Озарбайжон: қаҳрамонлар унутилмайди

27 сентябрь куни Озарбайжонда мамлакат ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети, ватан тупроқларини ҳимоя қилиш йўлида шаҳид кетган ҳарбий хизматчилар ёдга олинди. Мамлакат президенти Илҳом Алиевнинг 2020 йил 2 декабрдаги фармойишига биноан мазкур сана Хотира куни деб эълон қилинган.

“44 кунлик Ватан уруши –  бизнинг шонли тарихимиз. Барча кучларни сафарбар этган ва ягона муштга айланган Озарбайжон халқи душманни она тупроқларидан ҳайдади. Бутун Озарбайжон халқи бирлик ва ирода намунасини кўрсатди”, – деди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 27 сентябрь куни Фузулий туманидаги чиқишида.

Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги шу муносабат билан тарқатган баёнотда бундан икки йил аввал 44 кунлик Ватан уруши давомида мамлакат Қуролли кучлари ишғол остидаги ҳудудларни озод қилиб, ҳудудий яхлитликни тиклагани, халқаро адолатни барқарор этгани таъкидланади.

“Сўнгги икки йил давомида Озарбайжон озод этилган ҳудудларни тиклаш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда, жумладан, йирик инфраструктура лойиҳалари рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу заминда ҳаётни қайта тиклаш, туғилган маконидан мажбуран кўчиб кетган бир миллионга яқин аҳолини хавфсиз қайтаришга қаратилган мақсадли чоралар кўрилмоқда. 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама битимга кўра Озарбайжон минтақада тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича керакли чора-тадбирларни амалга оширади”, – дейилади баёнотда.

Расмий Боку яна бир карра Ереванни тинчлик йўлидаги битим борасида амалий ҳаракатга ундаган.

Хотира куни муносабати билан Озарбайжон бўйлаб турли тадбирлар ўтказилди. Жумладан, маҳаллий вақт билан соат 12:00 да бир дақиқа сукут сақланиб, қаҳрамонлар ёдга олинди, улар ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон қуролли кучлари 2020 йил 27 сентябрь куни бошлаган 44 кунлик муҳораба якунида Қорабоғдаги халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра ўзига тегишли бўлган ҳудудларни ўз тасарруфига қайтарган.