Сербия. Кичик давлатларнинг катта муаммолари

Сербияда янги Конституция амалга киритилди. Мамлакат асосий қонуни лойиҳаси муҳокамаси учун ўтказилган референдумда аҳолининг ярмидан кўпроғи янги ҳуқуқий ҳужжатни ёқлаб овоз берди.

Мамлакат раҳбарияти Асосий қонуннинг янги вариант­да ишлаб чиқилишига асосий сабаб Европа Иттифоқига қўшилиш бўлганини маълум қилган. Дарҳақиқат, Конс­титуция муқаддимасидаёқ Сербия давлатчилиги умумевропа қадриятларига асосланиши эътироф этилган. Лекин вазиятга теранроқ назар солганда, янги Конституция қабул қилиниши Сербиянинг фақатгина «Европа уйи»га кириши йўлидаги ҳаракат эмаслигини сезиш мумкин. Ушбу сиёсий воқеа ортида Сербия раҳбариятининг ўзи шундоқ ҳам парча-парча бўлиб кетган мамлакатни ҳеч бўлмаса ҳозирги ҳолатда сақлаб қолиш мақсади ҳам турибди…

Аслида Сербия маъмурий ҳудуди кўп йиллар давомида социалистик лагерьнинг машҳур намояндаларидан бўлган Иосиф Броз Тито раҳбарлик қилган Югославия Федератив республикасининг таркибий қисми бўлиб келганидан ўқувчилар яхши хабардор бўлсалар керак. Ўз даврида доҳийлик даъвосида бўлган Титонинг вафотидан кейин ягона федератив республика ўн йилга яқин муддат яшади, холос. Дунё социалистик лагерьининг 1990-йиллардаги инқирози даврида Югославия таркибидаги Словения, Хорватия, Босния ва Гертсеговина ҳамда Македония мустақил давлат сифатида ажралиб чиқди. Бир пайтлар Болқон ярим оролининг асосий қисмини эгаллаган давлат таркибида унинг меросхўри сифатида биргина Сербия ва Черногория қолди. Мазкур икки ҳудуд гарчи 90 йилга яқин бир давлат бўлиб яшаган бўлсада, уларнинг иттифоқи узоққа бормаслиги ўша пайт­лардаёқ таҳлилчилар томонидан тахмин қилинган эди. Бу тахминлар илк бор 2003 йили ўз тасдиғини топди. Югос­лавия давлатининг номи расман Сербия ва Черногория иттифоқи деб ўзгартирилди. Давлат номининг ўзгариши фақатгина расмиятчилик бўлмай, ҳар икки ҳудуд бундан мустақилликка эришишни кўзлаётган эди.

Дарҳақиқат, орадан 3 йил ўтиб, жорий йилнинг ёзида Сербия ва Черногория алоҳида мустақил давлатларга бўлиниб кетди. Сербия эса Югославия республикасининг хал­қаро ҳамжамиятдаги ҳуқуқий вориси бўлиб қолди.

Сербия мустақил давлат сифатида дунё харитасида пайдо бўлганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Шу боис ҳам ёш мамлакат олдида бир қатор жиддий муаммолар турибди. Энг аввало, иқтисодий тизимни мустаҳкамлаш, ишсизлик ва пул қадрсизланиши кўрсаткичини пасайтириш, қисқаси, мамлакатнинг «дол» бўлган қаддини ростлаш бош вазир Воислав Коштунитса ҳал этиши зарур муаммолар сирасига киради. Сербия раҳбарияти диққат-марказидаги яна бир асосий масала мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш эканини ҳам алоҳида айтиш керак. Республика раҳбариятининг янги Конституция қабул қилишга нега жиддий эътибор қаратаётганини бир томондан айни шу жиҳат билан изоҳлаш мумкин.

Хабарингиз бор, мана ўн йилга яқин вақт ўтмоқдаки, Сербия ҳудудида жойлашган Косово можароси ҳал бўлмай келмоқда. Сербия ҳалигача ўз таркибида деб ҳисоблаб келаётган, амалда эса халқаро ҳамжамият томонидан назорат қилинаётган ҳудудда бундан олти-этти йил олдин даҳшатли қирғинбарот уруш бўлиб ўтгани, охири халқаро тинчликпарвар кучлар ва НАТО қўшини аралашувидан кейингина қуролли ихтилоф тўхтатилгани кўпчиликнинг ёдида.

Сербиянинг амалдаги ҳукумати раҳбари Воислав Коштунитса — Косовога мухторият даражасида эркинлик бериш ва уни ягона республика таркибида сақлаб қолиш тарафдори. Мамлакат бош вазирининг айни шу истаги янги Конституцияда ҳам ўз аксини топган. Асосий қонуннинг муқаддима қисмида Косово Сербия Республикаси таркибидаги маъмурий бирлик экани алоҳида қайд этилган.

Аслида Сербия раҳбариятининг янги Конституция лойиҳасини қабул қилиш учун куйиб-пишиб ҳаракат қилиши, гарчи мамлакат реферундум ўтказиш учун тайёр бўлмаса ҳам, умумхалқ овоз бериш тадбирининг шошилинч ташкиллаштирилганини айнан Косовонинг Серб давлати таркибида эканини ҳуқуқий асослаб олиш йўлидаги уриниш сифатида изоҳлаш тўғрироқ бўларди. Референдум натижалари Воислав Коштунитса ҳукуматининг бош мақсадига мувофиқ якунланди. Аҳолининг 51,5 фоизи асосий қонуннинг янги лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Эндиликда Сербия раҳбарияти Европа Иттифоқи ёки БМТ каби халқаро бирлашмаларнинг Косово масаласида билдирадиган эътирозларига жўяли жавоб бериши мумкин. Яъни умумхалқ овоз беришида барча аҳоли гуруҳи томонидан бир овоздан тасдиқланган Конституцияда Косовога эгаликнинг сақлаб қолингани Воислав Коштунитса ҳукуматининг сиёсий ғалабасидир.

Бироқ Конституция кучга кириши билан муаммо ҳал бўлди дейиш тўғри эмас. Агар гап биргина референдум ўтказишда бўлганида эди, Косово муаммоси ҳам аллақачонлар ўз ечимини топиб кетарди.

Бошқа томондан, Конституцияни қабул қилиш жараёнида Косово озодлигини талаб қилаётган албан аҳоли гуруҳининг норозилик ифодаси сифатида иштирок этмагани вазиятни янада чигаллаштиради. Яъни бу ҳолат Сербия раҳбариятининг янги асосий қонунни халқ хоҳиш-истаги ифодаси дейишига тўсқинлик қилади.

Сербия раҳбарияти жуда мураккаб аҳволда, таъбир жоиз бўлса, икки ўт орасида қолган. Бир томондан, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини асраш ва жиддий «бошоғриқлар» келтириб чиқарган Косовони имкон қадар мамлакат таркибида сақлаб қолиш зарур.

Иккинчи томондан, социалистик лагерь мамлакатлари учун катта орзу бўлиб қолаётган Европа Иттифоқига аъзо бўлиш талабларини адо этиш керак. Иттифоқ эса Косово масаласини тез ва соз ҳал қилиш талабини илгари сурмоқда.

Бу ёғини суриштирсангиз, Сербия Европа Иттифоқи билан зиддиятга борган бошқа жиҳатлар ҳам бор. Улардан асосийси, Югославия­нинг собиқ раҳбарлари масаласи. Европа Иттифоқи кўпдан буён Сербия раҳбариятини юзлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган Ратко Младич, Радован Каражич каби ҳарбий жиноятчиларни ўз ҳудудида яширишда айблаб келмоқда. Расмий Бел­град эса ҳарбий жиноятчилар Сербияда эмаслигини такрорлашдан чарчамайди.

Янги Конституциянинг амалга киритилгани бир томондан мустақил республиканинг ҳуқуқий асосини бунёд этиш йўлидаги ижобий қадам бўлса, иккинчи томондан, бу мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан муносабатларига салбий таъсир этиши мумкин.

Ҳозирги ҳолатда Сербия учун нима муҳим: Европа Иттифоқи билан ихтилофга бориб бўлсада, Косовони қўлдан чиқармасликми? Ёки мамлакатнинг азалий орзуси «Европа уйи»га киришни тезлаштиришми? Айни пайтда Воислав Коштунитса раҳбарлигидаги ҳукумат олдида бу борадаги «олтин ўрталиқ»ни топиш масаласи кўндаланг турибди.

Собиржон Ёқубов,
«Ҳуррият» газетасидан олинди