Қозоғистонда жаҳон динлари етакчиларининг қурултойи ташкил этилмоқда

Жорий йил 14-15 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида йирик халқаро тадбир – Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойи бўлиб ўтади. Мазкур анжуманда турли диний конфессиялар етакчилари иштирок этиши ва долзарб масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Конфессиялараро ҳамда тамаддунлараро мулоқотни ривожлантириш бўйича Н.Назарбоев маркази бошқаруви раиси ўринбосари Д.Б.ЕСЕНОВАнинг қуйидаги мақоласида ҳам мазкур нуфузли тадбирнинг аҳамияти хусусида сўз боради.

 

Динлараро мулоқотни такомиллаштиришда жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойининг аҳамияти

Турли халқлар ва эътиқодларнинг маънавий меросидан баҳраманд бўлган Қозоғистон тарихан бағрикенглик, муроса, ўзаро ҳурмат каби бебаҳо қадриятларга таяниб келган. Бунга эришишимизда мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ этник ва динлараро аҳилликка алоҳида эътибор қаратилиши, фуқароларнинг ўз ижодий салоҳияти, қобилияти ва иқтидорини юзага чиқариши, ҳар томонлама мукаммал шахсларнинг камол топиши учун имкониятларнинг кенгайтирилиши ҳам муҳим аҳамият касб этди. Мустақиллик йилларида маданият, маънавият ва маърифатни ривожлантиришга қаратилган муҳим давлат ва ҳукумат ҳужжатлари ҳамда қарорлари қабул қилинди, кенг кўламлар ташаббуслар амалга оширилди.

Қозоғистоннинг у қадар осон кечмаган суверен тараққиёт йўли давомида, бозор иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётнинг демократик шаклларига ўтиш асносида биз миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик ғоясини пухта ўзлаштириш, уни такомиллаштириш ва замон талаби ҳамда қозоғистонликлар эҳтиёжи асосида ривожлантиришнинг уддасидан чиқдик. Бу эса дунёда “Қозоғистон йўли” деган ном билан танилди.

Тинчлик, конфессиялар ва маданиятлар мулоқоти каби устувор қадриятлар бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик парадигмаси дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда. “Қозоғистон модели” эса нафақат яқин қўшнилар, балки кўплаб хорижий давлатлар учун намуна бўлмоқда, экспертлар, олимлар ва сиёсатшунослар эса уни илмий жиҳатдан тадқиқ этишга эътибор қаратмоқдалар.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг муваффақият феномени замирида ватанимиз ва халқимиз тарихининг ўзига хос жиҳатлари турибди. Конфессиялараро ҳамда динлараро тотувлик равнақи эса Евроосиё континентининг ўрта қисмида кўп асрлар давомида турли тамаддун ва маданиятларнинг ўзаро муштараклашуви билан чамчарчас боғлиқдир. Ўз навбатида, республикамиз халқига хос бағрикенглик, бошқа элат, маданият, дин ва конфессия вакилларига хайрихоҳ муносабат изчил ва барқарор тараққиёт, дунёвий давлатнинг истиқболда ҳам гуллаб-яшнаши учун мустаҳкам ва ишончли пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Қозоғистоннинг конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенглик бўйича ўзига хос тажрибаси глобал миқёсда аҳамият касб этаётир. Бу борада Нурсултон шаҳрида уч йилда бир марта ўтказиладиган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг қурултойини Қозоғистоннинг муҳим ютуғи ўлароқ қайд этиш ўринлидир.

2003-2021 йилларда олти бор бутун сайёрамиз аҳолисининг тинч ва муносиб ҳаёт кечирмоғи йўлида, турли динлар вакиллари ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланган жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг қурултойи ташкил қилинди. Диний етакчилар қурултойи тинчлик ва барқарорлик йўлидаги динлараро мулоқотни кенгайтиришга Қозоғистон томонидан қўшилган улкан ҳисса бўлмоқда.

Ушбу ёндашувни ташқи сиёсатининг кўпвекторлилик  ва халқаро низоларни тинч ва жамоавий ҳал этишга содиқлик каби асосий тамойиллари билан уйғунлаштирган Қозоғистон Шарқ ва Ғарб цивилизациялари ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштиришга фаол ҳисса қўшмоқда.

Сентябрь ойида пойтахтимиз дунёнинг 50 давлатидан 100 дан ортиқ меҳмон қатнашадиган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойи иштирокчилари ва меҳмонлари учун ўз дарвозаларини очади.

Шуни таъкидлашни истардимки, VII қурултойнинг ялпи ва секция мажлислари мавзулари юқумли касалликлар хатарига рўбарў келган, халқаро ихтилофлар майдонига айланган замонамизнинг дини ва этник мансублигидан қатъи назар барча фуқароларни ташвишга солаётган долзарб муаммоларини атрофлича муҳокама қилиш, уларнинг ечими бўйича муносиб тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.

Биринчи қурултой чақирилганидан сўнг ўн тўққиз йил давомида забт этилган чўққиларнинг аҳамиятини баҳолар эканмиз, бўлажак форум Қозоғистонда учрашадиган жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг маънавий бирлиги руҳида ўтишига ишонч билдирамиз. Зеро, бу дунё халқларининг фаровонлиги ва хавфсизлиги, инсониятнинг маънавий уйғониши ва такомили йўлидаги ҳамкорликдир.