Феноменал истеъдодлар ижодининг таъсирланиш ҳудудини фақат у яшаган замон, қадами етган макон, шунингдек, тилнинг тушунарлилик омиллари билан чегаралаш мақсадга мувофиқ эмас. XIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида жаҳонда шундай адабий юксалиш содир бўлдики, унинг сабабларини ўзаро адабий таъсирлардан излаш мақсадга мувофиқдир. ХХ аср бошида ирланд адиби ва шоири Жеймс Огастин Алоишес Жойс (1882–1942), испан шоири ва драматурги Федерико Гарсиа Лорка (1883–1936), олмон адиби Франц Кафка (1883–1924), рус шоири Александр Александрович Блок (1880–1921), Сергей Александрович Есенин (1895–1925), хитой адиби Лу Син (Чжоу Шужэн) (1881–1936), ҳинд адиби ва шоири Робиндронатҳ Тҳакур (1861–1941), бир қатор француз ёзувчилари, жумладан Ҳанри Барбюс (1873–1935), турк ижодкорлари, жумладан Ризо Тавфиқ, Яҳё Камол, Ҳусайн Раҳми Гўрпинар (1864–1944) ва дунёнинг бошқа кўплаб машҳур ижодкорлари бир-бирларидан таъсирланмаган бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, худди шу адиблар ижоди ХХ аср боши жаҳон бадиий тафаккури даражасини белгилаб бергани ҳам айни ҳақиқат. Ўзини миллат фидойиси деб билган, миллий адабиётни юксалтириш орқали ўз халқини умумжаҳон миқёсига олиб чиқишни мақсад қилган ҳар бир ижодкор бадиий тафаккури даражасини ўз даврининг энг илғор тенденцияларига мувофиқлаштириши зарур. Бунда у, албатта, ўзи билан бир замонда яшаб ижод қилаётган жаҳон адибларининг ютуқлари ва тажрибаларидан унумли фойдаланиши, керак бўлса, улар билан ўзаро мубоҳасага кириши тақозо этилади.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ХХ аср бошида ўзбек адабиётини Абдулла Қодирий ва Абдурауф Фитрат билан бақамти туриб, ана шундай даражага етказа олди. Шу маънода, Чўлпон ижодини жаҳон адабиёти контекстида тадқиқ қилиш, назаримизда, энг тўғри йўл бўлади. Бироқ бу ўринда шуни назарда тутмоқ зарурки, “Адабий таъсир ёки компаративистика жараёни ҳар бир миллий адабиёт доирасида ўзига хос тарзда намоён бўлади” (Жўрақулов У. Назарий поэтика масалалари. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2015. – Б. 234–235).
Чўлпон мансуб ижтимоий-адабий муҳитни Ўзбекистон ёки Марказий Осиё билангина чегаралаш ярамайди. У Россия, Туркия, Германия ва бошқа бир қатор мамлакатлардаги адабий ҳаракатлар билан бевосита танишиб, ўзига хос алоқада бўлгани яхши маълум. Негаки, Исмоил Гаспиринский илгари сураётган туркий халқлар бошида асрлар бўйи давом этиб келаётган миллий инқирозни бартараф этиш ва дунёнинг илғор халқлари қаторига олиб чиқишни кўзда тутувчи жадидчилик ҳаракати, миллий уйғониш ғоялари шоир ижодининг мафкуравий асосини ташкил этар эди. Жадидчилик ва жадид адабиёти миллий маърифатни жаҳон илм-фани ва санъати билан уйғун тараққий эттириш ғоясига асослангани маълумдир.
Гарчи алоҳида зикр этилмаган бўлса-да, Чўлпон ижодида жаҳон адабиёти яловбардорлари, дарғалари ижодига хос услуб ва дард қайноқ ифода топади. Бу услуб ва дард шоирнинг Россия, Туркия ва Озарбайжон каби юртларга сафарлари, у ерларда турли даражадаги адабиёт аҳли билан ижодий мулоқотлари натижасида шаклланган. Бу қарашни унинг айрим мавзулари ва образлари орқали кейинроқ таҳлил қиламиз, ҳозир эса шоир бадиий-эстетик тафаккурининг ўсиши ва ривожланишига кучли таъсир кўрсатган ижтимоий ва хусусий омилларни аниқлашга ҳаракат қиламиз.
1. Ўта мураккаб тарихий шароит. Маълумки, Чўлпон дунёга келганида юрт аллақачон чоризм асорати, тасарруфи остида эди. Дунё бўйлаб эсаётган озодлик шамоли фақат мустамлака ўлкаларда эмас, мустамлакачи юртлар, жумладан чор Россиясининг ўзида ҳам катта тўнтаришлар содир қилди. Қолаверса, Биринчи жаҳон уруши етказган азиятлар Туркистонда ҳам халқ ҳаётининг бир неча баравар оғирлашувига сабаб бўлди. Бу урушдан сўнг сиёсий ўзгаришлар, тарихий воқеалар алмашинуви шу қадар тезлашдики, натижада миллатнинг асл фарзандлари – зиёлилари қатағон гирдобига тушди. Хусусан, Туркистонда мухторият ўрнатилиши ва унинг қирғин билан тугатилиши, шўро тартибининг зўравонлик асосида ўрнатилиши, фуқаролар уруши, қатағонлар – булар содир бўлган воқеаларнинг асосийлари, холос. Иккинчи томонда инқироз, қолоқлик ва жаҳолат ботқоғида ўзини-да емираётган миллат бошига тушган кулфатнинг оғир юки. Ана шу воқеалар “туғма шоир” – туғма идрок ва истеъдод эгасининг беғубор ёшлик айёмини тўзонлар билан тўлдиргани шубҳасиз. Шунинг учун ҳам унда оламга, атроф-муҳитга ва тарихий вазиятни ўзгартиришга қодир кучларга муносабат жуда эрта шаклланди. 1918 йилда татар маърифатпарвари ва етакчиси Мулланур Вахитов (1885–1918) вафоти муносабати билан ёзилган каттагина шеъри ҳам бунга далил бўла олади. У шундай сатрлар билан бошланган:
Сўнг даврда йўқсул Шарқнинг тарихи,
Бир бет бўлсин, оқ сатрни кўрмади.
Дунё тарихини ёзган муаррих
Яхшиликка қаламини бурмади.
Шарқнинг қайси бурчагини қарасанг,
Йўқлик, ўлим, зулм, қарғиш кўрардинг.
“Томуғ” деган сўзни билмак истасанг,
Шарқни бошдан-оёққача юрардинг.
Бир замонлар ер юзинда ўз бошли
Улуғ, шонли, маданият туғдирган
У гўзал Шарқ, ширин тупроқ сўнг замон
Бўлди четлар панжасида кўзёшли…
2. Маънавий етук ва молиявий тўкис оила муҳити. Чўлпон иқтидорининг камол топишида унинг болалик даврида олган таълими ва тарбияси, шубҳасиз, муҳим ўрин тутади. Отаси Сулаймон баззоз ўз даврининг кўзга кўринган савдогари, тадбиркорларидан бири бўлиши баробарида “Расво”, “Волаи Расво” каби тахаллуслар билан шеърлар ёзган, андижонлик қаламкашлар доирасига мансуб кишилардан эди. Табиийки, у ўз ўғлининг таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланган. Академик Наим Каримовнинг ёзишича, Сулаймон “замонасининг тараққийпарвар кишиларидан бири бўлгани боис бошқа мамлакатларда рўй бераётган воқеалардан, хусусан, шу мамлакатлардаги савдо-сотиқ ишларидан хабардор бўлиш мақсадида бир неча хорижий газеталарга ёзилганди. Абдулҳамиднинг дунё ҳақидаги, Шарқ ва Ғарб мамлакатларидаги халқлар ҳақидаги тасаввури ва билими шу нашрлар ёрдамида шаклланиб борди” (Каримов Н. Чўлпон ҳақида сўз. /Чўлпон. Асарлар. 4 жилдлик. Ж.I. – Тошкент: Академнашр, 2016, 6-бет.) Унинг 15 ёшида, 1913 йили Исмоил Гаспиринскийдек машҳур кишига мактуб йўллаши эътиборга молик воқеалардан бўлиб, ўша мактубда “Шалола”, “Турк юрди”, “Шаҳбал”, “Вақт”, “Иқбол” ва “Таржумон” газеталари материалларидан яхши хабардорлиги оила муҳитининг нечоғлиқ маърифатли эканидан далолат беради.
3. Юрт озодлиги учун кураш майдонига кириш. 1917 йил февралда Россияда содир бўлган буржуа қўзғолони ва давлат тўнтариши унга тобе ва мустамлака ўлкаларда қисқа муддат озодлик умидига, заиф бўлса-да, ҳаракат бахш этгандек бўлди. Қўқонда янги мустақил давлат эълон қилиниб, унинг қурилиши билан минг-минглаб зиёлилар машғул бўлди. Янги давлатнинг Мадҳиясини ёзиш ҳали йигирмага ҳам кириб улгурмаган Чўлпонга насиб этди. Бу тасодиф эмас эди. 1914 йилдаёқ ёш Абдулҳамид миллат зиёли ватанпарварлари эътирофини қозона бошлаган эди. Шу йили 18 апрелда “Садои Туркистон” газетаси саҳифасида “Туркистонлик қардошларимизга” шеъри олдидан шундай сатрлар ёзилган эди: “Дунёнинг қайси бир четига кўз солсак ва қайси миллатнинг аҳволига назар қилсак, ул миллатнинг саодати, ривожи ва тараққийси учун бошлаб шул миллатнинг ёшлари ва ёш фикрли қаҳрамонлари сабаб бўлмакдадирлар. Оларнинг ёш кўнгиллари ҳар бир нарсадан ғолиб бўлуб, ғафлат, жаҳолат қалъаларини зўр ила уруб йўқ қилмак орзусида бўлурлар. Ҳам баъзилари орзуларига муваффақ бўлуб, бутун бир миллатнинг ёши, қариси, эри ва хотинига ёлғуз ўзлари раҳбар бўлурлар. Ёшгина қалблари ила ёруғлик ва илм, маориф нурига бошларлар. Бундай ёшлар ҳар бир мамлакатда, оз-кўп, ўзига яраша бордир. Алҳамдулилло, бизим Туркистон турклари орасидан ҳам шундай ёшларимиз ва ёш фикрли болаларимиз кўринмакка бошлади. Далил учун ўшли 12 яшар М.Санжарбек афанди ила андижонлик 15 яшар Абдулҳамид афандини кўрсатув етса керак”.
Академик Наим Каримов фикрича, Чўлпоннинг 1914 йилда “Садои Туркистон” газетасида босилган “Туркистонлик қардошларимизга” шеъри, “Қурбони жаҳолат”, “Дўхтур Муҳаммадиёр” ҳикоялари, “Мактаб” сарлавҳали публицистик мақоласи, “Адабиёт надир?”, “Муҳтарам ёзувчиларимизга” адабий танқидларидаёқ унинг “ижодий дастури ўз ифодасини топган эди”. Бундай жўшқин ижодий фаолият, 16 ёшдаёқ катта эътирофга арзирли асарлар яратиш, муҳими, ижодий дастурга эга бўлиш унга бўлган умидни ишончга айлантирди. Янги давлат Мадҳиясига муаллиф танланганда ундан бошқа муносибини топиш қийин эди.
Лекин гап Мадҳияда эмас, янги мухторият вужудга келиши Чўлпоннинг ватанпарварлик ғояларига мос ҳодиса эди. Шунинг учун ҳам шоир уни олқар, унга борлиғини беришга тайёр эди. Афсуски, у оз фурсатда янчиб ташланди ва унинг фаоллари таъқиб қилинди. Туркистон Мухторияти унутилгунга қадар унинг Мадҳиясини ёзган шоир кўзлардан йироқроқ бўлсагина яшаб қолиши мумкин эди. Буни англаган Заки Валидий Чўлпонни Оренбургга олиб кетади. Бу ерда у Бошқирдистон Мухторият ҳукуматини тузиш ишида иштирок этади.
Бу жараёнларнинг ҳаммаси шоирда юрт озодлиги ғоясини ўстирди ва унинг сиёсий қарашларини янгиланган ватан, юксалган миллат ғоялари асосида шакллантирди. Табиийки, бу ғоялар ижодда ҳам янгиланишларни тақозо этар эди.
4. Рус ва турк адабиёти орқали жаҳон адабиёти билан танишув. Чўлпон болаликда мадраса таълимини олиб, араб ва форс тилларини яхши ўрганган, бу тиллардаги адабиёт билан ҳам маълум маънода танишгани шубҳасиз. Кейинроқ шоир рус-тузем мактабида рус тили ва адабиёти билан ҳам чоризм мафкураси ерли халқларга муносабати доирасида, мактаб таълими даражасида танишди. Лекин жадидчилик, миллий уйғониш сиёсий-маърифий ҳаракати намояндаларининг асарлари билан таниша бошлагач, рус адабиётидан хабардорлик даражаси уни қониқтирмай қўйгани шубҳасиз. Чунки мазкур адабиётлардаги анъанавийлик хусусиятлари рус, турк ва татар адабиётларидаги янгиланишлар олдида қайсидир маънода эскирган эди. Шундан бўлса керак, Чўлпон ўз шеърларида эски услуб ва анъаналар билан бирга мазкур тиллар орқали ўрганган янгиликларни катта журъат билан миллий андазаларга мослаб татбиқ эта бошлайди. Биз уларни айрим мисоллар орқали изоҳлашга ҳаракат қиламиз.
“Ҳамлет” таржимаси орқали Шекспир поэтик маҳоратининг ўзлаштирилиши. Маълумки, ХХ аср бошида Туркистонда маданий соҳанинг ҳамма жабҳаларида янгиланиш авж олди. Бу ерда театр санъатининг оёққа туриши биринчи галда жадид зиёлиларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширила бошлади. Жумладан, Чўлпон томонидан жаҳон мумтоз драматургиясидан қилинган таржималар ўзбек театри ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Иккинчи томондан, бу таржималар шоир бадиий маҳоратининг ошишида ҳам катта мактаб бўлиб хизмат қилди. Буни У.Шекспир қаламига мансуб “Ҳамлет” трагедияси таржимаси яққол намоён этади.
Таржимон бу асарни, тахмин қилиш мумкинки, М.Уйғур тавсияси билан таржима қилган. “Биринчи санъат нишондори ўртоқ Уйғурга” номли шеърида бунга ишоралар бор: “Туркистон табиби” ўйналар экан, Саҳнамиз “Ҳамлет”га етади!” дердинг. Ёки: “Элни севинтириб қандай порлади, энг буюк асари У.Шекспирнинг!”
Маълумки, У.Шекспир томонидан “Ҳамлет” трагедияси бошқа кўплаб трагедиялари қатори шеърий йўлда ёзилган. Чўлпонгача рус тилига қилинган таржималар (улар 20 га яқин)нинг баъзилари шеърий ва баъзилари насрий йўлда амалга оширилган. Масалан, Николай Кетчер, А.М.Данилевский, Павел Каншин кабиларнинг таржималари насрий бўлса, Пётр Гнедич, Дмитрий Аверкиев, Николай Россов, Михаил Лозинский, Анна Радлова в? а Борис Пастернак кабилар шеърий ёки назм-наср йўлидаги таржималарни амалга оширганлар. Бизнинг қисқа кузатувимиздан маълум бўлишича, Чўлпон уларнинг ҳаммаси билан танишиб чиққан. У “Шекспиршунос Евгений Ланнинг маслаҳати билан асарнинг П.Каншин томонидан қилинган насрий таржимасини асос қилиб олади. Айни пайтда шу таржимани Е.Лан ёрдамида инглизча аслият билан қиёслаб ўрганади” (IV, 538). Асарнинг насрий таржима қилинишида ўзбек томошабинларининг ўша даврдаги диди ва савияси ҳам ҳисобга олинган бўлса керак.
Робиндронатҳ Тҳакур ижодига мурожаат. Чўлпоннинг Робиндронатҳ Тҳакур (Рабиндранат Тҳакур) ижодига мурожаатини унинг ўз шахсий қизиқиши натижаси сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ эмас. Бунинг замирида буюк шоирга хос катта ва улуғ мақсад бор эди. Бу туркий халқлар адабиётининг Тҳакур ҳинд адабиётини олиб чиққан даражага етказиш ғояси эди. Тҳакур ХХ аср бошида “дунёда энг ўткур адибга берилатурған Нобель мукофоти”ни қўлга киритиш орқали ҳинд адабиётининг шуҳратини ҳам орттирди. Чўлпонда мазкур ғоя бўлганини унинг “Улуғ ҳиндий” мақоласида аввал ўзбек, сўнг туркий адабиётлар орасида нисбатан илғор бўлган татар, озарбайжон ва усмонли адабиётини қисқа таҳлил қилиб, эски услубдан янгисига жуда секин борилаётганидан таассуф чекади. Лекин жуда оз бўлса-да умид борлигини ҳам унутмайди. Чўлпон туркий адабиётда эски руҳни сақлаган ҳолда янги (Ғарбга хос) шаклларни ўзлаштириш тамойилини илгари суриши, шу йўл билан бу адабиётнинг илғор адабиётлар қаторига қўшилишига ишончи ҳам ана шу кичик мақолада аён бўлади. Шунингдек, мақолада шоирнинг Тҳакур ижодидан учта шеърни таржима қилиб нашр эттираётганини ҳам билиб олиш мумкин.
Чўлпоннинг икки қисмдан иборат “Тҳакур ва тагўршунослик” мақоласи ҳам унинг мазкур ғояси руҳида ёзилган. “Рабиндранат Тҳакурни маданий оламнинг ҳаммаси танийди, дейди у, маданий оламга нисбатан анча кетда бўлған бугунги турк-татар шўро жумҳуриятлари халқлари ҳам уни анчадан бери танийдилар”. Бу парчадан шоир Тҳакурнинг шуҳрати билан бирга ўз халқининг “маданий оламга нисбатан анча кетда” эканидан ички оғриқли бир дарди борлигини изҳор қилаётгани ҳам тушунилади.
Чўлпон Тҳакурдан ўрганганларини уч қисмга ажратиб кузатиш мумкин: 1) фалсафий мушоҳада; 2) мавжуд нарса-ҳодисалардан поэтик образ яратиш ва 3) шеър шаклини маълум қонуниятлардан чиқмаган ҳолда ўзича яратиш. Кучли ижтимоий маънога эга “Ғафлат” шеърига у “улуғ ҳиндий”дан шундай эпиграф олади: “…Биз олам китобини янглиш ўқиймиз-да, “У бизни алдайдир”, деймиз”. Бу фалсафа шеърга жуда мос тушган.
Чўлпон асарларининг ҳозирги нашрларида Тҳакурдан қилинган икки шеъргина учрайди: “Чироқлар”, “Ҳой йўловчи қиз”. Унинг мақолаларини кузатадиган бўлсак, аслида улар кўпроқ бўлганига амин бўламиз. Юқорида эсланган “Улуғ ҳиндий” мақоласининг ўзида учта таржима ҳақида сўз борган эди.
“Чироқлар” шеърида чинни чироқ, сопол чироқ ва Ой, “Ҳой йўловчи қиз” йўловчи қиз образлари орқали қадр-қиммат ва озодлик тушунчалари ҳақида фикр юритилади. Ҳар иккала шеърда ҳам шакллар асосий йўлдан чиқилмаган ҳолда анъанавий қолиплар истисно қилинади:
“Чироқлар” шеъридан:
Бир айвоннинг токчасида
Тўла нурли чинни чироқ
Порил-порил ёнар эди
Ойнинг тўлган кечасида
Нурлар сочиб қучоқ-қучоқ.
Ўзига хўп бино қўйиб,
Ўз нурини ўзи суйиб
Тиғларини сочар эди…
Рус адабиёти ютуқларини эгаллаш. Чўлпон рус тили ва адабиётини она тили ва ўз халқи адабиёти каби чуқур ўрганди. Давр ижтимоий муҳити талабидан ташқари шоир уни “маданий олам”га кириш воситаси сифатида тушунди ва, албатта, бу тушуниш тўғри бўлиб чиқди. Рус адиблари туркий халқлардан анча аввал жаҳон адабиётининг нодир намуналарини ўз тилларига таржима қилиб олган, бир неча тиллардаги адабиёт намуналари билан шу биргина тил орқали танишиш мумкин эди. Бундан ташқари, жаҳон адабиётидаги етакчи ғоялар, мотивлар ва услублар рус адабиётида жуда тез бўй кўрсатар, улар билан тезроқ танишиш имкони бўлар эди. Шоирнинг инглиз, француз, олмон ва бошқа тиллардаги адабиёт намуналаридан қилган таржималари рус тили орқали амалга оширилгани шубҳасиз. Бинобарин, мамлакатда замонавийликда туркий халқлар адабиётидан анча илғор бўлган рус адабиёти муҳити мавжуд бўлиб, унинг ютуқларини ўзлаштириш ва эгаллаб олиш ҳар бир адиб учун муҳим эди.
Чўлпон А.С.Пушкин, Н.В.Гоголь, И.С.Тургенев, Иван Франко, А.П.Чехов, Л.Андреев, А.М.Горький, А.Блок, А.Серафимович, И.А.Крилов каби бир қатор йирик рус адабиёти классиклари асарларини ўзбек тилига таржима қилиш орқали бу адабиётнинг таъсирчан усулларини эгаллаб олди. Шоир ижодида у таржима қилмаган кўпгина ижодкорлар асарларининг ҳам таъсирини кўриш мумкин.
Шу ўринда Пушкин ва Блок шеърияти Чўлпонга энг кўп таъсир қилганини таъкидлаш лозим. Шоир Пушкиннинг “Дубровский” қиссаси, “Банди”, “Булбул ва Гул” шеърларидан ташқари “Борис Годунов” номли энг мураккаб асарларидан бирини ҳам ўзбек тилига шеърий йўлда катта маҳорат билан таржима қилди. Таржима Пушкин шеърияти тилини янада чуқурроқ идрок этишга сабаб бўлди. Шоир асарларида, жумладан, айрим шеърларида насрнинг аралаш келиши, эҳтимол, шу асарнинг таъсиридир. Шу билан бирга таржима Чўлпон истеъдодининг Пушкиндан қолишмайдиган юксак эканига ҳам далил бўлади. “Булбул ва Гул” шеърини Чўлпон арузга мослаб таржима қилган:
Баҳор чоғида холи боғда бир зулматли тун эрди,
Ғариб булбул фиғон айлаб: “Гулим раҳм айлагил”, дерди…
Тақтеъси: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун
мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун.
ХХ аср бошидаги рус шеъриятининг энг катта ютуғи сифатида Александр Блок ижодини кўрсатиш мумкин. Чўлпон шеъриятидаги жуда кўп хусусиятлар айнан шу шоир ижодидаги фазилатларни намоён этади. Ундан бир таржимаси ҳам нашрларда берилади:
Кўнгил жимдир, совуқ кўкда,
Қараб унға ёниб турған
Ҳануз холи у юлдузлар.
Бутун атроф ва ҳар ёқда:
“Нон – олтин” деб фиғон қилған
Талашчи, ғалвачи эллар.
У жим, лекин фиғонларға
Қулоқ берган ва кўз тиккан
Узоқларға – йироқларға!..
Баъзи шеърларга ном қўйилишида ҳам Блокнинг таъсири сезилади. Маълумки, Блокнинг “Ўн иккилар” номли машҳур достони бор. Чўлпон баъзи шеърларини шу усулда атайди: “Ўн олти”, “Олмишларга”. Хорижий юрт ва халқларга тегишли ҳодисаларга мурожаат қилиб янги талқиндаги шеър яратиш усули ҳам Блокка хос. Чўлпон ижодидаги “Нил қизи”, “Лузон”, “Каптар”, “Клеупатра уйқуси”, “Кетганингда”, “Бир лавҳа” каби шеърлари худди шу усулда ёзилган.
Турк шеърияти таъсири. ХХ асрга яқин ва унинг бошида туркий халқлар зиёлиларининг ўзаро яқинлиги ҳар қачонгидан ортди. Чунки улар энди буюк келажакни фақат бу халқларнинг бирлашуви ортида эканини яхши англаб олган эдилар. Миллий уйғониш мафкураси, жадидчилик ҳаракатида бу ғоя устувор эди. Чўлпон бу ҳаракатдан четда бўлмагани маълум. У ўзининг бир неча шеър ва мақолаларида усмонли турк шоирлари ижодига муносабат билдиради. Бир ўринда у ёзади: “Номиқ Камолдан Али Сайфи (А.Сайфий)га довур усмонли адабиётини ўқуймен: ё ортуқ янгилик, ғарблик, ё ортиқча шарқлилик! Фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган сўфийларча шеърларини ўқуймен; шуларга дурустгина қонамен; ундан кейин Яҳё Камолнинг “Саъдобод” руҳида баъзи нарсалари” (IV, 32). Маълумки, Номиқ Камол (1840–1888) турк шоири, носири, журналисти ва ижтимоий ходими сифатида таниқли шахс эди, Али Сайфий борасида Чўлпон қайси шу исм-шарифли зот ҳақида тўхталганини аниқ айта олмаймиз. Ризо Тавфиқ 1869 – 1941 йилларда яшаган файласуф, шоир ва сиёсатчи, Яҳё Камол эса машҳур дипломат бўлса-да, Чўлпон даврида унча шуҳратли бўлмаган шоир эди. Бинобарин, Чўлпон турк адабиётининг машҳур шоир ҳамда ёзувчилари билан бирга ҳали кўпчилик яхши билмайдиган вакиллари ижодигача танишиб, ўрганиб борган.
Адабиётшунос Нормат Йўлдошевнинг фикрича: “Чўлпоннинг табиат рамзларига мурожаат этишида Фикрат шеъриятининг таъсири катта… Т.Фикрат баҳор ва қиш, куз ва ёз, қуёш ва ой, тун ва кун образлари орқали борлиқдан моҳият излаб, фалсафий мушоҳадалар юритади. Демак, Фикратда ҳам, Чўлпонда ҳам табиат мақсад эмас, балки шу табиат тасвирида руҳий бир ҳолатни ифодалаш, борлиққа муносабат бидириш. Инсон ҳаёти ҳақида маълум бир ҳақиқатни айтишдир”.
Чўлпон, ҳатто, турк тилида шеърлар ижод қилди. Ҳозирча унинг “усмонлича” ёзилган бешта шеъри маълум. Улар кўпроқ бўлган ҳам бўлиши мумкин. Улардаги турк шеъриятига хос тароватнинг эркин ва муваффақият билан қўлланиши шундан далолат беради. Мана, улардан бири:
ISHQ
(Usmonlicha)
Ilk evvel go‘zimi ishq ila ochdim,
Ishqing meydanina qanimi sachdim.
Ishqsiz o‘lkalerden u endе qochdim,
Ne zamon bog‘ladim zunnore ishqi.
Ishq deya ayrildim dindan, imandan,
Anglamam hech bir jаy insаf, vijdаndan.
Ishka sajda etdim, bo‘ldim u аndan,
Ne zamon qatl etdim kuffor-i ishqi.
Jannat benim uchun quruq sahrаdir,
Ishqning sahrosi, kim banga ma’vаdir.
Aksini sen banga ne qadar qаndir,
Qonmam, chunki bildim gulzаr-i ishqi.
Ishqing meydoninda bir pexlivanim,
Bir mahshar qo‘parur har damda qonim,
Na buyuk benim, baq, ishqa imonim,
Yera diz cho‘kirdi cabbar-i ishq.
Ben ishqing mulkiga yagana haqan,
Banga bo‘yin egar bar jumla sultan.
Inanir o‘rduma shuyla bir boqqan,
Ko‘r nica saf bista ashcar ishqi.
So‘ylarkan dillarim na yaman so`zlar,
Yozarkan qalamim na hazin ag‘lar,
Soddadil bunlardan na ma’ni anglar,
Bilmas kuch o‘ldug‘i izhori ishqi.
Қардош халқлар адабиёти ютуқларидан таъсирланиш. Бу борада айтиш лозимки, собиқ шўролар ҳудудидаги қардош халқлар адиблари, маданият аҳли ва маърифатпарвар зиёлилари билан Чўлпон олиб борган мулоқотлар шунчаки алоқа бўлиб қолмай, тақдирдошлик қисмати даражасида бўлганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Айниқса, аввал таъкидлаганимиздек, бироз пешқадам татар ва озарбайжон адабиёти ва маданияти аҳллари билан мунтазам олиб борилган ижодий мулоқотлар шоир тафаккурининг янада теранлашувига, бир миллат доирасидаги маълум чегаралардан ўзишига ёрдам берди. Бу мулоқот аҳиллари кўпчиликка яхши маълум бўлгани боис улар ҳақида узоқ тўхталиб ўтирмаймиз.
Лекин шу ўринда Чўлпоннинг бир ижодкор билан ҳамкорлиги ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Чунки шоирнинг шўро воқелигини мадҳ этган шеърларини фақат замонасозлик, муроса тақозоси сифатида баҳолаш ҳам, бизнингча, тўла маънода инсофдан эмас. Акс ҳолда улар бу қадар миқдорга ва самимиятга эга бўлмас эди. Унинг содир бўлаётган воқеалар шиддатидан умидланишга, катта салоҳиятга эга бўлган ижодкорларнинг тақдири ва тақдим этаётган фикрларига ишонишга ҳам ҳаққи бор эди. Ана шундай ижодкорлардан бири сифатида Абулқосим Лоҳутийни кўрсатиш мумкин.
Маълумки, асл исми Абулқосим Аҳмадзода бўлган шоир Эроннинг Кирмоншоҳий шаҳрида 1887 йил дунёга келган ва ХХ аср бошида бу ерда ҳам содир бўлган озодлик ҳаракатлари, қўзғолон ҳамда инқилобларда иштирок этиб, бунинг учун таъқибга, ҳатто, ўлим жазосига лойиқ топилган. 1921 йилда Бокуга, 1922 йилда Москвага келиб паноҳ топган, қолган умрини собиқ иттифоқда ўтказган, шўровий ғояларни тарғиб қилишда жуда фаол шахсга айланган. У олиб борган кўплаб даъватлар Чўлпонда ҳам умид шуълаларини ёққан бўлса ажаб эмас. Агар у Лоҳутийдан қаттиқ таъсирланмаса, у “У (Лоҳутий) шамолдай майин овози билан шу тўғрида (Октябрь тўнтаришининг 20 йиллиги ҳақида) бир соатга яқин сўзлаган нутқида кўксида бўлшевик кўкламининг раққоси ўйнарди. Унинг сўзидаги самимийлик шундан эмасми, ахир?.. Ҳамма бу катта Шарқ шоири, кўммунист-бўлшевик шоирнинг сўзини маза қилиб тинглади, чунки у яхши мисоллар, чиройлиқ ўхшатишлар, кучли фикрлар, ишонтиручи далиллар билан сўзлади”, деган эҳтиросли сўзларни ёзмас эди (IV, 40–41).
Чўлпон Лоҳутийнинг “Оврўпо сафари” эсдаликларини таржима қилиб, 1936 йилда ҳам адабий журналлардан бирида эълон қилди, ҳам алоҳида китоб ҳолида чоп эттирди. Худди шу йили шоир Лоҳутийнинг “Эрон қизи” ва “Эрон қизининг жавоби” шеърларини ҳам таржима қилган. “Эрон қизи” шеъри муаллиф томонидан унинг Ўзбекистонга сафари давомида ҳосил қилган таассуротлари натижасида ёзилган. Шеър унчалик катта эмас, тўрт банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон ва Эрондаги ижтимоий-сиёсий ҳолатлар қиёсланади.
Шоир дунёқарашининг кенглиги жаҳонда кечаётган воқеаларни чуқур таҳлил этганида ва улардан озодлик мотивларини кўплаб топа олганида кўринади. Қадимги Миср, қадимги юнон манбаларида келтирилган воқеалардан ХХ асрдаги Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, араб мамлакатлари, Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа юртлардаги сиёсий тутумларгача шоир назаридан четда қолмайди. Улардан янги-янги туйғулар туяди, зулм ва зўравонликнинг турфа кўринишларидан таъсирланади. Уларни бир қатор республикаларни асоратига олиб турган шўро сиёсатига ўхшаш томонларини турли хил йўллар билан қаламга олади. Баъзан бу тутумни фош қилишга, ундан зулм кўраётган халқларни оҳу зорларига мос асарлар дуч келганда, у шеър бўладими, драматик асарми, бундан қатъи назар таржима қилади. Баъзан эса орзу-умидларига ҳамоҳанг асарларни ҳам таржима қилади, улардан баъзилари туркум кўринишини олади. “Хитой оҳанглари” ана шулардан биридир.
Бу туркумдаги икки шеър (“Хизматчи бола қўшиғи”, “Жан-Зи”) “Торт наърангни, Хитой” пьесаси учун ёзилган. Уларнинг иккаласида ҳам “йўқсилпарвар” шўро сиёсати фош этилиб, тузилажак янги давлат йўқсиллар учун ҳеч қандай наф келтирмаслиги таъкидланади. Лу Цзин Ван ва Вей Ин Ю каби шоирлардан қилинган таржималар юрт соғинчи мавзусидадир.
Чўлпон шеъриятига таъсир ўтказган бундай омиллар кейинги фаслларда ҳам тилга олинади.
5. Руҳий босимга қарши тура олиш. Чўлпон ижодидаги шиддатга унинг юксак истеъдоди билан бирга қарийб қирқ йиллик умрининг ярмидан кўпроғи таъқиб ва таҳдидда асаб толаларининг таранглашуви, кучли босим остидаги руҳий ҳолати ҳам сабаб бўлган, дейиш мумкин. Унинг “Эътизор”, “Бошқармага хат” каби битиклари, Ўзбекистон ёзувчиларининг 1937 йил 7 – 8 апрель кунларида бўлиб ўтган йиғилишида сўзлаган нутқи ҳаётига соя солиб турган муқаррар таҳликадан шоирнинг нажот истаклари сифатида вужудга келганини тушуниш қийин эмас.
Таъқиб туфайли шоирнинг жуда кўп шеърлари босилмасдан, эълон қилинмасдан йўқ бўлиб кетди. Улар ўрнида бошқа шеърлар ёзилди. Яна бир қанча шеърларини у ўзи ва яқинларининг хавфсизлиги учун ёқиб юборгани ҳам маълум. Улар ўрнига ҳам бошқа шеърлар ёзиш, таржималар қилиш билан шуғулланди. Чўлпон мазкур нутқида ғанимларнинг шоир “ўзини кўрсатмагани” ҳақидаги иддаоларига жавобан кейинги икки йил ичида ёзган ва таржима қилган ишларини санаб беради. Улар Горькийнинг жуда катта асари – “Она” романи иккинчи бўлими, “Егор Булучев”и, Пушкиннинг “Дубровский”, “Борис Годунов” асарлари, Лоҳутийнинг “Оврупа сафари” таржималари, ўзининг “Жўр” деб аталган шеърий тўплами, “Тиётру” газетаси ва “Муштум” журналларидаги фаолияти ва ҳоказолар эди. Яна шоир бу икки йилнинг бир йилини ўзининг муттасил касал (қандли диабет) бўлиб ишлай олмагани учун “скидка” қилишларини ҳам сўрайди. Нафсиламрини айтганда, мазкур таржималарнинг ўзи ҳар қандай ижодкордан ўнлаб йиллар шуғулланишини талаб қилади. Бу шижоатли ишнинг асосий сабаби таъқибга таслим бўлмаслик, унга қарши туриш эди. Чўлпон поэтик тафаккури такомилида жаҳон адабиётининг тутган ўрни ва шоир асарларининг дунё адабий-эстетик тафаккури тараққиётига кўрсатган таъсири ана шу омиллар билан чамбарчас боғлиқдир.
Шаҳло Ҳожиева,
Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 8-сон