“Ҳилол-нашр” матбаасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси” таржимаси, “Ҳадис ва ҳаёт” силсиласининг 19-жузи — “Оламларга раҳмат Пайғамбар” ва “Исроф” китоблари қайта нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги масжид имомлари, толиби илмлар иштирок этди.
Муҳаммад Анвар Бадаҳшоний таълиф этган “Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси” китобининг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ таржимаси ҳақида Тошкент шаҳридаги “Тўхтабой” жомеъ масжиди имом-хатиби Исоқжон домла Бегматов батафсил маълумот бериб, нашрнинг юртимиз мусулмонлари учун фойдалари беқиёс эканлигини таъкидлади. Шайх ҳазратларининг ушбу таржимаси 1996 йили амалга оширилган. Ушбу китоб ҳазратнинг “Сунний ақийдалар”, “Ҳадис ва ҳаёт. Иймон китоби” китобларининг узвий давомидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. таваллуд топган рабиул-аввал ойи арафасида Шайх ҳазратларининг сийрат борасидаги “Оламларга раҳмат Пайғамбар” китоби ҳам қайта чоп этилди. Ушбу нашр ҳақида Абдул Азим Зиёвуддин домла маълумот бериб ўтди. Расулуллоҳ с.а.в. сийратларини баён қилувчи ушбу китоб 8 фаслдан иборат бўлиб, ул зотнинг ҳаётлари ишончли ҳадислар асосида баён қилинган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Исроф” китобида жамиятимиздаги ижтимоий иллатларидан бири бўлган исроф ҳақидадир. Китобни Тошкент шаҳридаги “Чимир ота” жомеъ масжиди ноиб имоми Абдулбосит қори тақдим этди. Ушбу рисолада исрофнинг сабаблари, зарарлари, турлари ҳақида маълумот берилиб, инфоқ-харажат, сув, таом, эҳсон, никоҳ тўйи, маросимлар, кийимдаги ва турли маиший исрофлар ҳақида фикр юритилган.
Анжуманда, шунингдек, марҳум ёзувчи Мурод Мансурнинг “Ҳамманинг яшагиси келади” қиссалар тўплами, Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Абдуғаффор ўғлининг “Оламларга раҳмат пайғамбар”, “Рамазон ва хотиржамлик” аудиомаърузалар диски ҳам тақдим этилди.
“Ҳилол-нашр” матбаасида чоп этилаётган диний-маърифий китоблар Россия, Қозоғистон давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Матбаа ижодкорлари Шайх ҳазратларининг меросини бошқа мамлкатларга ҳам ёйишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди.