Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни Америка– Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэммни қабул қилди. Ўзбекистон Миллий ахборт агентлиги хабарига кўра, музокара жараёнида савдо-иқтисодий, инвестицион, технологик, инновацион ва таълимий йўналишлардаги узоқ муддатли ва кенг миқёсли ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида сўз борди.
Агросаноат мажмуаси, электротехника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда илғор тажрибалар, тўғридан-тўғри инвестициялар ва Америка ташкилотлари ва компаниялари эришган замонавий технологик ютуқларни жалб қилишга асосланган истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.
Айни пайтда юртимизда АҚШ иштирокидаги 164 та корхона фаолият олиб бормоқда. Хусусан, АҚШнинг “Boeing”, “General Motors”, “General Electric”, “CNH Industrial”, “Hyatt”, “Hilton” каби жаҳонга машҳур кўплаб компаниялари муваффақиятли ишлаб келаётганини таъкидлаш жоиз.
АҚШ Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. 2016 йилда ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми 70 фоизга ортиб, 454 миллион долларни ташкил этди.
Президент билан учрашувда Кэролин Лэмм Америка–Ўзбекистон савдо палатасининг барча вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади.
Шу куни Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Америка–Ўзбекистон савдо палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, банк-молия, нефть-газ, машинасозлик, савдо-саноат, сармоя, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, геология ва минерал ресурслар, металлургия, кимё ва озиқ-овқат саноати, сайёҳлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори технологиялар, таълим ҳамда ахборот технологиялари каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, бу борада ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишларини ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.