— Ой Қуёш системасида кейинги 4 млрд. йилдан кўпроқ вақт мобайнида юз берган воқеалар изини сақловчи ноёб «музей»дир, — дейди Москва давлат университети Ой ва сайёраларни тадқиқ этиш бўлими раҳбари В.Шевченко. — Масалан, бирор нарсанинг келиб урилиши натижасида пайдо бўлган Қуёш системасидаги энг йирик (диаметри 3 минг километр) ҳосила ҳам айнан Ойдадир. Унинг қандай юзага келгани ҳозиргача жумбоқ бўлиб қолмоқда. Ой қутбларидаги музлар таркибида кометаларга хос кимёвий бирикмалар топилган. «Луна-Глоб» ва «Луна-Ресурс» аппаратлари ўзга сайёраларга хос шундай моддаларни ҳам аниқлаб, фан равнақи учун бебаҳо жумбоқларни очиши мумкин, деб тахмин қилинмоқда.
Амалий жиҳатдан эса, Ойга фазодаги яқин энергия базаси сифатида қараш мақсадга мувофиқдир. У ерда гелиоэнергетикани ривожлантириш учун жуда қулай шароит мавжуд. Шунингдек, Ой юзасида қуриладиган энергетика тизимлари қуёш энергиясини тўплаб, юқори тўлқинли нур таратгичлар ёрдамида Ерга узатиши ва бундай янги тизимлар 2050 йилга келиб электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг анчагина қисмини қоплаши мумкин. Шу билан бирга радиоактив чиқитлари экологик жиҳатдан ниҳоятда зарарли ҳисобланган атом энергетика қурилмаларини ҳам Ойда жойлаштирса бўлади. Ниҳоят, кремний, темир, алюминий ва титанга бойлиги туфайли Ой инсониятнинг фазодан фойдаланиш сари дадил қадам қўйишида муҳим рол ўйнаши мумкин. Эртами-кечми Ер орбитасида ҳаракатланувчи йирик фазовий станциялар пайдо бўлади. Уларга зарур юкларни Ердан кўра Ойдан етказиб бериш энергия сарфи нуқтаи назаридан ҳам, экологияга камроқ зарар етказиш жиҳатидан ҳам қулайроқдир.
Негаки, Ойга нисбатан Ернинг тортиш кучи ниҳоятда катта. Масалан, Марсга учириладиган фазовий кемаларни Ойда йиғиш ва коинотга учириш ўнғай. Ой сатҳида топилган сувдан водород ёнилғиси олиш мумкин. Айрим олимлар зарарли ишлаб чиқаришларни Ойга кўчириб, тайёр маҳсулотни Ерга жўнатишни таклиф этишмоқда. Бу дастлаб қиммат тушиши мумкин. Бироқ вақт-соати билан бундай корхоналар даромад беради. Бугун нафақат америкалигу европаликлар, ҳиндлар ва хитойликларнинг ҳам Ойга интилаётгани сабаби шу билан изоҳланади.
— Бу йил Хитойда 10 гигаваттга тенг қуёш энергияси ҳосил қилиш кўзда тутилмоқда. 2015 йилга бориб эса мамлакат йилига 35 гигаватт энергия ҳосил қиладиган қувватларни ишга туширишни мўлжалламоқда. Бундан ташқари, бу йил Хитойда умумий қуввати 34,1 гигаватт қуёш электр станциялари ишлаб чиқарилади. Бу ўтган йили ишлаб чиқарилган шундай қурилмалардан 14 фоиз кўп бўлиб, улар биргаликда 8 та АЭС берадиган энергияга тенг миқдорда электр қуввати ҳосил қилади.
Қуёш батареяларига эҳтиёжнинг бу даражада ортишига ўтган йили уларнинг нархи 20 фоиз арзонлашгани ҳам омил бўлмоқда. 2012 йили Франция ва Италияда қуёш энергияси ҳосил қилувчи қурилмалар ишлаб чиқарувчиларга берилаётган субсидиялар (ёрдам пуллари) қисқаргани боис соҳада ўсиш суръатлари 4,4 фоизни ташкил этган, холос.
Ҳозир атмосферага зарарли ис газларини чиқариш ҳажми бўйича Хитой жаҳонда энг юқори ўринда туради. Шунинг учун ҳам ҳукумат қуёш энергиясидан фойдаланишга зўр бермоқда. Айни чоғда, мамлакатнинг қўшимча энергия манбаларига, биринчи навбатда, хориждан олинадиган нефт-газга эҳтиёжи катта. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 2015 йили фойдаланиладиган нефтнинг 61 фоизи хориждан олинди. Ҳозир бу кўрсаткич 56 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, Хитой дунёдаги энг кўп нефт импорт қиладиган мамлакатга айланган.
— Энг самарали ядровий реактор. Интернет хабарларида айтилишича, жаҳонни 72 йил энергия билан таъминлай оладиган ядро реактори яратилган. MIT олимлари ядровий чиқитларни буткул йўқотадиган усул билан бирга, заҳри қотил детритни қайта ишлаб, тоза электр энергияга айлантирадиган тизимни ҳам кашф этишган. Бу усулда қайта ишланадиган чиқитлар инсониятни 2083 йилгача энергия билан таъминлаши мумкин экан.
Ядро энергияси ҳосил қилишнинг мавжуд усуллари жуда самарасиз бўлиб, тўрт йил мобайнида ядро материалининг атиги 3 фоизидан фойдаланилади. Қолгани эса зарарли ядровий «чиқит»га айланади. Эндиликда кашф этилган янги усул бу чиқитларни ҳам энергияга айлантириш имконини беради. Янги тизим енгил сувли реакторларнинг уранли ва торийли чиқитларида ҳам ишлай олади. Бундай реакторлар энергияси олинган чиқитларни 98 фоизигача қайта ишлайди. Боз устига, чиқитларнинг радиоактивлиги минг йилдан юз йилга қадар қисқарар экан.
Ҳисоб-китобларга кўра, 500 мегаваттли шундай реактор қуриш учун 1,5 миллиард доллар маблағ зарур. Westinghouse компаниясининг 1000 мегаватт электр энергия берадиган енгил сувли реакторларини қуриш эса 7 миллиард долларга тушади.
— Арктика музликларида тош қотган туя. Канада табиат музейи тадқиқотчилари Арктикадаги Элcмир оролидан топган туянинг орқа оёғига тегишли 30 га яқин cуяк, палеонтологларнинг айтишича, мазкур кенгликларда 3,5 млн. йил аввал яшаган улкан жониворга тегишли экан. Бу давр Ер тарихидаги энг иccиқ даврлардан ҳиcобланиб, ҳарорат cайёра бўйича ҳозиргидан 2-3 даража, Арктикада эcа Целcий бўйича 14-22 даража юқори бўлган. Олимлар, шунингдек, Элcмир оролидан бўрcиқ, кийик, cув қундузи ва от қолдиқларини ҳам топишган. Арктика туяcи ҳозирги туяларга қараганда 30 фоизча йирик, яғрини эcа ердан 2,7 метр баланд бўлган. Палеонтологларнинг фикрича, қадимги туялар ҳозирги туяларга ўхшаган, бироқ жунининг қалинлиги билан фарқ қилган.
— Беш километрли метеорит кратери. Америкалик геофизиклар Айова штати ҳудудида аниқлаган бу кратер, АҚШ Геология хизмати тахминича, 470 млн. йил аввал пайдо бўлган. Шу ҳудудда авиация ёрдамида геологик қидирув ишларини олиб борган олимлар электромагнит зондлаш ва юқори аниқликдаги гравиметрия йўли билан минералларнинг электр ўтказувчанлиги ва зичлиги ҳақида зарур маълумотлар олишди. Натижада Декор шаҳри атрофидаги диаметри 5,5 километрли кратер уcтига чўккан cўнгги қатламларнинг қуйи таркиби аниқланди. Шу жойда қудуқ қазиб кўрилганда cланцнинг бошқа бирон жойда учрамайдиган ранг-баранг турлари топилган. Бундан ташқари, геологлар метеоритнинг Ерга урилиш зарбидан ҳоcил бўлган кварцларни ҳам топишга муваффақ бўлишди. Кратер чуқурлиги бир неча юз метрни ташкил этади.