Саудия Арабистони ҳаж ва умра вазири Ўзбекистонга ташриф буюрди

27 сентябрь куни Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бир гуруҳ мутасаддилар кутиб олди. Мартабали меҳмон билан халқаро аэропортнинг кутиш залида қисқа муддатли суҳбат бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон ва Саудия Арабистони подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини такомиллаштириш, айниқса, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, ҳаж ва умра сафарига борувчи зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мамлакатдаги илмий марказлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш каби муҳим масалаларни кўриб чиқиш ҳам кўзда тутилган.

Саудия Арабистони делегацияси вакиллари ташриф давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган.