Қозоғистон элчиси: “Мамлакатимиз пухта тайёрланган террор хуружига нишон бўлди”

Бугун, 11 январь Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дархон Сатибалди мамлакатда сўнгги кунларда рўй берган фожиали ҳодисалар юзасидан брифинг ўтказди.

Элчи мамлакатдаги ҳодисалар халқаро матбуотда бир томонлама ва юзаки ёритилаётганини қайд этди.

Дипломатга кўра, жорий йил 2 январь куни суюлтирилган газ нархининг 60 тенгедан 120 тенгега оширилиши ортидан Манғистов вилоятида намойишлар бошланган. Намойишчилар нархни аввалги ҳолга қайтариш ва бошқа қатор ижтимоий-иқтисодий талабларни илгари сурган. Оммавий чиқишлар бошқа шаҳарларга ҳам ёйилган. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев фуқароларни провокацияга берилмасликка чақирган. Муаммоларни ҳал этиш учун давлат комиссияси тузилган. 4 январь куни газ баҳоси 50 тенгега туширилган ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи-мой ҳамда коммунал хизматлар нархи назоратга олинган.  5 январь куни амалдаги ҳукумат истеъфога чиқарилган.

“Мазкур чора-тадбирлар келишмовчиликни мулоқот йўли билан ҳал этишга интилиш ҳамда қатъий сиёсий иродани намоён этди. Давлат раҳбарининг жамоат тартибини сақлаш хусусидаги такрор-такрор чақириқларига қарамай, бир қатор йирик шаҳарлардаги намойишлар айрим бузғунчи кучлар томонидан вазиятни издан чиқариш ва зўравонликни авж олдириш мақсадида фойдаланилди”, – дейди Қозоғистон элчиси.

Пировардида мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Аммо бузғунчи кучлар очиқ қуролли ҳаракатга ўтди, маъмурий бинолар, стратегик объектлар ҳамда тинч аҳоли вакилларига ҳужумлар уюштирилди. Масалан, Олмаота шаҳри аэропорти эгаллаб олинди.

Ҳолат мураккаб тус олгач, президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши раиси вазифасини ҳам бажаришга киришди ҳамда миллий хавфсизликка таҳдид солаётган террорчилик ҳаракатларини бартараф этиш ҳақида буйруқ берди.

Дипломатнинг маълум қилишича, Олмаота шаҳри ва мамлакатнинг қатор ҳудудларидаги ҳодисалар Қозоғистон  хорижда тайёргарликдан ўтган, фаолияти пухта мувофиқлаштирилган террорчи гуруҳлар тажовузига нишон бўлганини кўрсатди. Дастлабки маълумотларга қараганда, ҳужумларни амалга оширганлар орасида мутаассиб гуруҳлар таркибида “қайноқ нуқта”ларда жанг тажрибасини орттирган шахслар мавжуд.

Юзага келган вазият туфайли Қозоғистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Элчининг таъкидлашича, ташкилот томонидан юборилган тинчликпарвар қўшин стратегик объектларни қўриқлаш ҳамда маҳаллий кучларга кўмакда қатнашмоқда. Террорчи гуруҳларга қарши жанговар ҳаракатлар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда Қуролли кучлари томонидан амалга оширилмоқда. КХШТ тинчликпарвар қўшини Қозоғистонда вақтинча бўлиб турибди ва вазият барқарорлашиб, Қозоғистон томони мурожаат қилган заҳоти мамлакатни тарк этади.

Қайд этилишиа, айни пайтда Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қуролли кучлари айрим хориж ОАВда хато талқин этилаётганидек, тинч намойишчилар эмас, балки террорчиларга қарши курашмоқда.

Афсуски, намойишларда ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳам тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди. Нотинчлик пайти 16 нафар ҳуқуқ идоралари ходими ҳалок бўлган, 1300 нафари жароҳатланган. Қурбонларнинг умумий сони аниқлаштирилмоқда.

Қурбонлар руҳига эҳтиром рамзи сифатида 10 январь – Қозоғистонда умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди.

Элчининг таъкидлашича, Қозоғистон халқи президент Қ.Тўқаевнинг тинч ҳаётни тиклаш бўйича қарорларини якдиллик билан қўллаб-қувватлаётир.

“Бугун Қозоғистонда вазият барқарорлашди. Мамлакат хавфсизлигига таҳдидлар бартараф этилди. Аксилтеррор амалиёти доирасида жиноятларда қатнашган шахсларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Яқин фурсатда ҳуқуқ-тартибот идораларининг дастлабки суриштирувлари якунлангач, Қозоғистонга қарши террор хуружига доир қўшимча далиллар тақдим этилади”, – деди элчи Дархон Сатибалди.

Қозоғистон дипломати мушкул вазиятда қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон раҳбариятига ҳам миннатдорлик билдирди. Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ҳудудидаги фожиали воқеалар ва уларнинг натижасида кўплаб ҳарбийлар ва аҳоли вакиллари нобуд бўлгани ҳамда оғир жароҳатлар олгани, кўрилган катта талафотлар муносабати билан мазкур мамлакат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевга ва қардош халққа таъзия мактуби йўллади. Давлат раҳбарлари нотинч кунларда икки марта телефон орқали мулоқот қилди.

C.Cалим