Шўмишбой Сариев (1946)

Шўмишбой Сариев (Шөмішбай Сариев) Қизил Ўрда вилоятининг Орол туманидаги Шўмиш станциясида таваллуд топган. 1966 — 1971 йилларда Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган, 1970-74 йилларда “Қозоғистон” нашриётида муҳаррир, 1974 йилдан бошлаб “Жулдиз” журналида бўлим мудири вазифасида ишлаб келди.
Қозоқ ўқувчилари унинг таржимасида Г.Гулиа, О.Берггольц, И.Абашидзе, С.Викулов, А.Дементьев, Ф.Алиева ва бошқа шоирларнинг шеърлари билан танишган.
Унинг “Ширин чоғлар” (1974), “Гўзал баҳор” (1974), “Денгиздан эсган ел” (1975), “Тақдир” (1976), “Уч, тулпор Вақт!” (1979), “Туш ва ўнг” (1980), “Уч ўлчов” (1982), “Тақдир қўшиғи” (1984) каби шеърий тўпламлари чоп этилган.

УЛУҒ КАРВОН

Кафтим билан кўзларим юмсам,
кўраман шу заҳот
Саробдек чайқалган дашт аро,
чанг-тўзонлар аро,
Ғилдираклар ғичирлаб,
туялар бўкириб ҳайҳот,
Аждодларим карвони
тизилиб боради гўё.
Она туя бўкирар…
Зор бўзлар бўталоқлари.
Дашт мўйсафид коинот янглиғ —
сиғмас нигоҳларга.
Карвон боради…
Ҳорғин одамларнинг одимлари,
Ҳаммаси умидвор,
қайдадир бахт бўлади бирга.
Оқин созининг торидан
ҳазин оҳанг учади.
Тулпор бир хавотир ила
Қулоқларин чимирар.
Мундоқ қарасанг, қаршингда,
азобли йўл кечади —
Унда қадим боболарнинг –
улуғ карвони борар.
Карвон борар, борар…
Йўл бошлайди олдинда тулпор,
Машаққатдан ҳориган тойчоқлар
чўзилар ортда.
Карвон борар, борар,
хавотирли увиллайди тор —
Чақнарми шафақ,
умид рўё бўларми тонгда?!
Болалар бахтин ўйлаган,
оҳ, оқ камзулли она,
Кўчманчилик йўлларида
жонинг чекди кўп озор.
Жанглар мадорингни олди,
оғриқдан зирқирар тананг,
Лекин карвон борар,
ерда ҳаёт яшнагай такрор.
Карвон борар,
келажакдан олис тортиб ораси.
Юз йиллик масофаларни
босиб ўтмоққа шошар.
Карвонлар узра сочар —
вақт ўтли алангасин,
Қайғу ва алам ёшлари
улар кўнглин кемирар.
Гоҳ қаҳрли, гоҳ ғамгин
инграр
дўмбиранинг торлари,
Садолари заминга
томчи ёш каби қадалар…
… Саодатли замонимнинг
йўл олган карвонлари
Ҳурлик, ва қўшиқ олиб
манзиллар сари борар…

Икром Отамуродов таржимаси.

ОҚИН КЎНГЛИ

Шеър битсанг титроқ-ла қалам йўниб
Ва ўқисанг – юрт тингласа сирга тўниб.
Тамакингга ўт олсанг чақмоқлардан,
Нақ сел бўлсанг – қалбингга булут қўниб.

Яхши ўлан мангуликка дахлдор,
Қуёшга ҳам етгудай авж шахдинг бор.
Юлдузлардай — кўк бетида товланган,
Халқинг сени алқаб, туйса ифтихор.

Асл шеърлар яшар мангу исёндай,
Асрларнинг юрагида у жондай.
Бор заминни чирмаб, ушлаб томирин,
Ер юзида чайқалсанг чўнг ўрмондай.

Кор этса ҳам сенга қисмат озори,
Тошиб турса юрагингнинг виқори.
Улус сенга эҳтиром-ла йўл берса,
Кириб борсанг издиҳомни қоқ ёриб.

Сен умрингнинг қадрин англаб дафъатан,
Ҳаётингнинг маъносини уқсанг шан.
Абай, Пушкин тирилиб келишса-ю,
Ўланинг-чун табриклашса чин дилдан.

Бу дунёнинг ойи, куни — сен ўзинг,
Чунки ноёб, илоҳийдир ҳар сўзинг.
Кўнглингда бир шеър туғилмиш бу замон,
Демак, кўкда чарақлар бахт юлдузинг…

* * *

Кенг даламдан кийикдайин келаман,
Қўрқиб хавфдан шамолдан тез еламан.
Вақт мерган овчидир – мени пойлар,
Тегмасмикин ўқи деб, сесканаман.

Зиёлилар аҳлининг имдодиман,
Ўлан уққан ҳар дилнинг фарёдиман.
Мен – далам уфқларида омон кезган
Бобомнинг чақнаб турган зурёдиман.

Келаман бу дунёни куйлаб шоён,
Кўринар кўзга гўзал юртда ҳар ён.
Қўрқмасман, чўчимасман мен заррача,
Чиқса ҳам шақирлатиб жағин арслон!

Ҳисларим қанотида — теран фикрат,
Не ишни орзу этсам қилдим журъат.
Сариорқа қирларин кийигиман,
Вужудим — бамисли сел, тошқин қудрат.

Инсон деб мен ўзимни ургум дардга,
Эзгулик шукуҳини солиб қалбга.
Мендан сўнг бир мангулик қолмаса-да,
Умидим етаклайди мени олдга.

Хаёлим учар кўкда мисли шунқор.
Руҳимга тимсол қирда ўсган чинор.
Лекин сен елдай чопиб борар эрсанг,
Кўзингга ёш тўларкан беихтиёр.

Кун сайин шон-довруғи бийиклаган,
Заҳматкаш қозоғимни суйдим дилдан.
Миллатим деб ўртанган шоирларнинг
Тақдири тақдирдошдир кийик билан.

Кўнглимга бир шавқ кирар ажиб, масрур,
Истиқбол уфқларига боқдим мағрур.
Келажак! Куюнганга куюб оққан
Кийикдай — мен даламнинг куйиман ҳур!

Мирпўлат Мирзо таржималари