Халқаро майдонда исломофобияга қарши курашни кучайтириш, муқаддас динни ёмонотлиқ қилиш йўлидаги уринишларни тўхтатиш лозим. Trend агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Озарбойжон Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедёров 18 октябрь куни Тошкентда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашида баёнот берди.
Озарбойжон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари халқаро ҳамжамият ислом динига нисбатан янглиш тушунчалар илдиз отишига қарши керакли чора-тадбирлар кўра олмаётганидан таассуфда эканини билдирди.
“Биз бундай ҳолатга барҳам бериш йўлида барча чора-тадбирларни кўришимиз лозим. Бу жиҳатдан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўраётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз ва барча мамлакатларни бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга даъват этамиз”, – деди Озарбойжон Ташқи ишлар вазири.
Қайд этилишича, ҳарбий зиддиятлар, террорчилик ҳаракатлари, миграция инқирози, қалтис гуманитар вазият ҳамда ислом дини хусусида хато қарашнинг тарқалаётгани дунё тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид бўлиб турибди. Афсуски, мазкур муаммолардан Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо аксар давлатлар азият чекмоқда.
Элмар Мамедёровга кўра, экстремизм ва терроризм ислом дини ва мусулмонлардан асоссиз шубҳаланишнинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш учун эса мавжуд зиддиятларни бартараф этиш йўлларини қидирмоқ лозим.
Озарбойжон Ташқи ишлар вазири ўз нутқида Тоғли Қорабоғ зиддиятида расмий Боку томонида тургани учун Ислом ҳамкорлик ташкилотига ўз миннатдорлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси Тошкентдаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтди. Сессияда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари, ташкилотнинг ёрдамчи ва махсус муассасалари раҳбарлари, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Швейцария, Италиянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби қатор тузилмалар вакиллари иштирок этди. Халқаро машваратнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Анжуман якунида Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг амалдаги раиси Кувайт Давлати ўз раислик ваколатини Ўзбекистонга топширди. Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017 йилдаги навбатдаги сессиясига қадар Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилади.