилар демократларга қарши ана шу синалган усул билан курашмоқчи бўлишди. Республикачилар тайёрлаган рольикларда уятчан табассум билан қараб турган Усама Бин Лодин тимсоли асосий планга чиқди. Бу билан электоратда агар демократларга овоз берсангиз, биринчи рақамли террорчи яна ҳаракат бошлайди деган таҳлика туйғуси уйғотиш кўзланганди. Бироқ, не ажабки, парламент сайловида тескари реклама фойда бермади. Пировардида демократик партия барибир Конгрессда ўз назоратини ўрнатди.

Интернет воситасида сайловчилар кўнглини топиш, албатта, қулай ва арзон усул. Халқаро компютер тармоғи телевидение ёки матбуот каби миллионлаб доллар маблағ талаб ҳам қилмайди. Бироқ минг бир тоифа ўқувчиларга эга бўлган Интернет талай нозик жиҳатларга эгаки, буларни инобатга олмаган номзод кўп нарса йўқотиши мумкин.

Балки ана шу жиҳатдан ҳадиксирагани туфайлидир, демократлар вакили Барак Обамадан яқинда Интернет сайтлардан бири билан судлашди. Гап шундаки, вояга етмаган қизлар билан ишқий муносабатларни тарғиб қилувчи веб-хизматлардан бири демократ номзод тўғрисидаги маълумотларни рухсатсиз жойлаб қўйган. Номзод эса ахлоқсиз сайт орқали олиб борилаётган тарғиботни ўз имижига салбий таъсир қилишидан хавотирланган.

Бошқа бир мисол. 2006 йилги сайловда сенаторликка номзод сифатида қатнашган виржиниялик Жорж Аллен мағлубиятга учради ва, энг қизиғи, уни синдирган ҳам айнан Интернет бўлди. Сайлов кампанияси давридаги учрашувлардан бирида Жорж Аллен рақибининг қора танли ёрдамчисини «макака» деб атаган. Буни табиий равишда ҳақорат деб қабул қилган рақиблар номзодни судга бериб ўтиришмади, ундан ҳам ақлли йўлни топишди: ўша ҳолат акс этган лавҳани ЁуТубе видеосервис сайти орқали тарқатиб юборишди. Ж. Аллен сиёсий қиёфасига ирқий камситиш тамғасини босган бу лавҳа охир-оқибат номзодга мағлубият келтирди.

Очиғини айтганда, миллионлаб Интернет фойдаланувчилар кўнглига йўл топиш ҳам осон эмас. Чунки халқаро тармоқнинг мижозлари кўплиги баробарида уларнинг феъл-атвори, қизиқиш ва ёндашувлари ҳам турлича. Масалан, Хиллари Клинтоннинг Ироқ уруши борасида мурожаатини бор-йўғи 20 минг Интернет фойдаланувчи кўрган. АҚШнинг собиқ биринчи хоними Аёвадаги сайловчилар билан мадҳияни биргаликда куйлаган лавҳани эса миллиондан ошиқ электорат томоша қилган. Ёки президентлик сайловидаги яна бир номзод Жон Эдвардснинг аҳолига мурожаатини камсонли одам кўргани ҳолда, унинг сочини тўғрилаётган лавҳа билан бир неча юз минг фойдаланувчи танишган.

Хуллас, Америкадаги сайлов жараёнида янги кураш йўллари, рақибни синдиришнинг янги усуллари ихтиро этиляпти. Ҳали сайловгача анча вақт бор. Бу фурсат ичида тиниб-тинчимас сиёсий технологлар яна бошқа таъсир йўлларини ўйлаб топишса ҳам ажаб эмас.

Собиржон Ёқубов

www.hurriyat.uz