Риштон бозорида “Рошидоний” халқ кутубхонаси очилди

Риштонлик маърифатпарвар, асл касби тадбиркор бўлган Дилшод Болтабоев ташаббуси билан туман бозорида халқ кутубхонаси ташкил этилди. Дилшод Болтабоев ижтимоий тармоқларда бозор ҳудудида кутубхона ташкил этиш мақсади борлигини, бунинг учун унга босма китоблар юбориш мумкинлигини эълон қилганди.

Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 28-йиллиги муносабати билан Риштон шаҳри марказидаги деҳқон бозори ҳудудида 300 дан ортиқ китобни жамлаган “Рошидоний” номидаги халқ кутубхонаси очилди. Катта китоб жавонини Дилшод Болтабоев ўз ҳисобидан ясаттирди.

“Бунчалик кўп китоб йиғилади деб ўйламагандим. Жавонимизга баъзи китоблар сиғмай ҳам қолди. Кутубхона учун китобларни йиғишда Зоҳиджон ва Иброҳимжон акалар катта ёрдам бердилар. Хуршид Даврон, Исажон Султон, Ботир Эргашев, Хайрулла Ҳамидов, Баҳриддин Асрор каби муаллифлар ўз китобларини юборишганидан қувондим. Китоб жўнатган барча маърифатпарвар дўстларимга, ака-ука, опа-сингилларга катта раҳмат демоқчиман” дейди Дилшод Болтабоев.

Кутубхонада китоблар, газета ва журналлар ўрин олган. Бу ерда “Тафсири Ҳилол”, “Ал-Азкор”, “Риёзус солиҳийн” каби маърифий китоблардан тортиб, Алишер Навоий, Фёдор Достоевский, Александр Дюма, Чингиз Айтматов, Абдулла Қаҳҳор, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Орипов асарларигача мавжуд.

Кутубхонадан фойдаланиш бепул. Исталган киши китобни олиб, фойдаланиши мумкин. “Бугуннинг ўзидаёқ бир неча киши келиб, китоблардан олиб кетдилар. Шу ерга келиб ҳам ўқишяпти”, дейди Дилшод Болтабоев.

“Рошидоний” халқ кутубхонасига ҳисса қўшмоқчи бўлсангиз, қуйидаги манзилга мурожаат қилинг: Фарғона вилояти, Риштон тумани, Мискин МФЙ, Эҳтиром кўчаси, 23-уй. Индекс: 150300. Дилшод Болтабоевга. Телефон (Telegram): +998905603300.