Тошкент шаҳридаги “Пойтахт” бизнес марказида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25-йиллигига бағишланган “Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатлари: кеча, бугун ва эртага” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда икки давлат дипломатик корпуси вакиллари, журналистлар, илм, маданият ва санъат арбоблари иштирок этди.
Тадбирда икки томонлама муносабатларнинг тарихи, йил якунлари ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди. Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев 2017 йилда икки давлат ўртасида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий соҳада ҳамкорлик сезиларли даражада ортганини алоҳида таъкидлади. Икки қардош давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифи давомида ҳар томонлама фойдали шартномалар имзоланди. Қозоғистонда 2018 йил “Ўзбекистон йили” деб белгиланди.
Элчининг айтишича, икки томонлама муносабатлар келгуси йилларда ҳам давом этади. Жумладан, 2018 йили Тошкент-Чимкент, Самарқанд-Туркистон йўналишларида автобус ва маршрут хизмати йўлга қўйилади. Янги йилда Қозоғистоннинг 16 вилояти ҳамда Ўзбекистоннинг 12 вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри раҳбарлари Остона шаҳрида учшарадилар. Учрашувда регионал ҳамкорлик бўйича янги шартномалар имзоланиши кутилмоқда. Келгуси йилда Орол денгизини қутқариш бўйича ҳам халқаро саммит ўтказилади. Самарқанд ва Бухорода Қозоғистон Республикасининг консуллиги очилиши ҳам режалаштирилган.
Air Astana компаниясининг вакили маълум қилишича, 2018 йили Алмати-Тошкент, Остона-Тошкент йўналишлари бўйича парвозлар сони оширилади, Алмати-Самарқанд, Алмати-Бухоро йўналишлари, шунингдек Фарғона водийси вилоятларига янги йўналишлар очилади.
Ўзбеклар ва қозоқлар минг йиллардан бери биргаликда яшаб келадилар. Ҳозирда Қозоғистонда 710 000 ўзбек миллатига мансуб кишилар истиқомат қилишади. 136 та мактабда (бундан 14 таси тўлиқ ўзбек мактаблари) ўзбек тилида таълим берилади. Ўзбекистонда эса 1 миллиондан ортиқ қозоқлар яшайди. 398 та мактабда қозоқ тилида таълим берилади.