Подшо билан чумоли

Бир подшо бўлган экан. У ўзини энг ақлли, фаросатли ва сўзга чечан, деб ҳисоблар экан. Кунларнинг бирида шу подшо бир неча минг кишилик лашкари билан шикорга чиқмоқчи бўлибди. У қурт-қумурсқа, чумоли ва ҳамма ҳашаротларга хабар юбориб, ўн кунгача ер юзига чиқмасликка буйруқ берибди. Чунки бу жониворлар подшо аскарлари отларининг туёқлари остида янчилиб кетишлари мумкин эди. Бу хабарни эшитган чумолилар йўлда подшони пойлаб, уни ўз инларида меҳмон қилмоқчи бўлишибди. Подшо саёҳатга кетаётиб, шаҳар ташқарисидаги катта йўл устида турган бир нечта чумолиларга дуч келибди.
— Бу нима гап? — деб сўрабди подшо чумолиларнинг подшосидан.
— Шоҳимиз бир кеча биз билан меҳмон бўлсинлар, шунинг учун биз қуллари йўлларига пешвоз чиқиб турибмиз, — дебди чумолиларнинг подшоси. Подшо эса чумолиларни масхара қилиб кулибди ва шундай дебди:
— Тоза аҳмоқ экансан-ку, биз-ку меҳмон бўламиз, лекин шунча одам билан отларни емоқ-ичмоғига бошингни қотириб кўрдингми? — дебди.
— Ўйлаб кўрдик, тақсир, сизларни бемалол меҳмон қилишга кучимиз етади, — деб жавоб қайтарибди чумолилар подшоси. Бу гапни эшитган подшонинг аччиғи келиб, шундай дебди:
— Ризқингларни Худойим берар десанг, гапингга ишонардим, сенлар меҳнатинг билан бизни тўйғизармидинглар, қани кўрайликчи, — дебди-да, аскарлари билан чумолиларнинг уйига меҳмон бўлишга рози бўлибди. Чумолилар подшоси ҳамма чумолиларга бир донадан гуруч, бир донадан шоли, бир донадан беда гули келтиришни буюрибди. Чумолилар бироздан кейин бирам кўп дон уйиб ташлабдиларки, асти қўяверинг. Подшо ҳайрон қолибди. Чумолилар йиққан донларнинг ярмини аскарлар билан отлар бир кеча-кундузда еб тамом қилолмабдилар. Подшо эса шу чумолиларнинг донидан олиб, йўлга тушибди. У чумолиларга менсимай қилган муомаласидан уялиб қолибди. Подшо орқасига қайтиб, чумоли подшо олдига келиб:
— Ҳой чумоли, нега бошинг катта? — деб сўрабди. Биз чумолилар кўрганимизни бошимизга, терганимизни уйимизга тўплаймиз, шунинг учун бошимиз ҳам, уйимиз ҳам катта, — деб жавоб берибди чумолиларнинг подшоси. Подшо яна савол берибди:
— Ундай бўлса, нега белинг ингичка, — дебди. Чумоли айтибди:
— Меҳнат қилиш учун белимизни маҳкам боғлаганмиз, шунинг учун белимиз ингичка.
— Хўп яхши, — дебди подшо, — яна айт-чи, нега қуйруқ тарафинг йўғон, — деб сўрабди. Чумолилар подшоси жавоб берибди:
— Бизга ота-боболаримиз қулдек ишлаб, бойдек егин, деб ўргатган, меҳнатимизга ва топганимизга яраша қорнимиз ҳам бор, тақсир, — дебди. Текинхўр шоҳ, меҳнатсевар чумолидан енгилиб, яна йўлига равона бўлиб кетган экан.