Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ташаббуси билан ёш озарбайжон шоири Фуад Жаъфарлининг “Қайғу сурати” (Kədərin şəkli) деб номланган шеърий тўплами ўзбек тилида чоп этилди. Шеърлар Шоҳиста Комронли томонидан таржима қилинган. Бу ҳақда Озарбайжон давлат ахборот агентлиги хабар беради.
Китобга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид сўзбоши ёзган. Муаллиф дебочада озарбайжон шеъриятининг ёш намояндаларидан бири Фуад Жаъфарлининг ўзига хос ижодий услуби борлигини таъкидлаб, унинг ўзбек тилида илк бор нашр этилган назмий китоби адабиёшунослар ва шеърият ихлосмандлари томонидан қизиқиш билан кутиб олинишига ишонч билдирган.
Шоир Фуад Жаъфарли аввалроқ “Modern.az” нашрига берган интервьюсида ўзбек китобхонлари билан ғойибона учрашувни интиқлик билан кутаётганини маълум қилган эди.
“Ўзбек адабий муҳити, ўзбек китобхони билан учрашувимиз барчамиз учун қизиқарли бўлади, деб ўйлайман. Тўғри, шеърларим аввал ҳам ўзбек тилига ўгирилган. Энди адабий алоқаларимиз янги босқичга чиқишига ишончим комил”, – деган ёш шоир.
Хабарларга кўра, янги таржима нашр Ўзбекистон кутубхоналарига совға қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Фуад Жаъфарли Озарбайжон президенти томонидан стипендия билан тақдирланган. У Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси Ёшлар кенгаши аъзоси, Бутунжаҳон ёш турк ёзувчилари иттифоқи маслаҳатчисидир. Ёш қалашкашнинг шеърлари турк, инглиз, рус, испан, форс тилларига ҳам таржима қилинган.