Саломатлик ҳафталиги: ҳар дарднинг давоси бор

Жорий йил 3-7 июль кунлари Тошкент “Ўзбекистон – Туркия: Саломатлик ҳафталиги”га мезбонлик қилди. Мазкур тадбир Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТİКА) кўмагида икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан ташкил этилди.

Туркиядан келган 19 нафар юқори малакали шифокор анестезиология ва реаниматология, болалар кардиоваскуляр жарроҳлиги, урология, гинекология, ортопедия, умумий жарроҳлик ва болалар жарроҳлиги каби йўналишларда операция ва муолажаларда қатнашди.

Саломатлик ҳафталиги доирасида ўзбекистонлик ва туркиялик шифокорлар ўзаро тажриба алмашдилар ва оғир жарроҳлик амалиётларида камдан-кам қўлланиладиган услуб ва техникалар воситасида муваффақиятли жарроҳлик амалиётларни амалга оширишди. Хусусан, лапароскопик услубда амалга оширилган жарроҳлик амалиётлари видеоконференция воситасида бир неча ўнлаб ўзбекистонлик шифокорларга намойиш этилди.

– Саломатлик ҳафталиги давомида 184 беморга маслаҳатлар берилди, 80 бемор эса бепул операция қилинди. Бу каби ҳамкорликдаги тадбирлар турк ва ўзбек  шифокорлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаб қолмасдан тўпланган тажрибаларни ўзаро ўртоқлашиш учун ҳам қулай имконият яратади, – дейди Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик бошқармаси вакили Селами Қилич.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти клинкаси, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази, Чирчиқ шаҳридаги Перинатал маркази, Янгийўл ва Олмалиқ шаҳарларидаги туғруқ мажмуалари, Урганч шаҳридаги Онкология диспансери ва Республика ихтисослаштирилган урология марказининг Урганч бўлимидаги шифохоналарда ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликда беморларга тиббий хизмат кўрсатилди, салкам 8 соат давом этган оғир операциялар амалга оширилди.

Маълум қилинишича, шифокорларга мурожаат қилган 6 нафар бемор боланинг Туркияда бепул операция қилиниши ва даволаниши бўйича келишиб олинди.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари Тошкентда фаолият кўрсатаётган Гемотология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги Суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси марказига зарур дори-дармонларни тақдим этди.

Туркиялик шифокорлар Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет  Башар Шен билан

Саломатлик ҳафталиги мамлакатимизда тўртинчи маротаба ўтказилмоқда. Бундан олдинги ҳафталиклар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ташкил этилган, шундай лойиҳанинг сўнггиси ўтган йилнинг октябр ойида Фарғона кўп тармоқли болалар марказида ўтказилган эди. Ўшанда туркиялик малакали шифокорлар кичик ёшли беморларни текширган ҳамда ноёб жарроҳлик операцияларини ўтказган эди.

2009 йилдан буён TİKA кўмагида ташкил этилаётган анъанавий хайрия тадбирларида ҳозирга қадар 2081 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, 719 нафар бола операция қилинган.

Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги 1992 йилда ташкил этилган. TİKA Туркиянинг халқаро майдондаги ўзига хос тимсоли сифатида дунё ҳамжамияти ҳурматини қозонган.

TİKAнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида 1994 йил 20 майда очилган. Ваколатхона иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларга кўмак бериб келмоқда. Маълумотларга қараганда, TİKA ўтган салкам чорак аср мобайнида Ўзбекистонда 700га яқин лойиҳани муваффақиятли амалга оширди.