“Henhouse Prowlers” блюграсс гуруҳи Самарқандда ўтадиган бу йилги “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалида АҚШни тамсил этади. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ушбу ижодий гуруҳ фақат халқаро фестивалда қатнашиб қолмай, Тошкентда маҳорат машғулоти ва концерт ўтказади. Хусусан, 23 август кундуз соат 1:30 да Тамарахоним музейида маҳаллий мусиқачи ва талабалар билан машғулот уюштирилади. 31 август соат 20:00 да эса “Анҳор Локомотив” кўнгилочар паркида концерт намойиш этилади. Маърифий тадбир кенг жамоатчилик учун очиқ ва бепулдир.
“Henhouse Prowlers” АҚШ Давлат департаменти шафелигида дунёнинг 25 дан ортиқ мамлакатида ҳар йили 175 та концерт берган жаҳонгашта мусиқачилар жамоасидир. Квартет Чикагода яшаб ижод этувчи Кристофер Доллар, Жонатан Голдфайн, Кайл О’Брайен ва Бенжамин Райтдан ташкил топган.
Санъаткорлар асосан анъанавий америкача блюграсс мусиқаси йўналишида ижод қилади. Гуруҳ “Live from Kyrgyzstan” (Бишкекда ёзилган) ва “Separation Man” номли иккита мусиқий альбом чиқарган.