Шаҳидлар отилган ва дафн этилган жойлар зиёрат қилинди

14 октябрь куни бир гуруҳ зиёлилар, ижтимоий тармоқ фаоллари 1938 йили отилган миллат фидойилари, шаҳид боболаримиз отилган ва дафн этилган жойларни зиёрат қилдилар. Тарихчи Анвар Назир ташкил этган ушбу зиёрат қатағон қурбонлари хоклари дафн этилган Оқилота қабристонидан бошланди. Бу ерда шаҳидлар ҳақига Қуръони карим тиловат қилиниб, улар амалга оширган хайрли ишлар эсланди.

2000 йили очилган “Шаҳидлар хотираси” майдони яқинида қатағон қурбонлари отилган деб тахмин этиладиган эски Алвастикўприк ўрни ва ёдгорлик мажмуаси кўздан кечирилиб, халқимизни ҳурлик ва эркинликка ундаган, мустабид тузум йилларида қатағонга учраган минглаб фидойи ватандошларимиз хотирланди. Шундан сўнг пойтахтимизнинг “Чиғатой” қабристонига зиёрат уюштирилди.

1938 йилнинг 4 октябридан 15 октябрига қадар Тошкент шаҳрининг ҳозирги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси атрофида минг нафардан ортиқ юртдошларимиз НКВД аскарлари томонидан отилган. Кейинчалик иншоотлар қурилиши муносабати билан шаҳидлар суяк ва хоклари мажмуа яқинидаги Оқилота қабристонига олиб бориб дафн этилган. 1990 йиллар бошида қабристонда шаҳидлар хотираси учун кичик ёдгорлик-лавҳа ўрнатилган. Қабристонга дафн этилганларнинг шахси маълум эмас.

1937-1939 йилларда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлигининг “учлик”лари томонидан 41000 нафардан кўпроқ киши қамалган. Шулардан 37000 нафардан кўпроғи судланган, 6920 киши отиб ташланган.