9 ноябрь куни Ўзбекистонда олмон тилини ўрганувчи ўқувчилар ўртасида ифодали ўқиш танлови бўлиб ўтди. Анъанавий танлов саккизинчи бор Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Элчихонанинг Маданият ва матбуот бўлими маълум қилишича, ижодий мусобақада Германиянинг 20 нафар ҳамкор мактаби ўқувчилари ҳамда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан саралаб олинган 10 нафар ўқувчи иштирок этди.
Ёш билимдонлар тил билиш даражаси бўйича уч гуруҳга тақсимланган. Шу тариқа “А” гуруҳида Тошкент шаҳридаги 60-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Азиза Каримова, “B” гуруҳида Термиз шаҳридаги 9-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Беҳзод Маматов, “С” гуруҳида Навоий шаҳридаги 11-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дилнора Норқулова ғолиб чиққан.
Қатнашчиларнинг олмонча матнни тушуниш ва уни ифодали ўқиш бўйича қобилияти Гёте институти, Хориждаги мактаблар бўйича Германия марказий бошқармаси (ZfA) ҳамда Германия элчихонаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган.
Олмон тили Ўзбекистонда инглиз ва рус тилларидан кейин энг кўп ўрганиладиган хорижий тил ҳисобланади. Бир неча йил аввал ушбу тилни мамлакат бўйича 600 мингга яқин ёшлар ўрганган. Аммо кейинги йилларда мазкур кўрсаткич бирмунча камайди. Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Ҳёфер-Виссинг 2015 йил 30 январь куни журналистлар билан учрашувда ушбу масалага ҳам эътибор қаратган эди.
“Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича дунё давлатлари ўнлигига киради. Аммо, афсуски, охирги йилларда бу борада пастлаш кузатилди. Кўплаб мактаб ва лицейларда олмон тили дарслари ўтилмаётгани сабабли айни пайтда мазкур кўрсаткич тахминан 400 мингтани ташкил этади”, – деган эди Германия элчиси.
Найтхарт Ҳёфер-Виссинг Ўзбекистонда олмон тили таълими юксак даражада бўлгани ҳолда, олмон тили ўқитиладиган олий ўқув юртларида ўринлар сўнгги икки йилда камайганини афсус ила қайд этган эди.
“Илмий салоҳият ҳамда иқтисодий тараққиётни таъмин этишда бир неча хорижий тил сув билан ҳаводек зарур эканини унутмаслик лозим”, – деган эди олмон дипломати ўшанда.
Германия ва Ўзбекистон таълим, шу жумладан, олмон тилини ўқитиш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Германия Ташқи ишлар вазирлигининг “Мактаблар: келажак ҳамкорлари” ташаббуси доирасида Хориждаги мактаблар бўйича марказий бошқарма олмон тилини чуқурлаштирган ҳолда ўқитиш бўйича 7 та мактаб ва лицейга кўмак беради. Шунингдек, Гёте институти ва 13 та мактаб-лицей ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган.
Мактаблараро алмашув дастурлари ҳам мавжуд. Бу борада Бонн ва Бухоро, Гиссен ва Урганч ўртасидаги ўқувчилар алмашув дастурларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий университети ҳамда Мюнстер университети германистика бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Қолаверса, Гёте институти ўзбекистонлик ўқитувчилар малакасини ошириши ҳамда ўқувчилар олмон тили бўйича билимини чуқурлаштириш учун ҳар йили 50 дан ошиқ стипендия тақдим этади. Германия педагогик алмашувлар хизмати ҳам олмон тили муаллимлари учун малака ошириш курслари уюштиради.
Собир Салим