Россия президенти Владимир Путин давлат раҳбари бўлганга қадар Шарқий Германияда совет разведка хизматида ишлагани маълум. Шу пайтгача президент ҳаётининг айни шу йиллари кузатувчан ва зийрак журналистлар назаридан ҳам четда бўлиб келаётганди.
ГДРда ўтган беш йилга яқин вақт давомида Россиянинг бўлажак раҳбари қандай ишлар билан шуғулланганди? Яқинда Германия ДПА ахборот агентлиги шу ҳақдаги дастлабки маълумотларни эълон қилди. Бироқ агентлик маълумотлари кўпчилик тахминига зид равишда Путиннинг афсонавий фаолияти хусусидаги сўзларни тасдиқламади.
«Cиcэро» журналининг ДПА ахборот агентлигига таяниб ёзишича, Путин Шарқий Германиянинг Дрезден шаҳрида ўтган беш йиллик хизмат даврида катта аҳамиятга эга бўлмаган ишларни бажарган. Мақола муаллифи ўз фикрини исботлаш мақсадида собиқ КГБда хизмат қилган бир қанча агентлар фикрини келтиради.
Шунингдек, журналда кўп йиллар Шарқий Германия хавфсизлик хизмати — «Штази»га раҳбарлик қилган Маркус Волф сўзларидан иқтибос келтирилади. Волф 1985-1990 йилларда Дрезден шаҳрида совет разведкаси учун хизмат қилган Путин катта аҳамиятли ишлар амалга оширмаганини айтади.
«Штази»нинг собиқ раҳбари ўз сўзининг исботи сифатида Владимир Путин беш йиллик фаолияти давомида бор-йўғи бир марта «ГДР миллий армиясидаги хизматлари учун» бронза медальи билан тақдирланганини таъкидлайди. Волфнинг айтишича, бундай арзимас медаль билан тақдирланмаган ходимнинг ўзи қолмаган…
КГБнинг собиқ ходими сифатида Дрезденда Путин билан биргаликда хизмат қилган Владимир Усолтсовнинг айтишича, улар асосий вақтларини мантиқсиз ҳисоботлар тайёрлаш билан ўтказганлар. Владимир Путин зиммасига эса асосан хорижлик талабалардан Германия Федератив Республикасида хизмат қиладиган жосусларни тайёрлаш вазифаси юкланган.
Путиннинг адаши бўлган КГБ агенти (В. Усолцов)нинг билдиришича, Россиянинг амалдаги раҳбари ўша йилларда бор-йўғи иккитагина талаба «овлаш»га муваффақ бўлган. Хуллас, Германия матбуотида сўнгги вақтларда эълон қилинаётган туркум материаллар Владимир Путиннинг шонли ўтмиши хусусидаги афсоналарни йўққа чиқараёзди.
Эътиборли томони, Путиннинг ўзи Дрездендаги хизмат йиллари ҳақида жуда кам гапиради. Балки шу боисдир, беркитишга уринилган мавзуга кишиларнинг қизиқиши ҳам ортиб бормоқда.Лекин Владимир Путин Германияда қандай хизмат қилганидан, Дрезденда қандай иш билан машғул бўлганидан қатъи назар, беш йиллик махфий хизмат жараёнида у немис тилини мукаммал ўрганди.
Бу эса унинг давлат раҳбари сифатидаги кенг қамровли фаолиятида қўл келди. 2002 йилда Германия кантслери Герхардт Шредер билан учрашган Владимир Путин Федератив Республика етакчиси билан таржимонсиз сўзлашди, халқаро аҳамиятига молик сиёсий масалаларни шоҳидларсиз ҳал қилишга муваффақ бўлди. Бу эса беш йил ичида қўлга киритилган бронза медальдан ҳам муҳимроқдир.