Европа Иттифоқи комиссари ахлоқсизликда айбланяпти

Жаҳон банкининг собиқ президенти Жон Вулфовитс билан боғлиқ шов-шувли ҳодиса ҳали тинчимасдан туриб Европа Иттифоқининг юқори рутбадаги амалдори билан боғлиқ яна бир можаро бошланди. Бу сафар матбуотнинг «айблов курсиси»да кимсан Европа комиссияси раисининг ўринбосари Гюнтер Ферхойген ўтирибди.

Германияда нашр этиладиган Бунте журнали ўз саҳифаларида шов-шувли суратларни чоп этди. Уларнинг бирида Европа комиссияси раисининг ўринбосари ўз қўл остида ишлайдиган Петра Эрлернинг уйи­га кириб кетаётгани акс этган. Иккинчи фотосуратда эса германиялик юқори мартабали арбоб тонгда Эрлер хонимнинг уйидан чиқаётгани тасвирланган. Ушбу фотосуратлар эълон қилиниши билан Гюнтер Ферхойген журнал таҳририятини унинг шахсий ҳаётига аралашишда айблаб судга берди. Бироқ энди маҳкама жараёнида ким ғалаба қозонишининг аҳамияти йўқ. Омади чопиб Ферхойген судда ғолиб чиқса ҳам, барибир жамоатчилик ўртасида унга нисбатан пайдо бўлган ишонч­сизликни йўқота олмайди. Қолаверса, унга қарши бу икки суратдан бошқа далиллар ҳам бор…

Еврокомиссия раиси ўринбосари лавозимидан фойдаланиб, маъшуқасини юқори мансабга тайинлашда айбланяпти (германиялик арбоб билан ишқий муносабатда айбланаётган 48 ёшли Эрлер хоним Еврокомиссияда маъмурият раҳбари вазифасида ишлайди). Гарчи айбловлар табиий равишда рад этилаётган бўлсада, немис матбуоти бу ҳолатни Жаҳон банки президенти қилмиши билан қиёслаяпти. Хабарингиз бор, худди шундай айблов туфайли Жон Вулфовитс яқиндагина истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Таҳлилчилар бу ҳодисани Германия давлати учун яхшигина зарба бўлди дея баҳолашяпти. Нега деганда, Германия июль ойи бошига қадар Европа Иттифоқига раислик қиляпти. Катта иттифоққа раҳбар бўлган давлат вакили томонидан ахлоқсизликка йўл қўйилиши эса нохуш манзара, албатта. Боз устига, Еврокоммисия раисининг ўринбосарлиги билан бирга савдо ва тадбиркорлик ишлари бўйича комиссар вазифасини ҳам бажараётган Гюнтер Ферхойген Германиянинг энг юқори лавозимли вакили саналади.

Агар гап биргина Бунте журналида чоп этилган суратларда бўлганидаку, Гунтер Ферхойген ўзини турли воситалар билан оқлаб ҳам олиши мумкин эди. Бироқ бундан олдинроқ 62 ёшли комиссар ва Эрлер хоним соҳил бўйида – пляжда… офтобда тобланиб ётган сурати ҳам матбуот юзини кўрганди. Пляжда яланғоч ҳолда дам олиб ётган эркак ҳамда аёлни шунчаки ҳамкасблар деб аташ эса кўпам ишонарли чиқмайди…

Европа Иттифоқининг айрим юқори мартабали арбоблари Гюнтер Ферхойгенга қўйилаётган айбловларни қўллашяпти. Энг қизиғи, улар орасида германияликлар ҳам бор. Европарламентдаги христиан социал иттифоқи раиси Маркус Фербер жаноб Ферхойген қилган ахлоқсизлиги учун истеъфога чиқиши зарурлигини таъкидлаган. Европарламентдаги яна бир немис депутати Герберт Ройл эса Еврокомиссия раиси ўринбосари номаъқул қилмиши билан ўз обрўсини тўкиб қолмай, Европа Иттифоқининг улкан лойиҳаларини амалга оширишга ҳам халақит беряпти деб айтган. Текин томошага ўч жамоатчилик эса Жон Вулфовитс тақдири Гюнтер Ферхойген мисолида яна такрорланишини интизорлик билан кутяпти.

www.hurriyat.uz