Расмий Боку озарбайжонлик тинч аҳоли ўққа тутилгани ҳақида баёнот берди

Озарбайжон Қуролли кучлари позициялари ҳамда чегара ҳудудида яшовчи тинч аҳоли Арманистон Қуролли кучлари томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларида тақиқланган қуроллардан ўққа тутилди, деб баёнот берди Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳикмат Гажиев.

Қайд этилишича, ўққа тутишлар Боку шаҳрида БМТ Тамаддунлар иттифоқининг VII глобал форуми ўтаётганда кузатилган.

“Арманистоннинг ушбу ҳаракатлари оқибатида, хусусан, Тертер туманидаги давлат ва хусусий мулкка жиддий зиён етказилган. Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедёров Арманистон Қуролли кучларининг провокацион хатти-ҳаракатлари оқибатида юзага келган таранглик ва нохуш ҳодиса юзасидан БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, БМТ Хавфсизлик Кенгаши раиси Лю Цзеи ва  ЕХҲТнинг Доимий кенгаши раиси Поль Эберхардга тегишли мактуб йўллади”, – дейилади ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.

Мактубда 5 апрель куни Москвада Озарбайжон ва Арманистон бош штаби бошлиқлари имзолаган ўт очишни тўхташ тўғрисидаги битим бузилгани маълум қилинган.

Расмий Бокуга кўра, Арманистоннинг провокацион ҳаракатлари ЕХҲТ Минск гуруҳининг зиддиятни бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларига салбий таъсир кўрсатади.

1988 йили Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибидан чиқиш ҳақида баёнот бергач, бир неча йил давомида ҳарбий тўқнашувлар давом этган. 1994 йил май ойида томонлар ўт очишни тўхташ борасида келишувга эришган. Икки давлат ўшандан буён ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ва Россия, Франция, Германия ҳамда АҚШ иштирокида муаммо ечими борасида музокаралар юритиб келмоқда.

Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Хусусан, жорий йил 2 апрелда яна ҳарбий тўқнашув кузатилди. Озарбайжон томони Арманистоннинг ҳужумига жавобан ҳарбий операция ўтказгани ва рақибнинг 370 нафар ҳарбий хизматчиси, 12 танки, 12 бронетехникаси ва 15 та артиллерия қурилмасини йўқ қилганини маълум қилган.

5 апрель куни томонлар ўт очишни бас қилишга келишган ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган. Аммо ҳамон келишув шартлари бузилаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.

Озарбайжон Мудофаа вазирлигига кўра, Арманистон 120 марта келишувни бузган ва бунга жавобан Озарбайжон 121 та қуролли жавоб қайтарган.

Ўз навбатида, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси мудофаа вазирлиги битимни Озарбайжон бузганини маълум қилган. 

Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ўз ҳудуди эканини таъкидлаб келади. Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

Cобир Салим